Линклар

logo-print

“Ҳолва” деявериб оғизлар кўпирди, лекин чучимади


МДҲ Статистика қўмитаси Ҳамдўстликдаги мамлакатларда иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Бироқ унда Ўзбекистондаги иш ҳақига оид маълумотлар йўқ.

Қўмита хабарида айтилишича, 2008 йилда МДҲ аъзолари орасида энг кўп иш ҳақи Россияда қайд этилган. Бу ерда ойлик миқдори ўртача 718 долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қозоғистонда ўртача 485, Беларусда 396, Украинада 356, Озарбойжонда 317, Арманистонда 293, Қирғизистонда 137, Тожикистонда 63 долларни ташкил этади.

Бу рўйхатдан Ўзбекистон жой олмаган. Чунки МДҲ Статистика қўмитаси Ўзбекистон ҳақида маълумотларга эга эмас. Бироқ расмий Тошкентга ишонилса, Ўзбекистонни Арманистондан кейинги ва Қирғизистондан олдинги 7-ўринга қўйиш мумкин. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йили “жорий йил охирига бориб республикада ўртача иш ҳақи миқдори 200 доллар даражасига етиши кутилаётгани”ни билдирган эди. Жорий йил февралида эса у Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида 2007 йил декабрда мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 210 долларга етганини таъкидлаган.

Ислом Каримовнинг айтишича, мамлакат аҳолиси олаётган иш ҳақи турмуш кечириш минимумидан уч марта кўпдир. Бошқача айтганда, Ислом Каримов ўзбек халқи аллақачон фаровон турмушга етишганини эълон қилди.

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистоннинг айрим катта шаҳарларида иш ҳақи 200 доллардан ошмаслигини айтмоқда. Қишлоқлар ва кичик шаҳарлардаги вазият эса тамоман бошқача. Бу ерда қашшоқлик ҳукм сурмоқда.

“Ишлайдиган бўлсак, ойликни вақтида бермаса. Фермернинг қўлида ишлайдиган бўлсам, эрта баҳордан кеч кузгача ишлатиб бир қоп буғдой беради. У нима бўлади менга? Икки марта хамир қилиб, қолган пайтда болаларим оч ўтириши керакми?”- дейди хорижда мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонликлардан бири.

1 сентябрдан Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 18,5 доллар, энг кам нафақа миқдори эса 36 долларни ташкил этади. Аҳоли орасида ойига 200 доллар иш ҳақи олувчилардан мана шу 18-20 долларга қаноат қилиб яшашга мажбурлари кўпроқдир. Қишлоқ аҳолиси қўшни давлатларга ўтиб мардикорлик қилишга ва қўшни давлатлардаги пулнинг қадри Ўзбекистон сўмига нисбатан баландроқ эканини эътироф этишга мажбур бўлмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи 200 доллардан ошганини таъкидлаган мамлакат президенти Ислом Каримов ўзбек халқининг бунданда фаровон яшашига ваъдалар бермоқда.

“Яқин 3 йил мобайнида ишчи-хизматчиларимизнинг маошларини, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини 2-2,5 баробар кўтариш бизнинг устивор вазифамиз бўлиб қолиши шарт”,- дея эълон қилганди яқинда у.
XS
SM
MD
LG