Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:07

Чех журналистининг савоб иши


Чехиялик мустақил журналист Томаш Влах Прагада бошпана топган андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонда қолиб кетган болаларини Чехияга олиб келган ва ота-оналари билан дийдорлашишига ёрдам берган.

2005 йилнинг майида Андижонда ҳукумат кучлари оддий одамларга ўт очиши ортидан 500га яқин ўзбекистонлик, аввало, Ўш, сўнгра Руминия ва у ердан учинчи давлатларга кўчирилганди, бироқ кўпларининг оила аъзолари ватанда қолиб кетганди.

Хабарга кўра, Чехия ҳукумати қочқинлар болаларини чиқаришни сўраб, Тошкентга мурожаат қилган, бироқ бу иш бермагач, мустақил журналист Томаш Влахни ишга солган ва у олти болаю бир аёлни Андижондан Чехияга ўтган йил олиб келган.

“Бу таклиф менга аслида Чехия Ички ишлар вазирлиги тарафидан бўлди. Улар менга болаларни олиб келишимни сўрашди. Вазиятни тушунтиришди, улар Ўзбекистонда ота-онасиз қолиб кетгани, ота-оналари эса бу ерда эканини, уларда Ўзбекистонга бориш, болаларнинг бу ерга келиш имкони йўқлигини айтишди. Ўзбекистондаги ҳукумат бу болаларни ота-оналари қўйнига юбормаётгани, уларнинг ота-оналари билан бўлиш ҳуқуқини бузаётгани мени ранжитди ва бу ҳолат ҳам мени болаларни ота-оналари бағрига олиб келишга ундади”,- дейди “Озодлик” билан суҳбатда Томаш Влах.

Андижон воқеаларидан сўнг андижонлик 15 қочқин Чехияда бошпана топганди. Улардан айримларининг фарзандлари Ўзбекистонда қолиб кетган. Чехия ҳукумати уларни ота-оналари билан бирлаштиришга ҳаракат қилган, бироқ Ўзбекистон расмийлари билан расмий мулоқот ҳеч наф бермаган.

“Чехия Ички ишлар вазирлиги ҳам, чех дипломатияси ҳам андижонлик қочқинларнинг болаларини Ўзбекистондан қонуний йўл билан олиб келиш борасида ўзбек расмийлари билан мулоқотга киришмоқчи бўлган. Лекин билишимча, ўзбек расмийлари бу ҳақда гаплашишни ҳам хоҳламаган. Мен билан келган одамлар орасида икки оила бор эди, жумладан, олти ёш бола ва бир аёл. Болаларнинг ёши 5 дан 14 ёшгача эди”,- дейди чехиялик журналист.

Журналистнинг айтишича, унга 2007 йил баҳорда мурожаат қилишган. Бир ойдан сўнг у Қирғизистонга учган ва қочқинлар оиласи билан Ўшда учрашишга келишган. Ўшда уларни БМТ қочқинлар агентлиги барча ҳужжатлар билан таъминлаган. Қочқинлар оилалари қочқин мақомини олган ва сўнгра Бишкек орқали Чехияга олиб келинган.

“Чунки Ўшда қолиш ўзбекистонлик қочқинлар учун жуда хавфли. Бироқ барча жараён қонуний бўлган, Халқаро қизил хоч қўмитаси ва БМТ қочқинлар идораси бу болалар ва аёлга “вақтинчалик қочқин” мақомини берган”,- дейди журналист.

Томаш Влах қочқинлар оилалари олиб келингани ҳақидаги хабар шунча вақтдан сўнг эълон қилинаётганига бу жараёнга жалб қилинган кишиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсади сабаб бўлганини билдирди.

“Бу маълумот қанча кеч юзага чиқса, шунча яхши, деб ўйладик. Ҳеч бўлмаса, Ўзбекистонда қолаётган бошқа қочқинларнинг хавфсизлиги учун. Андижонда қолаётган бирор одам қамоққа тушиб қолмаслиги учун мен бу ҳақда жуда кўп гапирмаганим маъқул”,- деди у.

Томаш Влахнинг айтишича, қочқинларнинг болалари Ўзбекистонни бутунлай тарк этиб, хорижга йўл олаётганини билмаган.

“Улар оила аъзолари билан хайрлашаётганда бу ҳақда билмаган. Чунки агар билишса, бу уларнинг ўзлари учун катта хавф туғдириши мумкин эди. Бола болада барибир, улар билмасдан бировга бу ҳақда оғиз очиб қўйиши мумкин эди”,- деди Томаш Влах.

Унинг сўзларига кўра, болаларнинг ўз ота-оналари билан Прагадаги учрашувлари жуда ҳам ҳаяжонли бўлган.

“Бу жуда ҳам эҳтиросларга тўла воқеа бўлган. Бунинг гувоҳи бўлганимда ўзим ҳам йиғладим. Ота-оналар йиғлади, болалари йиғлади. Мен улар билан Прагага келганимда хайрлашдим ва шундан бери кўришганимиз йўқ. Ҳозир уларнинг қаерда экани ва учинчи давлатга кўчирилганми ёки йўқлиги борасида умуман билмайман”,- деди Томаш Влах.
XS
SM
MD
LG