Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:44

Ўзбекистон Қирғизистонни айблади


Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев ҳукуматнинг расмий нашри бўлган “Правда Востока” газетаси орқали Қирғизистонни ўз муаммоларини қўшни давлатлар ҳисобига ҳал этишга уринаётганликда айблади.

Мақолада айтилишича, Ўзбекистон ўз эҳтиёжи учун керак бўлган сувнинг 85 фоизини Қирғизистондан олади. Бироқ Қирғизистон ўз ёнилғи-энергетик муаммоларини ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни сув билан таъминловчи Тўқтўғул сув омборини энергетик тартибга ўтказган. Бунинг оқибатида эса қўшни давлатлар сувсиз қолаётир.

Ўзбекистон расмийси фикрича, Қирғизистон минтақанинг умумий бойлиги ҳисобланган сув захирасидан қўшнилари манфаатини ҳисобга олмай, ўзи хоҳлаган тарзда фойдаланишга ҳақли эмас.

Тошкентдаги Сув муаммолари институти профессори Эрназар Маҳмудов бу нуқтаи назарни тўғри ҳисоблайди.

“Мавжуд йирик сув омборлари энергетик режимда ишлагандан кейин суғорма деҳқончиликка мўлжалланган ерларга ўз салбий таъсирини ўтказяпти. Мана шу сувда қандайдир улушимиз бор. Бу тарихан шундай шаклланиб келган. Шу сувни олиб аҳоли ҳаëт кечирган, деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳозир ўзимнинг сувим, деган нарса йўқ. Минтақада шаклланган сувнинг ҳаммаси ҳамма давлатларники. Бу сувлар бирон бир давлатники эмас”,- деди Эрназар Маҳмудов.

Бироқ қирғиз томонининг бу муаммога муносабати тамоман бошқачадир. Бишкек расмийлари Қирғизистон минтақа давлатларини сув билан таъминлаш жараёнида йилига 150 миллон доллар зиён кўраётганини, бу зиён сув омборларига сув тўплаш, хизматчиларга тўланадиган ойлик маош, ҳар йили сув остида қолиб кетадиган 28 минг гектар ердан олинмай қоладиган ҳосил ва сув омборларини таъмирлаш харажатларини ўз ичига олишини айтаётир. Шу муносабат билан Бишкек икки таклиф киритмоқда. Биринчиси, бу харажатнинг бир қисмини қўшни давлатлар тўлаши лозим ёки бунга муқобил иккинчи таклиф - Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонни арзон нархда газ, мазут ва кўмир билан таъминлаши керак. Бу ҳолда Қирғизистон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини озайтириб, қўшни давлатларга исталган миқдорда сув бериши мумкин. Бишкекда ўтган бир қатор учрашувлар давомида Тожикистон ва Қозоғистон Қирғизистон таклиф этган шартномани имзолашга тайёр эканини билдирди, аммо расмий Тошкент бундан бош тортди. Натижада қирғиз ҳукумати Ўзбекистонга бериладиган сувни беркитиб, унинг ўрнига электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ўтди.

Бу масалада гапирар экан, тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев: “Масалан, қиш пайтида газ беришда Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажара олмай қолди. Қирғизистондаги сув омборларини таъмирлашга Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшмади. Шу сабабли келишмовчиликлар кўпайиб кетди. Тўртта мамлакат ўзаро келишгандай бўлди, Ўзбекистон эса бунга қўшилмади. Шу сабабли Қирғизистон сувни камайтиришга аҳд қилди. Чунки у бу борада олдиндан огоҳлантириб келган эди. Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан келишиб шартномага қўл қўйишга мажбур бўлади. Бошқа иложи йўқ”,- деди.

Бишкек расмийлари ҳам сувсизлик муаммосига йўлиққан Тошкент охир-оқибат Қирғизистон таклиф этган шартномани имзолашга мажбур бўлади, дея умид қилмоқда. Бунга доимо қўшни давлатлар сиёсатига ён босиб келган Бишкек ҳукуматининг бу йилги қатъий баёнотлари ҳам далил бўла олади. Қирғизистон ҳукумати токи Тошкент Қозоғистон ва Тожикистон билан бир қаторда минтақавий шартномани имзоламас экан, қўшни давлатларга бир қултум ҳам сув берилмаслигини эълон қилган. Ўтган олти ой мобайнида расмий Бишкек бу аҳдидан воз кечгани йўқ.

Қозоғистон вазиятдан чиқиш мақсадида Қирғизистондан 4 миллион долларлик электр энергияси сотиб олишга қарор қилган. Бу электр энергиясини ишлаб чиқариш учун Қирғизистон ўз омборларидан қўшимча сув чиқаришга мажбур бўлади. Қозоқ ҳукумати Ўзбекистон орқали бу сувни ўз далаларига етказиш тўғрисида Тошкент билан келишган эди. Бироқ расмий Остона баёнотига кўра, 4 миллион доллар эвазига Қирғизистондан сотиб олинган сув қозоқ далаларига етиб бормаётир. Унинг бир қисмини Ўзбекистон, яна бир қисмини эса Тожикистон ўзлаштириб олаётир.

Шундан келиб чиқиб, Қозоғистон ҳукумати ўтган ҳафтада Ўзбекистонга расмий мактуб жўнатган эди. Бу мактубда агар Ўзбекистон келишилганидай сувни Қозоғистонга транзит қилмаса, Остона Қирғизистондан электр энергияси сотиб олишини тўхтатиши, бу ҳолатда эса Қозоғистон далалари билан бир қаторда Ўзбекистон далалари ҳам мутлақо сувсиз қолишини билдирган эди.

Ўзбекистон ҳукумати расмийсининг “Правда Востока” газетасида расмий Бишкекни айблаган мақоласи Остонанинг ана шу огоҳлантирувидан сўнг пайдо бўлди.

Айтиб жоизки, маълумотларга кўра, Қирғизистон Марказий Осиё давлатларига йилига 7 миллиард куб метр сув берар эди. Бу сувнинг 4 миллиард куб метри Ўзбекистон далаларини суғориш учун ишлатилади.
XS
SM
MD
LG