Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:21

Айний аэродроми кимга насиб этади?


Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков рус ҳарбий авиациясини Айний авиабазасига жойлаштириш режалаштирилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, Россия ҳарбий ҳаво кучларини Айний аэродромига жойлаштириш давлатлараро имзоланган шартнома асосида амалга оширилади.

Тожикистон мудофаа вазири Шерали Хайруллоев эса россиялик ҳамкасби сўзларига изоҳ бериб, бу ўринда гап аэродромни Россия ҳарбий ҳаво кучларига ижарага бериш эмас, балки ундан биргаликда фойдаланиш тўғрисида бораётганини таъкидлади.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Мартин Демпси ҳам Душанбега келиб, президент Имомали Раҳмон билан учрашувда Айний аэродромида давом этаётган таъмирлаш ишлари ва ундан фойдаланиш юзасидан фикр алмашгани хабар қилинмоқда.

Айрим ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги террорчи гуруҳларга қарши курашда айнан Айний аэродромидан фойдаланишни кўзламоқда.

Бироқ Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Айний аэродромида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмагунча, ундан фойдаланиш борасида бирор давлат билан музокаралар олиб борилмаслигини таъкидлади.

“Айний ҳарбий базасида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари давом этмоқда. Шунинг учун бирорта хорижий давлат билан Айний аэродромидан ҳарбий база сифатидан фойдаланишга доир музокара ўтказмаганмиз”,- деди у.

Шу билан бирга, Тожикистон Мудофаа вазирлигининг ўз номи ошкор бўлмаслигини сўраган офицери “Озодлик” билан суҳбатда “Айний авиабазасига Ҳиндистон ҳарбий самолётлари келиб қўнаётгани”ни маълум қилди.

Эслатиш жоизки, бундан сал аввалроқ Ҳиндистон ҳарбий тизимларига тегишли нашрлар ҳарбий базада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етаётгани ва яқин келажакда Ҳиндистон ўз ҳарбий авиациясини бу базага жойлаштириши борасида хабар тарқатган эди.

Ҳиндистоннинг Тожикистондаги элчихонаси эса оммавий ахборот воситаларининг бу хабарини шарҳлашдан бош тортиб келади.

Айтиш керакки, президент Имомали Раҳмон ҳар гал Тожикистонда Россиянинг 201-дивизиясига асосланган ҳарбий базадан бошқа ҳеч қандай хорижий давлатнинг ҳарбий базаси бўлмагани ва бўлмаслигини таъкидлаб келади.

Яна ким билсин, дейди таҳлилчилар, бюджетининг бир томони йиртиқ мамлакат учун ҳарбий базадан тушадиган маблағ ҳам ямоқ бўлса, ажабмас.

Айний аэродроми совет ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Афғонистондаги амалиётларда фойдаланилган ва 1985 йилдан буён таъмирланмаган эди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, анчадан буён Ҳиндистон томонидан тахминан 20 миллион доллар эвазига таъмирланаётган Айний базаси бир неча йирик давлатлар диққат марказида бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG