Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

Қозоғистонда диндорлар қаттиқ назоратга олинади


Куни-кеча Қозоғистон Адлия вазирлигининг кўрсатмаси билан мамлакат ҳудудидан АҚШ, Грузия, Жанубий Корея ва Япониядан келган миссионерлар юртига бадарға қилинди.

Бу ҳолатни изоҳлаган Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис, аввало, миссионерликда гумонланаётган кишиларни мамлакат ҳудудидан бадарға қилиш Адлия вазирлиги ваколатига кирмаслигини таъкидлади.

“Бу адолатли суд жараёнида миссионерликда айбланаётганларнинг айбини тасдиқлаш, уларнинг давлат манфаатларига хавфини аниқлаш имконини бермайдиган ўзбошимчаликдир. Агар улар айбсиз бадарға қилинган бўлса, биз фақат ҳуқуқсиз давлатда яшаётганимиздан афсусланамиз, холос”,- деди Е.Жовтис.

Маълум бўлишича, Қозоғистон Адлия вазирлиги сайентология черковига қарашли “Нарконон” жамғармаси раҳбарларини мамлакат ҳудудидан депортация қилиб, исломий оқимлардан бири ҳисобланмиш “Таблиғи жамоат” ҳаракатининг 22 аъзосини маъмурий жавобгарликка тортган. Бу ҳолатни изоҳлаган Қозоғистон расмийлари мазкур оқимлар юритаётган тарғиботда мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид мавжудлигини айтмоқда.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Олмаотадаги раҳбари Нинель Фокина ҳозир мамлакат ҳудудида дунёдаги барча динларга қарашли оқим ва ҳаракатлар, хусусан, ўзининг радикал ғоялари билан танилган “ҳизбчилар”, “нурчилар”, “таблиғчилар” ва “зикрчилар” кабилар ҳам етарли эканини айтади. Бироқ унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг ғояга қарши ғоя билан эмас, балки минглаб инсонлар ҳаётига таъсир этадиган механизм орқали курашаётгани охир-оқибат бундай диний ташкилотларнинг илдиз отиб, кўпайишига олиб келиши хавфини кучайтиради.

“Қачонлардир, қандайдир жамият қуриш ғояси сиёсийдир. Унга қарши сиёсий йўллар билан курашиш керак. Мафкура билан жиноий ҳуқуқ меёрларидан келиб чиқиб курашиш мавжуд радикал ғояларнинг янада кучайишига олиб келади”,- деди Н.Фокина.

Қозоғистон Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган барча диний ташкилот ва оқимлар қайта рўйхатдан ўтказилади ва бундан буён улар фаолияти қаттиқ назоратга олинади.

Кузатувчилар диний ташкилотлар устидан бундай қаттиқ назорат мамлакат ҳудудидаги оддий диндорларни ҳам четлаб ўтмаслигини тахмин қилмоқда. Олмаотада яшаётган баъзи бир ўзбек диндорлар эса ҳозирнинг ўзидаёқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кучли босим сезаётганини билдирмоқда.

“Улар қўлимизга диктафон бериб: “Агар бирор жойда террор ҳаракатлари режалаштирилаётганини билсам, албатта, ҳуқуқ-тартибот идораларини огоҳлантираман”, деган жумлани видеокамера қаршисида ўқиб беришга мажбурлашяпти”,- деди ўзбек диндорлардан бири.

Аксар кузатувчилар Қозоғистон ҳукумати ўзи юритаётган сиёсатга номақбул диний ташкилот ва оқимлар билан мамлакатдан бадарға қилиш, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш йўли орқали курашиши мумкинлигини билдирмоқда. Бироқ айни пайтда аксар диний ташкилот ва оқимларнинг глобал миқёсда фаолият юритаётгани кейинчалик Қозоғистон ҳукуматининг бундай диний ташкилотларга қарши бошлаган курашида мағлуб бўлишига олиб келишини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG