Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Аъзам Турғунов ишига “таги йўқ 20 миллион” аралашди


Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли ва “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов устидан очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни ниҳоясига етди.

Дастлаб Аъзам Турғунов беш юз минг сўм билан боғлиқ товламачиликда айбланаётганди. Эндиликда унга “Нексия” машинаси билан боғлиқ товламачилик айби ҳам қўйилмоқда. Яъни Аъзам Турғунов жами 20 миллион сўмни товламачилик йўли билан талаб қилишда гумонланяпти.

“Тергов якунланди. Унга 165-модданинг 3-қисми “а” ва “б” бандлари билан айб эълон қилинди. Товламачилик қилиб 500.000 сўм пул ҳамда “Нексия” гувоҳномасини ва техпаспортини сўраган эмиш. Онасининг номидаги “Нексия”нинг техпаспортини кейин олиб келиб, ўша пакетга олиб солиб қўйяпти. Бу уюштириляпти. Аслида 20 миллионнинг таги ҳам йўқ. Машина қўшилгани учун шунча пул келиб чиқяпти”,- деди ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати Рустам Тўлаганов.

Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Нукусга борган. У ўша аёлнинг иши бўйича жавобгар томондан ишни тўхтатиш учун 20 миллион сўм пора талаб қилишда гумонланяпти.

А.Турғунов иши бўйича янги терговчи подполковник Карим Бердиев Аъзам Турғуновни уюшган жиноятчиликда айблади.

“Мен иш билан бевосита танишдим. Улар уюшган ҳолда 20 миллион сўмни товламачилик йўли билан олган. Иш судга оширилди”,- деди терговчи.

“Озодлик”ка маълум бўлган маълумотларга кўра, аввалги терговчи Аъзам Турғуновнинг устидан қайноқ сув қуйиб юборганликда гумон қилинмоқда. Шу пайтгача Аъзам Турғунов баданининг куйиш сабабларини ошкор қилмаётганди. Эндиликда у аввалги терговчи тергов пайти унинг устидан қайноқ сув қуйганини билдирган ва бу борада ҳуқуқ тартибот органларига шикоят аризаси ёзилган.

“Мен ҳозир Аъзам аканинг орқаси нима сабабдан ва қачон куйганини аниқлаб беришни сўраб тергов бошқармаси бошлиғига ва республика прокурорига илтимоснома киритдим. Энди экспертиза ўтказилади, суратга олинади, чунки орқасининг ҳамма ëғи куйиб кетган. Унга бир пиëла эмас, анчагина сув қуйилган. Ҳозир кўкрагидаги унча билинмаяпти, лекин орқасидаги ҳали турибди. Қип-қизил бўлиб шилиниб ëтибди. Аъзам ака гумони терговчи Исмоиловдан экани, чунки ўша пайтда хонада ундан бошқа ҳеч ким бўлмагани ва у орқасида турганини айтяпти. Бу Нукус шаҳри ҳибсхонасининг ичида 14 июль куни бўлган”,- деди адвокат Р.Тўлаганов.
XS
SM
MD
LG