Линклар

logo-print

Ўзбеклар яна ўксинганича қолди


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб мамлакатга келган Тожикистон фуқаролари 30 кун давомида миграция органларида рўйхатдан ўтмай юриши мумкинлигини маълум қилди.

Бундан аввал эса Қозоғистон Қирғизистон фуқаролари учун бу муддатни 90 кун этиб белгилаганди. Қозоғистонга келган ўзбекистонликларнинг рўйхатдан ўтмай юриш муддати эса ўзгаришсиз, 5 кунлигича қолмоқда.

Қозоғистон ИИВ миграция полицияси бошқармаси бўлим бошлиғи Серик Саиновнинг айтишича, тожикистонлик ва қирғизистонликларнинг Қозоғистон ҳудудида узоқ муддат миграция органларидан рўйхатдан ўтмай юриш таклифи президент Эмомали Раҳмон ва Қурманбек Бақиевнинг Қозоғистонга расмий ташрифи давомида илгари сурилган. Ўзбекистон эса ўз фуқаролари учун бундай таклиф билан мурожаат этмаган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходимининг ҳам расмий Тошкентнинг Остонага бу борадаги таклифи эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоби қисқа бўлди: “Ҳозирги пайтда ҳеч нарса дея олмайман”.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистонда ишлаётган аксар меҳнат муҳожирларини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилмоқда ва кўп ҳолларда Қозоғистонга иш излаб келган ўзбекистонликлар қўшни давлат ҳудудида рўйхатдан ўтмай, ноқонуний юриб, ишлашга мажбур.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик мардикорлар Қозоғистонда рўйхатдан ўтмай юриш муддати узайтирилиши ўзлари учун жуда катта имконият беришини билдирди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса расмий Тошкентнинг Қозоғистонга бундай таклиф билан мурожаат этиши ўзида ишсизлик муаммоси мавжудлигини тан олиш билан баробар эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукумати мақтаниб, иқтисоди гуллаб-яшнаётгани, иқтисодий ўсиш бошқа мамлакатларга қараганда жуда юқори эканини айтиб келади. Ўсиш суръатлари юқори бўлса, мамлакатда ишсизлик бўлмаслиги керак. Ўзбекистон мамлакатда ишсизлик борлигини, миллионлаб ўзбеклар чет элларда иш излаб юрганини тан олгиси келмайди. Қозоғистонда ршйхатдан ўтмай юриш муддати Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун узоқроқ, ўзбекистонлар учун қисқа белгилангани Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари тақдиридан мутлақо қайғурмаслигидан далолат беради”,- деди Тошпўлат Йўлдошев.

Кузатувчилар Қозоғистонга иш излаб келаётган Ўзбекистон фуқаролари сони камаймаётгани, улар қўшни давлатда ноқонуний юриб, аксар ҳолларда юртига бадарға қилинаётганини таъкидламоқда. Бу ҳолат кейинчалик Ўзбекистондаги ишсизлик туфайли аҳоли орасида норозилар сонини кўпайтириб юбориши мумкин. Ўзбекистон ўз фуқароларининг қўшни давлат ҳудудида узоқ вақт рўйхатдан ўтмай юриши ҳақида Қозоғистонга таклиф киритса, бу мамлакат ичидаги турли норозилик кайфиятини бартараф этишга ёрдам бериши мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG