Линклар

Тожикистон қишдан омон чиқишда Эронга суянмоқчи

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон ва Туркманистон билан табиий газ ҳамда электр энергияси нархи борасида келиша олмаётган Тожикистон иқтисодий-ижтимоий тангликдан чиқиш ниятида Эрон билан электр олди-бердисини йўлга қўймоқчи.

Бу ҳақда Эронга сафарга отланган Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий маълум қилди. У Эрон, Афғонистон ва Тожикистон ҳудудларидан ўтувчи электр узатиш линияси тожикистонликларни қиш қаҳратонидан қутқариш билан бир қаторда мамлакат иқтисодиёти учун ҳам ўта муҳимлигини билдирди.

“Табиий газ нархининг ошиб кетиши сабабли Ўзбекистон ва Туркманистон билан музокараларимиз оғир кечмоқда. Агар газ нархи ошиши шу тариқа давом этаверса, табиийки, электр қуввати нархи ҳам ошади. Вазиятдан чиқиш мақсадида Машҳад-Ҳирот-Мозори шариф-Қўрғонтепа электр узатиш линияси қурилишига оид лойиҳа юзасидан музокаралар давом этмоқда. Агар бу лойиҳа амалга оширилса, ёз мавсумида биз ортиқча электр энергиясини Эронга сотамиз. Қишда эса Эрондаги иситиш марказлари фаол бўлиб электр қувватига унчалик эҳтиёж қолмаслиги сабабли биз у ёқдан арзон электр қуввати сотиб олишимиз мумкин”,- деди Ҳамрохон Зарифий.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати вакили Рашид Гуловнинг айтишича, Эроннинг “Тавонур” ширкати қуриши кўзда тутилган бу электр узатиш линияси йилига 1000 мегаватт ёки 9 миллион киловатт соат электр қуввати етказиб бериш қувватига эга бўлади.

“Айни пайтда Эроннинг “Мусонур” ширкати лойиҳанинг техник жиҳатларини ўрганмоқда. Лойиҳа техник асослаб берилгандан сўнг Эроннинг “Тавонур” ширкати билан бу лойиҳанинг амалга оширилишига доир шартнома ҳам имзоланади”,- деди Р.Гулов.

Бундан бир неча кун илгари Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гул бу йил қиш аввалгиларидан ҳам оғирроқ келиши мумкинлигини, чунки Норак сув омборида сув сатҳи етарли бўлмагани сабабли мамлакатда электр ишлаб чиқариш тобора камаяётганини билдирган эди. Шунинг учун ҳам у электр қувватига чеклов бу йил ҳар йилгига нисбатан олдинроқ, яъни сентябрь ойи бошларидан амалга оширилишини айтганди.

Ҳукумат мулозимлари тилидан айтилган бу маълумотлар ва тобора яқинлашиб келаётган қиш тожикистонликларда хавотир уйғотаётир. Улар эса ҳукуматга умид қилмай, топганини омборларга ғамлаш билан овора.

Аммо Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бу қийинчиликлар вақтинчалик экани ва келгуси 3-4 йил мобайнида Сангтўда бир ва икки ҳамда Роғун ГЭСлари қуриб битирилгач, мамлакатда йилига 34 миллиард киловатт соат электр қуввати ишлаб чиқилишини таъкидлайди. Давлат раҳбари мамлакат эҳтиёжи учун шу миқдор электр қувватининг 24 миллиард киловатти етарли эканини ва ортиқчаси экспорт қилинишига ваъда бериб келади.

Бироқ кузатувчилар ваъда ваъдалигича қолиб кетиши мумкинлиги, бу режалар амалга ошиши ҳукумат раҳбарларининг сиёсий иродасию хорижий сармоядорларнинг бу ҳукуматга ишончида эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG