Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:31

Тожикистон Эрондан электр энергияси олмоқчи


Тожикистон қўшнилари Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегараларини аниқлаштиришда Россиядан ёрдам сўради. Россия бунга ижобий жавоб қайтаргани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, Тожикистон қўшнилари билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш учун Россиядан собиқ СССРнинг архивлардаги ҳужжатларни сўраган.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида чегараларни аниқлаштириш масаласи шу вақтгача ҳал этилмаганига тўхталиб: “Қишлоқ ва шаҳарлар ҳудудларида чегараларни аниқлаш анча муаммо туғдирмоқда. Чунки совет даврида иттифоқдош республикалар ўртасидаги чегаралар аниқлигига кам эътибор берилган. Қўшниларимиз билан делимитация ва демаркация масалаларининг асосий қисмини ҳал қилиб бўлдик. Аммо чегараларга оид зарур ҳужжатлар делимитация ва демаркация бўйича давлатлараро комиссия ихтиёрида эмас. Ҳозир чегараларни аниқлаштиришнинг энг қийин босқичи бошланган. Шунинг учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви чоғида россиялик ҳамкасбим Сергей Лавров билан шу масалада гаплашдик. Ундан чегараларни аниқлашда Москва архивида сақланаётган Совет Иттифоқи ҳужжатларидан фойдаланишга расман рухсат берилишини сўрадик”,- деди.

Матбуот анжуманида Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг кўпгина нуқталарига тўхталди.

Дастлаб у Тожикистон Олий суди раисининг Ўзбекистон томони мазкур суд биноси олдидаги портлашга алоқадор экани тўғрисидаги айбловида расмий Тошкент ҳеч қандай муносабат билдирмаганини маълум қилди.

Шундан сўнг у журналистларнинг Ўзбекистон бундан уч йил бурун Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлгандан кейин ташкилотга аъзо давлатлар учун виза тартибини бекор қилиш мажбуриятини олгани, аммо шу кунгача бу масала ҳал этилмагани сабаблари ҳақидаги саволига жавоб қайтарди.

“Ҳар бир мустақил давлат виза масаласини ўзи ҳал этиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун бу ўринда Ўзбекистонга бирор даъвомиз йўқ. Аммо масаланинг бошқа томони - ҳаммамиз бир иттифоқда яшаганмиз, бизнинг қариндош-уруғчилик, иқтисодий алоқаларимиз мавжуд эди. Бу масалани ҳал этишда қўшни давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси зарур. Биз оддий халқнинг борди-келдисини осонлаштириш ниятида виза тартиби бекор қилиниши ёки соддалаштирилишни истардик. Бу борада ҳам музокаралар давом этмоқда. Аммо ҳозирча қувонса арзигулик маълумотлар йўқ”,- деди Ҳамрохон Зарифий.

Ҳ.Зарифий асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлган Зарафшон ва Вахш дарёлари устида қурилиши режалаштирилган ГЭСлар каскади ва бу борада Ўзбекистон билан юзага келган келишмовчиликларга барҳам берилганини маълум қилди.

“Ўзбекистон Зарафшон ГЭСнинг ўз иқтисодиёти ва экологиясига салбий таъсири йўқлиги хорижий экспертлар томонидан тасдиқлансагина бу қурилишга тўсқинлик қилмаслигини билдирганди. Куни-кеча германиялик экспертлар бу лойиҳа юзасидан ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Унда Зарафшон ГЭС қўшнилар учун зарарсизлиги, аксинча у минтақани арзон электр энергияси билан таъминлаши айтилган. Энди ҳар қандай эътирозлардан қатъи назар, Зарафшон ГЭС қурилишига оид тадбирлар бошланади”,- деди Ҳ.Зарифий.

У 29 июль куни Эронга расмий сафарга ҳозирланаётгани, имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар орасида Эрон-Афғонистон–Тожикистон электр узатиш линияси қурилишига оид лойиҳа шартномаси ҳам борлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ва Туркманистон табиий газ нархини тобора оширмоқда. Бу эса биз учун бир қатор иқтисодий муаммолар яратади. Вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Афғонистон орқали Эрондан электр сотиб олишдир. Биз ёз мавсумида Эронга ортиқча электр қувватини сотамиз, эвазига қиш мавсумида зарур электр қувватини арзон нархда оламиз. Шунинг учун бу электр узатиш линиясини қуриш бизга жуда фойдали”,- деди Ҳ.Зарифий.
XS
SM
MD
LG