Линклар

Ён босаётган фақат Европа Иттифоқи

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:rIQ7PqBpxT_z7M:http://www.deleri.ec.europa.eu/eu_Img.jpg Душанба ва сешанба кунлари Тошкентда Европа Иттифоқининг нуфузли делегацияси Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.

ЕИ давлатларининг Марказий Осиёдаги элчилари учрашуви баҳонасида Тошкентга сафар қилган Франция Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари, Европа масалалари бўйича давлат котиби Жан-Пьер Жуйе бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан бошқа масалалар қаторида инсон ҳуқуқлари вазияти, хусусан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакилининг мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳамда қамоқда қолаётган сиёсий маҳбуслар масаласига ҳам қисқача тўхталган.

ЕИ делегацияси Ўзбекистон расмийлари билан учрашувда, аввало, Европа Кенгаши апрель ойида Тошкентга қарши жорий этилган санкцияларни вақтинча тўхтатиш чорасини узайтиришга оид қарорида белгиланган шартларни муҳокама қилди.

Хусусан, Европа Кенгаши хулосаларида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ўзгариши қараб, санкцияларнинг кейинги тақдири ҳал этилиши айтилган.

Апрель ойидан бери Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилашга уриниш ёхуд намойиш этиш ўлароқ, Брюсселнинг сиёсий махбуслар рўйхатидаги ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевани озод қилди, “инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги ва мамлакатни янада демократлаштириш” мавзуларига бағишлангани айтилган тадбирлар ўтказди. Лекин бу билан бирга Тошкент ҳукумати озод этилган бир ҳуқуқ ҳимоячисининг ўрнига иккитасини - Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновни ҳибсга олди.

Бу ҳам етмагандай, ЕИ Ўзбекистон ҳукуматидан рўйхатга олишни сўраб келаётган ҲРУ ташкилоти вакилига аккредитация берилмади ва мамлакатдан чиқариб юборилди.

Франция давлат котиби етакчилигидаги делегация сафида бўлган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел душанба куни “Озодлик” билан қисқача суҳбатида бу масалалар Ўзбекистон расмийлари билан учрашувда кўтарилишини таъкидлаган эди.

“Мен ҳозир Тошкентдаман, Ўзбекистон расмийлари билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Ҳозир тафсилотларни ошкор қила олмайман. Сўнгги воқеалардан хабаримиз бор, албатта. Бу масала устида ҳам ишламоқдамиз. Ҳозир бошқа ҳеч нарса дея олмайман. Маслаҳатлашувлар икки кун давом этади, бироз сабр қилсангиз, учрашув якунланганида кўпроқ маълумот бера оламан”,- деган Пьер Морел чоршанба куни саволга жавоб олиш учун ЕИга раислик қилаётган Франция Ташқи ишлар вазирлиги ёхуд делегацияга етакчилик қилган Жан-Пьер Жуйега мурожаат қилишни маслаҳат бериш билан кифояланди.

Франция ТИВнинг ўз исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган дипломатлардан бири эса жаноб Жуйе Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов, унинг ўринбосари Илҳом Неъматов ҳамда Олий Мажлис Сенати раиси Илгизар Собиров билан учрашганини маълум қилди.

“ҲРУ ва ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларига оид масалалар вазир Норов ва бошқа учрашувларда кўтарилди,- деди Франция ТИВдаги манба. - Шунингдек, жаноб Жуйе ЕИ Ўзбекистон ҳукуматидан апрель ойидаги резолюцияда кўрсатилган шартлар бўйича қадамлар қўйишини кутаётганини ҳам эслатди”.

Унинг айтишича, бу учрашувларда бевосита санкциялар масаласига тўхталгани йўқ.

Маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти таҳлилчиси Жон МакЛеод ЕИнинг Ўзбекистон билан бошлаган иснон ҳуқуқларига оид мулоқоти самара бермаётгани, чунки бу мулоқотда фақатгина бир томон, у ҳам бўлса Европа ён босаётгани, Тошкент ҳукумати эса бундан фойдаланаётганини таъкидлади.

“Менимча, ЕИ ўзини қийин аҳволга солиб қўйганга ўхшайди. Улар Тошкент билан мулоқот бошлаш олдга ташланган қадам бўлишига ишонганди. Бу Европанинг Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияснинг бир қисми эди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати билан бундай стратегия самара бермаяпти. Чунки Тошкентнинг унга қўйилаётган талабларнинг асосийларини бажариш истаги йўқ. Бошланган мулоқот Ўзбекистон ҳукумати учун шунчаки гап бўлиб қолмоқда. Бу мулоқотда ён босаётган эса фақат ЕИ бўлиб қолмоқда ва менимча, бу жараён шундай давом этаверади”,- деди таҳлилчи.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида айтилишича, жаноб Жуйе яқинда қамоқдан чиққан ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева билан ҳам учрашиб, соғлиғини тиклаш ҳамда у сазовор бўлган Мартин Энналс халқаро мукофотини топшириш маросимида қатнаша олишига кўмак беришни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG