Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Сўз эркинлигини бўғиш пайида янграётган айбловлар


Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий журналистлар орасида ўз касбий фаолиятини суиистеъмол қилиш ҳоллари тез-тез учраётганини, улар ўз мақолалари учун пора талаб қилиши ёки шантаж йўли билан кишилардан пул ундириш пайида бўлишини таъкидламоқда.

Сўнгги пайтларда маҳаллий журналистларнинг ўз мавқеидан фойдаланиб, мақола қаҳрамонларини фош этиш билан қўрқитиб, улардан пора олиши ёки танқидий мақола ёзиш билан пўписа қилиб, амалдорлардан пул талаб қилиш ҳоллари учрамоқда.

“Закон и правосудие” газетаси бош муҳаррирининг ўз газетасида мақолалар чоп этиш эвазига катта миқдордаги пора олгани ёки “Литер” газетаси мухбири шантаж орқали маҳаллий шифохона шифокоридан катта миқдорда пул талаб қилгани бунга ёрқин мисолдир.

Мухолифатдаги Интернет нашри раҳбари Юрий Мизинов бундай ҳолатлар илгари ҳам бўлгани, лекин бу муаммо айнан ҳозир шов-шув қилинаётгани тушунарсиз эканини билдирди.

Аксар кузатувчилар журналистлар ҳақида билдирилаётган бундай айбловлар уларни жазолаш механизмларини кучайтириш учун пайдо бўлаётганини таъкидлади.

Жанубий Қозоғистондаги “Сайрам сабоси” газетаси бош муҳаррири Абдумалик Салмонов бу ҳаракатлар ортида бошқа мақсад ётганини айтар экан: “Менимча, Қозоғистонда матбуот ҳақидаги янги қонун лойиҳасини тайёрлаш ўзининг сўнгги босқичига етди ва фикримча, бу қонунда Қозоғистонда матбуотни яна ҳам чеклаш бўйича қандайдир қўшимча моддалар киритилади. Бу моддаларни киритиш учун эса асос керак. Шунинг учун бугунги кунда ана шунақа ортиқча гап-сўз пайдо бўлди, яъни нима учун бу қўшимча жазо чоралари жорий этилаётганини одамларга сингдириш керак. Улар одамларни ана шундай зарурат борлигига ишонтиришга уринмоқда”,- деди Абдумалик Салмонов.

Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина бу айблов аслида ҳукуматпараст журналистларнинг мамлакатдаги мустақил ва мухолифатдаги журналистларга қарши қаратилган провокацияси эканини айтди.

“Бу ҳукуматпараст ОАВ томонидан жамоатчилик онгида мустақил ва ҳур фикрли журналистлар нопоклиги ва ўз ваколатини суиистеъмол қилаётгани ҳақида маълум бир фикр шакллантириш йўлида қилинаётган провокация. Бу, ўз навбатида, Ахборот вазирлигига “ОАВ тўғрисида”ги қонунда журналистларни жиноий жавобгарликка тортиш учун белгиланган баъзи чораларни янада кучайтириш ёки уларни шундай қаттиқ ҳолатида қолдиришга имкон беради”,- деди Р.Таукина.

Сентябрь ойида Қозоғистон парламенти “ОАВ тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиши керак. Ҳозир мамлакатдаги сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи аксар нодавлат ташкилотлар расмийлардан бу қонунда журналистларни профессионал фаолияти давомида йўл қўйган хатолари учун жиноий жавобгарликка тортиш бўйича бир қанча моддалар бекор этилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG