Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:11

Ҳукумат журналистнинг уйини олиб қўймоқчи


Қозоғистон ҳукумати мамлакатнинг Жамбил вилоятидаги маҳаллий газеталарнинг бирида бош муҳаррир бўлиб ишлаган журналистни давлат томонидан берилган турар жойидан маҳрум қилмоқда.

Журналист Дмитрий Иванов бундан уч йил муқаддам ўзидан ташқари яна учта ҳамкасби давлат томонидан бюджет асосида бериладиган квартирага эга бўлганини билдирди.

“У журналистлар турли хусусий газета ходимлари эди. Мен эса бюджет ташкилотига қарашли газета бош муҳаррири бўлганман. Аслида давлат томонидан бепул квартиралар бюджет ташкилоти ходимларига берилиши керак. Энди мендан оилам билан квартирани бўшатишимни талаб қилишяпти. Жуда кўп жанжалли мақолаларни чоп этиш учун рухсат бергандим, ўшанда прокуратура ва туман ҳокимлигидан мақолалар эълон қилишда эҳтиёткор бўлишим ҳақида бир неча маротаба огоҳлантириш олгандим”,- дейди журналист.

Жамбил прокуратураси эса Д.Ивановни уйидан маҳрум қилиш сабаблари ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортмоқда.

“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш жамғармаси раҳбари Тамара Калеева бу ўринда журналистнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини таъкидлади.

“Ҳукумат, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари обрўси қандай шаклланаётгани борасида ҳеч ким ўзига савол бергиси келмаяпти. Кейин ҳукумат халқ бизни нега ҳурмат қилмайди, деб ўксинади. Ҳукумат фуқароларни ҳурмат қилмаганидан кейин улар ҳам ҳукуматга ҳурматсизлик билан ёндашади. Бундан ташқари, ҳукумат яшаб турган уйини олиб қўяётган журналист оиласида ёш бола ва ногирон ҳам борлигини инобатга олмаяпти. Бизда журналистлардан ташқари оддий аҳолининг ҳам ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда”,- дейди Тамара Калеева.

Қозоғистон журналистлари иттифоқи ҳам ҳукумат журналистларни уйидан маҳрум қилиш билан уларни айнан касбий фаолияти учун жазолаш мақсадини кўзлаганини билдирди.

“Биз маҳаллий журналистлар билан содир бўлган ушбу воқеадан хабар топгач, бош вазир, бош прокурор ва Олий судга уларни ҳимоя қилиб очиқ хат юбордик. Ҳозир улардан жавоб кутяпмиз”,- деди журналистлар иттифоқи раҳбари Сеитқози Матаев.

“Одил сўз” жамғармаси ўзининг бу йилги ҳисоботида мамлакатда журналистлар ва уларнинг яқинлари ҳаётига таҳдид қилиш, ўлдириб ёки калтаклаб кетиш, улар орқасидан кузатув ёки телефон сўзлашувлари ва электрон почталарини текшириш ҳолатлари аввалги йилларга нисбатан камайиш ўрнига икки баробар кўпайганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG