Линклар

“Мусулмонлар учун аввало Қуръон¸ сўнгра Ҳадис етарли”

  • Барно Анвар

Қуръони каримни мутоала қилаëтган муслима қиз.

Қуръони каримни мутоала қилаëтган муслима қиз.

“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу галги сонида табиатда рўй бераётган ғаройиб ҳодисаларни мусулмонлар илоҳий мўъжиза ўлароқ қабул қилиши ва хилма-хил буюмларда, ўсимликлар пўсти, ҳайвонлар териси, ҳатто инсон танасида пайдо бўлаётган ғайриоддий шаклларнинг айнан илоҳий калима ўлароқ, “Аллоҳ”, “Муҳаммад” каби сўзларнинг арабий имлода битилган шакли сифатида қабул қилинишига оид хабарлар хусусида суҳбатлашишга қарор қилдик.

Бунга эса ўтган ҳафтада Душанбе шаҳрида рўй берган ва катта шов-шувларга олиб келган ҳодиса сабаб бўлди. 23 июль куни шом ва аср намози оралиғида Душанбе шаҳри ва шаҳар теграсидаги бир неча туманлар аҳолиси осмонда “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзларининг араб имлосидаги шаклида кўринган булут парчасини кузатди.

-“Аллоҳ”, “Муҳаммад”, деб аниқ ëзилган сўзлар пайдо бўлиб, одамлар ҳайратга тушди. Ëшлар ҳам, қариялар ҳам ҳаммаси Аллоҳга иймон келтирди.

-Арабча ëзилган нарсани кўрдим. Булутлар ичидан чиқиб турган эди. Бу араб тилида бўлгани учун мен ўқий олмайман. Лекин шунақа нарсалар жуда ҳам кўп бўляпти. Айтишяптики, Туркияда битта кўз осмондан қараб турган эмиш.

-Мен кўчада ўтирган эдим. Бирдан ëруғлиқ нур пайдо бўлди. Ëруғлиқ чиқди ва “Аллоҳ” деб ëзилди. Бу мўъжизага қараб ҳамма ҳайрон қолди. Кейин оқарди, қизарди. Олдин ўт бўлиб чиқдида.”Аллоҳ”, деб катта ëзилганини ўқидим. Бу Аллоҳнинг мъжизасида. Борлиги, бирлиги ҳаммага маълум, яна одамлар кўпинча тавба демайди.


24 июл куни гувоҳларнинг ҳайратли кўрсатмалари Интернет сайтларини тўлдирди ва албатта, суратлар ҳам чоп этилди. Бир қарашда суратлардаги булут шакли ҳақиқатда ҳам араб имлосини эслатади. Тип-тиниқ осмонда нурланаётган булут бўлаги гувоҳларни қаттиқ ҳайратга солгани қуйидаги кейинги фикр-муносабатларда ҳам аниқ акс этган:

-Осмонга қараб шунақа йиғладим. Эй Худо, сенга ишонмаган кофир, деб иймон келтирдим.

-Балки бу нарсалар одамлар ëмон, фирибгар бўлиб кетганлиги учун пайдо бўлаëтгандир. Аëлларимиз, эркакларимиз ëмон бўлиб кетганигадир балки. Бу Аллоҳнинг яхшиликка чақирадиган ундови бўлса керак. Мен энди ўзимча шундай деб ўйлайман. Яна ким билади дейсиз. Одамларни қўрқитиш учун фанатиклар қилганмикин. Бунга мен ҳеч нарса дея олмайман. Ким томонидан қилинган бўлса ҳам одамларда қўрқув, Аллоҳга ишонч пайдо бўлди. Буни тўйларда, маъракаларда сездим.

-Болаларимга: “Худони эслаб туринглар. Худони эсдан чиқарманглар. Мана, қудратини кўринглар”, деб айтдим. Умуман ҳозирги одамлар Худони кам эсга олади. Фақат мол-дунë ва бойликка қизиқади. Ҳозир пул бўлса бўлди.

-Бунақа мўъжизалар ер юзида жуда кўп бўлган. Масалан, Қирғизистонда хўроз “Аллоҳ”, деб қичқирган. Озарбойжонда ҳайвонот боғида шер олдин таҳорат олиб, кейин “Аллоҳ”, деб азон айтган. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг кейинги пайтда кўрсатаëтган мўъжизалари. Ўз кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитиб мана шу нарсалардан одамлар ибрат олганда эди.

23 июль куни Тожикистон осмонида рўй берган ҳодиса гувоҳларининг кўпчилиги уни илоҳий мўъжиза, одамларнинг иймонини синовчи ҳодиса, ишорат ўлароқ қабул қилди.

Эслатиш мумкин, бундай ҳодисалар табиатда кўплаб учрайди. Яъни мусулмонлар учун муқаддас калималарнинг, мисол учун, ари инида, мева пўстида, дарахт танасида, бирор-бир тирик жониворнинг терисида, ҳатто инсон танасида учрагани қайд этилган. Бошқача айтсак, одамлар илоҳий калима шаклида қабул қилган ғаройиб белгилар пайдо бўлган.

Ана шундай воқеалардан яна бири яқинда Тожикистонинг Рудакий туманидаги Ленинград совхози, Алибой қишлоғида яшовчи 15 ёшли Гулшаной Раҳимова исмли қизча ҳаётида содир бўлган. Бу қиз воқеани жуда чуқур ҳайрат билан сўзлаб беради. У умрида биринчи бор исломда тақиқланган ишга қўл уришга мажбур бўлган экан.

“Фолбинни олдига бордик. Фолбиннинг олдидан пешиндан кейин келдим. Ҳаммомга таҳорат қилишга кирдим. Таҳорат қилаëтсам қўлимга бир нарса ëзилган. Зелëнкага ўхшаган кўк нарса. Шунақа қўрқиб кетдим. Холам: “Ҳеч нарса қилмайди. Балки ранг теккандир”, деди. Кейин у кўпайиб кетаверди. Уч кунгача шундай турди. Қўлимда калимаи шаҳодат ëзилган эди. Тўртинчи кун ўзидан ўзи йўқолиб кетди. Кейин фолбиннинг олдига бекор борибман, деб роса йиғладим. Аллоҳни ғазаби келдимикан, деб роса қўрқдим”,- дейди Гулшаной.

Ҳодиса нафақат Гулшанойни, унинг яқинларини ҳам ҳайратга солган. Ғайритабиий равишда аввал чап, кейин эса ўнг қўлда пайдо бўлган ёзувлар, қизчанинг сўзларига кўра, ювса кетмаган, аксинча кўпаяверган.
Демак, бу ҳодиса ҳам унинг гувоҳлари томонидан бир овоздан илоҳий ҳодиса, Аллоҳнинг бир ишорати ўлароқ қабул қилинган.

Ёки яна бир ҳодиса, ўтган йили Қозоғистондаги Туркистон шаҳрида яшайдиган Холмурод Эргашевнинг оғилхонасида туғилган бузоқча терисида илоҳий калима шаклидаги ёзувлар кўринган.

“Шаҳарнинг катта домласини чақирдим. Видеокамералар кўтариб 15-20 та одам келди. Ўнг тарафида бошқача, чап тарафида бошқача ëзув бор. Ўнг томонида “Аллоҳ”, деган ëзув бор. Чап томонида “Муҳаммад”, деган ëзув бор экан. Домла ҳаммага кўрсатди. “Мана, кўринглар. Бу Аллоҳнинг кўрсатган мўъжизаси”, деди. Ҳамма ердагилар буни эшитди, кўрди, билди”,- дейди Х.Эргашев.

Хуллас, кўз ўнгимиздаги хилма-хил буюмлар, ўсимликлар, ҳайвонлар, ҳатто инсон танасида пайдо бўлаётган бу тахлит ғайриоддий шаклларнинг айнан илоҳий калима ўлароқ, яъни араб имлосида битилган муқаддас сўз сифатида қабул қилиниши ва шунинг оқибатида ҳодисанинг айнан илоҳий ҳодиса, Аллоҳнинг бир мўъжизаси сифатида талқин қилиниши бор гап. Ҳар ҳолда мусулмонлар яшайдиган ўлкаларда шундайлиги бор гап.

Албатта, бу бир тасодиф ва кўринган бу шакл, ҳечам араб имлосидаги ёзув эмас, дегувчилар тоифаси ҳам сероб. Бу тоифа орасида оддий одамлардан тортиб, диний-дунёвий илмга эга зиёлилар ҳам бор. Аммо маҳаллий ва хорижий матбуотнинг эътиборини тортар даражада катта шов-шов бўлган бу ҳодисага, шубҳасиз, олимлар ҳам тўхталди. Тожикистондаги Астрофизика илмий тадқиқот институти етакчиси Нурсаид Ибодинов ана шулардан бири.

“Мен ҳамма суратларни кўриб чиқдим. Бу шунчаки бир метеорит парчаси, аммо бу нурланаётган метеорит. У ерга яқин келганидан сўнг диффузия ва турболент оқим таъсирида спиралсимон из қолдириб учган ва ёниб кетган. Бундай ҳодисалар табиатда тез-тез бўлиб туради. Бунақа ҳодисаларни Ҳисордаги обсерваториядан туриб ҳар оқшом кузатиш мумкин”,- дейди тожикистонлик астрофизик Нурсаид Ибодинов 23 июль куни Душанбе осмонида содир бўлган воқеани шарҳлай туриб.

Олимнинг сўзларига кўра, минглаб одамни ҳайратга солган бундай ҳодиса деярли ҳар оқшом содир бўладиган оддий табиат ҳодисаси. Худди шундай, инсонларнинг кўз ўнгида ғайриоддий кўринган ва илоҳий мўжиза сифатида талқин қилинган кичик-кичик табиат ҳодисаларидан тортиб, улкан коинот синоатларининг жуда кўпчилигига олимларда илмий изоҳ бор. Фақат бундай ҳодисалар ва умуман ҳар қандай табиат ҳодисаларининг ибтидосига оид саволни истисно қилганда. Яъни кўпчилик Ғарб олимлари дунё яралишининг бошланғич нуқтасини қидира-қидира етиб борган ва тирикликнинг ибтидоси, дея қабул қилинган ҳамда бундан миллион йиллар аввал содир бўлган, деб олинган коинотдаги “буюк портлаш” ҳодисасидан кейинги даврга илмий изоҳ бор, аммо ундан аввали ҳануз баҳс. Ислом олимлари эса буни муқаддас китобда тилга олинган биргина “Бўл” буйруғи билан шарҳлайди.

"Бироқ, албатта, бу баҳс бизнинг бугунги суҳбатимиз мавзуи эмас. Биз атроф-муҳитда бўлаётган ҳодисаларнинг оддий мусулмонлар томонидан деярли ёппасига илоҳий, дея қабул қилинишига сабаб нима ва асл мусулмон бундай ҳодисаларга қандай қараши дуруст, деган саволга қайтамиз."

Ўзбекистонлик ислом дини уламоси Тоҳир Умар ўғлига ана шу савол билан мурожаат қилдик.

Тоҳир Умар ўғли: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ азза ва жалла пайғамбарлар юбориб, уларга китоблар тушириб ўзининг борлигию бирлигини, Ислом ҳақ дин эканини бутун тарих давомида ҳамма халқларга кифоя қиладиган даражада баëн қилган.

Дунëнинг яралиши, дунëда бўлаëтган ҳамма табиий ҳодисалар, ҳайвонот олами, наботот олами, умуман жамики борлиқда, албатта, Аллоҳнинг қудрати намоëн. Мана, ҳозир қўлимизда, алҳамдилуллоҳ, Қуръони Каримнинг тўлиқ сақланган нусхасининг борлиги ҳам бизга етарли далил. Бирор бир кишининг иймонга келиши эса, шаксиз, Аллоҳнинг ҳидояти билан бўлади. У ëки бу ҳодисалардан таъсирланиш, уларга илоҳтй тус бериб, фақат шу ҳодисалар билангина таъсирланиб қолиш кўпроқ оддий одамларда бўлади.

Озодлик: Оддий одамлар, деганда илм даражаси нуқтаи назаридан олиб гапиряпсизми?

Тоҳир Умар ўғли: Демоқчиманки, Қуръон, Ҳадис ўқиш билан мунтазам шуғулланиб келмаган одамлар шундай оддий нарсалардан кўпроқ таъсирланиб қолиши мумкин. Бу аслида иймонга чуқур асос бўлмайди. Пайғамбарга иймон келтирган одамнинг исломий масалаларда суянадигани Қуръон ва Ҳадис ҳамда ҳар бир кишининг иймонли бўлиши Қуръон ва Ҳадисга асосланиши керак, деб биламан.

Озодлик: Шунақа ҳодисаларга илоҳий тус берилишини ижобий ҳол, деб баҳолаш мумкинми ëки бунга одамларнинг иймон даражаси пасайиб кетганини кўрсатувчи бир ҳодиса сифатида қарашимиз керакми?

Тоҳир Умар ўғли: Албатта, ўша Душабе шаҳрида бўлган ғайриоддий ҳодисадан кейин одамлар икки икки ракаат шукрона намозларини ўқиди, дейилган хабардан мусулмон одам қувонади. Шунингдек, табиатда шунақа ғайриоддий ҳодисалар рўй берганда, мисол учун, ой, қуёш тутилганда Пайғамбаримиз икки ракаат намоз ўқиганликлари ҳақида ҳужжатлар бор. Қуръонда осмон ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун ҳикмат ва ибратлар бордир, деган мазмунда оят бор. Яъни, осмон ва ердаги ҳамма нарсада Аллоҳнинг қудрати намоён экани, Аллоҳ бу оламни қанчалик ҳикмат билан яратиб қўйгани ва асл мўмин мусулмонлар учун бунда ҳар дақиқа, ҳар лаҳза беҳисоб ҳикмат ва ибратлар борлиги шаксиз ҳақиқатдир.
XS
SM
MD
LG