Линклар

logo-print

Тожиклар туркман электр энергиясига умид қилмоқда

  • Гулнора Равшан

2008 йилда Тожикистон Туркманистондан бир ярим миллиард киловатт соат электр энергияси сотиб олмоқчи. Куни-кеча Ашхободда бу борада икки томонлама шартнома имзоланди.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гуловнинг билдиришича, Туркманистон 2008 йил куз ва қишида Тожикистонга етказиб берадиган электр энергияси учун ҳали якуний нарх белгиланмаган. Нарх борасида икки давлат раҳбарлари учрашувида келишиб олинади.

Р.Гулов туркман электр энергиясининг барчаси “Талко”, яъни Тожикистон алюминий компанияси эҳтиёжи учун сарфланишини маълум қилди.

“Аммо бўшаган ички захираларни қўшганда ҳам қолган электр энергияси аҳоли ва бошқа корхоналар эҳтиёжи учун етмайди. Аҳоли эҳтиёжи учун биз Ўзбекистондан қўшимча электр сотиб оламиз. Аммо Қирғизистон бу йил куз ва қишда биз билан электр экспорти бўйича шартнома имзоламаслигини маълум қилди. Чунки унинг сув ва энергетика захираси бунга имкон бермайди”,- деди Рашид Гулов.

Иқтисодчи, мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов эса агар мамлакатда ишлаб чиқиладиган ҳамда ташқаридан олинадиган электр қувватининг қанчаси қаёққа сарфланаётгани устидан қатъий назорат ўрнатилса, бу миқдор электр ҳамма учун етарли, деган ишончда.

“Бир эсланг, 2006 йил қишида мамлакат аҳолиси фойдаланадиган электрга бу қадар қаттиқ чеклов ўрнатилмаганди. Корхоналар ҳам ҳаммаси тўла қувват билан ишлаганди. Аммо 2007 йилда Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Эрондан электр энергияси олдик. Бундан ташқари, Сангтўда-1 ГЭСнинг биринчи агрегати ҳам ишга туширилди. Норак ГЭС ҳам тўла режимда ишлаб турди. Аммо шу миқдор электр бизни қишдан олиб чиқа олмади. Нега? Чунки камида 5-6 миллиард киловатт соат электр қувватини қўшни Ўзбекистонга яширинча пуллашди. Ҳукумат бу юзадан текширув ҳам ўтказмади”,- деди Ғуломиддин Сайфиддинов.

Албатта, бу йил ҳам Норак ва Сангтўда-1 ГЭСларининг икки агрегати ишлаб чиқарадиган ва ташқаридан импорт қилинадиган электр аҳоли эҳтиёжи учун етмай қолиши аниқ. Чунки Туркманистон ҳам, Ўзбекистон ҳам электр олди-бердисига доир шартнома шартларини ўтган йилги каби бажармагач, ички захиралар аҳолига эмас, балки ўша аждаҳо корхона – “Талко”га берилади. Натижада қиш ўтган йилгидек оғир кечишини айтади таҳлилчи.

Куни-кеча Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мактаб–интернатлар ва ўрта таълим мактаблари директорларига қиш мавсумига тайёргарлик кўришни ва бунинг учун қандай бўлмасин кўмир захира қилишни буюрди. Демак, ички захиралар ва ташқаридан сотиб олинадиган электр қуввати мамлакат эҳтиёжини қопламаслиги давлат раҳбарига кундек ойдин.
XS
SM
MD
LG