Линклар

“Қип-қизил аҳмоқлик” кимга керак?


Security.uz сайти Ўзбекистон веб саҳифаларининг миллий домени ҳисобланган UZ доменлари ўсиши кўрсаткичи 22 фоизни ташкил этиб, умумий сони етти мингга етганини эълон қилди. Жорий йилда UZ домени билан 2200 та янги веб исм рўйхатга олинган.

Ўтган йили фаол UZ доменларнинг ўсиш миқдори 60 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистонда доменларнинг кўпайиши билан баробарида Интернетдан фойдаланувчилар сони ҳам ошиб борган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 миллион 130 минг киши Интернетдан фойдаланади. Бу мамлакат аҳолисининг 8 фоиздан кўпроғи демакдир. Ўзбекистонда Интернет хизмати кўрсатувчи қарийб 800 та ташкилот фаолият юритмоқда.

Мамлакатда Интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисми ёшлар бўлиб, уларнинг аксарияти Интернет тармоғидан электрон почта ёки чат ҳамда skype орқали ўзаро мулоқотда фойдаланади.

Ўзбекистонда жуда кам сонли шахслар Интернетга ахборот манбаи сифатида қарайди. Чунки мамлакатда ўнлаб сайтларга тўсиқ қўйилиши эркин ахборот олиш имконини чеклайди.

Яқиндан бошлаб Ўзбекистонда YouTube.com портали ҳам тўсиб қўйилди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов айни сайтнинг айрим ўзбекистонлик эркин фикрли шахслар минбарига айланаётгани ва бунинг Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаслиги унинг тўсиб қўйилишига сабаб бўлганини билдирди.

“Мухолиф, ҳукуматга қарши бўлган фикрлар ëки ҳукуматни танқид қилувчи роликлар пайдо бўла бошлади. Ҳатто Youtube.com га ўзининг ҳақ сўзини ëки кескин чиқишларини жойлаштиришга уринувчилар бўлди. Шундан фойдаланган ҳолда қаршилик кўрсатувчилар гуруҳи шакллана бошлагани учун ҳам ҳукумат бу сайтдан хавотирга тушди. Шунинг учун ҳам бундан бир неча ой олдин Youtube.com сайтига тўсиқ қўйилди. Тўсиқ шу қадар мустаҳкам қилинганки, унга прокси сайтлар билан ëки айланиб ўтиш орқали кириш имконияти ҳам деярли йўқ”,- деди А.Ташанов.

Айни пайтда “ferghana.ru” ва “uznews.net” сайтлари мамлакатда Интернет цензурасига қарши акция олиб бормоқда.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда аксарият сайтлар очилмайди. Шунинг учун ўтказилаëтган акцияни мен Ўзбекистондаги цензурага қарши вақтида қилинаëтган тадбирлардан бири ҳисоблайман”,- дейди “uznews.net” сайти муҳаррири Қудрат Бобожонов.

Айни акцияда иштирок этаётган ўнлаб сайтларнинг барчасига бугунги кунда Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган. Акцияга мувофиқ, ҳозир ушбу сайтлар биринчи саҳифаларига “Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган” тамғаси илинган.

Айрим Интернет нашрларга техник тақиқ қўйилиши Ўзбекистонда 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин оммавий тус олгани айтилади.

Интернет цензурасига қарши ёш блоггерлар ҳаракати фаоли курашсиз таслим бўлмасликка чақириб: “Ўзбекистонда цензура йўқлиги ОАВ тўғрисидаги қонуннинг 7-бандида айтиб ўтилган. 5-бандда ОАВ Ўзбекистонда мустақил иш олиб бориши мумкинлиги айтилган. Биринчидан, цензура борлиги учун, иккинчидан, давлат одамларни алдаëтгани учун ҳам курашиш керак. Шунинг учун Ўзбекистон ичидаги одамлар онгини шунга етказиш керак. Масалан, ëпиқ эшикни минг бор тақиллатинг, минг бор бориб жар солинг, ичидаги одамлар эшитмаса, сизга биров бу эшикни очмайди”,- деди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда Интернет цензураси йўқлиги даъво қилиб, Интернетга киришни чекланишини ҳар доим инкор қилиб келади. Президент Ислом Каримовнинг шахсан ўзи чиқишларидан бирида Интернетни бўғиш аҳмоқлик эканини таъкидлаган эди.

“Интернетни бутунлай ëпиб қўйиш - бу мутлақо аҳмоқона фикр. Буни ëпиб бўлмайди. Кимки шунга уринадиган бўлса, бу қип-қизил аҳмоқ. Бу беҳуда уриниш”,- деганди президент.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эълон қилган Интернет душманлари рўйхатидаги ўн беш давлат ичида Ўзбекистон энг ёмон ўринлардан бирини эгаллаган.
XS
SM
MD
LG