Линклар

“Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ҳокимиятдан кетиб, унинг ўрнига Гулнора Каримова ёхуд Каримов танлаган бирор шахс келадиган бўлса, халқ орасидаги яширин норозилик юзага чиқиши мумкин”.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Jane’s ахборот гуруҳининг “Ислом ичра ислом: Ўзбекистоннинг келажаги қандай?” сарлавҳали таҳлилий мақоласида айтилишича, президент И.Каримов ҳокимиятининг йиллар давомида ҳукмронлиги нафақат репрессив сиёсат, балки мамлакат зиёлилари қатламини муттасил парчалаш, сиёсий элитани ўзаро қайраш сиёсатига таянган.

“Шу тариқа устамон сиёсат юритиб келган президент Каримов, айниқса, 2007 йил декабрь ойида муваффақиятли тарзда ўтказиб олган президент сайловидан сўнг хотиржамлик билан тахтни ўз ворисига топшириши мумкин ва бу ворис унинг катта қизи Гулнора Каримова ёхуд Каримов ўзи танлаган бирор шахс бўлиши эҳтимоли катта”,- дея тахмин қилмоқда Jane’s.

2008 йил февраль ойида Гулнора Каримованинг ташқи ишлар вазирининг маданий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланганини ўз тахмини жиддий асосларидан бири қилиб олган Ғарбдаги таҳлил маркази воқеанинг бу тахлит ривожи ҳозирданоқ мамлакат сиёсий элитаси ва аҳолиси, айниқса, аёвсиз қатағонга учраётган мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда, деб ҳисобламоқда.

“Гулнора Каримова каби Европача таълим олган ва рус тилида сўзлайдиган аёлнинг Каримовдан сўнг тахтга келиши ўзбекистонликлар сабр косасини тўлдириши, қалбида жиловлаб турилган норозиликнинг юзага чиқишига сабаб бўлиши мумкин”,- дея хулоса қилинади Jane’s мақоласида.

Бу тахминда бир қадар асос бор, деб ҳисобламоқда кўпчилик таҳлилчилар.

“Яъни мамлакатда ҳукмрон репрессив сиёсатдан норозилик кучайган ва норозиларнинг асосий қисми диндорлар экани ҳам тўғри”,- дейди Россиядаги “Мемориал” ташкилоти раҳбари Виталий Пономарёв.

Бу ташкилот Ўзбекистонда қатағонга учраётган сиёсий маҳбуслар ҳисоб-китобини озми-кўпми аниқлаштиришга муваффақ бўлган ташкилотлардан бири.

“Кенг маънодаги сиёсий мотивлар билан айбланиб, қатағонга учраётган фуқароларнинг деярли 99 фоизи диндорлар ва уларнинг асосий қисми ўзларига айб қилиб қўйилган фаолиятни юритмаган. Шундай айблов қўйилган ва у ёки бу шаклда жиноий жавобгарликка тортилган фуқаролар сони бугунги ҳисоб-китобларга кўра, 15 мингдан ошади. Шу айб бўйнига қўйилиб қамалганларнинг аниқ сонини айтиш қийин, аммо бемалол айтиш мумкин, бу ўринда ҳам минглаб сиёсий маҳбуслар ҳақида гап боряпти”,- деди Виталий Пономарёв ва ҳукуматнинг қатағонидан азият чеккан минглаб одамлар ортида яна уларнинг минглаб яқинлари борлиги 1998 – 99 йиллардан бу ёғига юритган сиёсати билан мавжуд ҳукумат ўз бошига орттирган энг катта хавфдир, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистонда “қурбонлик синдроми” пайдо бўлди, дея ушбу фикрни қисман маъқуллаган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов норози қатламнинг таркибига эътибор қаратди.

“Қатағонга учраганларнинг аксарият қисми фақатгина фаол мусулмонлар. Яъни кузатишларим бўйича уларнинг экстремизмга, “Ҳизб ут-таҳрир”га ëки Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқаси йўқ. Бу шахслар 5 маҳал намоз ўқийди, Исломдаги фарз ва вожиб амалларни адо қилишга ҳаракат қилади. Айтганимдек, ҳукуматнинг экстремизмга, терроризмга қарши кураши ортида кенг маънода диндорлик даражаси билан курашиб жамиятнинг диндорлик даражасини имкон қадар пасайтириб ушлаб туришга уриниши ётибди”,- деди К.Раббимов.

Унинг таъкидлашича, диндорлар ўртасидаги норозилик Ўзбекистонда раҳбарият президент Каримов истагига кўра ўзгарса, юзага чиқиши мумкин ёки бу норозилик қандайдир радикал кучларнинг қўлида қуролга айланиш мумкин, дейиш бироз бўрттириш бўлади. Яъни Ўзбекистонда радикал ислом кайфиятида, дейиш мумкин бўлган кучларнинг ўзи йўқ, бу ҳукумат бўрттирган сиёсат натижасида пайдо қилинган қарашдир.

“Бугун Ўзбекистон ҳукумати ўзи билган ҳолдами, билмаган ҳолдами, дунë ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг асосий муаммоларидан чалғитишга ҳаракат қилиб бўрттирган ҳолда экстремизм билан курашиб келяпти. Лекин келажакда ҳақиқатдан шундай муаммо пайдо бўладиган бўлса, бу, биринчи навбатда, ҳозирги ўзбек ҳукуматининг фундаментал катта хатолари билан боғлиқ бўлиши мумкин”,- деди К.Раббимов.

Унинг сўзларига кўра, буни, албатта, Ўзбекистонда ҳукмрон режимнинг ўзи ҳам яхши англаб турибди. Шу боис ҳам бир қўли билан мусулмонларни тутиб қамаб, репрессив сиёсатни кучайтирмоқда, иккинчи қўли билан назорат остидаги диндорларни оталиққа олиб, ўзини исломпарвар қилиб кўрсатишга уринмоқда. Ҳукмрон режим учун, шубҳасиз, нажот йўли бўлиб кўринган ана шу сиёсатни давом эттириш учун эса тахтга Каримовнинг вориси келиши шарт ва бу ворис Гулнора Каримова бўлиши эҳтимоли ҳам катта.

“Кенгроқ маънода сиëсий оила Гулнора Каримовага рўйхуш бўляпти. Оиланинг ичига президентнинг бир қанча давлат маслаҳатчилари, бир қанча катта-катта амалдорлар ва хавфсизлик соҳаси раҳбарларини киритиш мумкин. Баъзилар учун Гулнора Каримова кучлилиги эмас, заифлиги нуқтаи назаридан улар учун мақбулроқ шахс бўлиб кўринаëтган бўлиши мумкин”,- деди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев эса Ғарбдан айтилаётган бу хавотирларга қўшилмаслигини таъкидлар экан, бунинг асосий сабабини Ўзбекистоннинг тобора ёпиқ мамлакатга айланаётгани ва асл вазиятга доир ахборот ташқарига деярли чиқмаётгани билан изоҳлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда кучайиб бораётган норозилик қайсидир бир шаклда юзага чиқади, дейиш жуда мушкул.

“Аслида ўша ғалаëнлар жамиятдаги қандайдир онгли бир гуруҳ томонидан бошқарилган ва амалга оширилган. Лекин бизда энг ташвишга соладигани шуки, демократик давлатнинг ҳатто дебочасини ҳам қуриб бўлмади”,- деди Бахтиёр Ҳамроев.

Унинг таъкидича, хавф бошқа томонда ва бу хавф аломатларини Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда мавжуд табиий захиралар учун бошланган геосиёсий ўйинлар замиридан қидириш лозим.
XS
SM
MD
LG