Линклар

ОАВми ёки кўпиртирувчи восита?


Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари учун август мамлакат мустақиллигини тараннум қилиш ойлиги ҳисобланади. Мамлакат оммавий ахборот воситаларида байрамона руҳ ҳукмрон.

Ҳар йилги анъанага мувофиқ маҳаллий матбуот Мустақиллик байрами олдидан фақат ижобий ҳолатлар ҳақида маълумот бериши лозим. Авваллари онда-сонда бериладиган танқидий мақола ва кўрсатувлар ҳам Мустақиллик байрами олдидан бутунлай тўхтатилади.

Жами матбуот фақат байрамона руҳга бурканиши лозим ва ҳукумат юритаётган сиёсатнинг аъло даражада экани боис, мамлакат гуллаб- яшнаётгани таъкидланиши шарт бўлади. Бу ҳолатга айни кунларда Ўзбекистондаги телеканаллар кўрсатувларини томоша қилган ёки радиоэшиттиришларни тинглаган ёинки газета саҳифаларини варақлаган ҳар шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

“Мен тажрибамдан жуда яхши биламан, президент девонида август ойида турли хил дастурлар белгиланиб ўша дастурларга мувофиқ чиқишлар қилиниши кераклиги газеталарга, матбуотга, телевидение, радиога топшириқлар берилади. Мустақилликни тараннум этувчи, истиқлол йилларида эришган ютуқларимизни кўз-кўз қилиш керак, деган буйруқлар расмий доирада берилади. Бу буйруқлардан хулоса чиқарган бош муҳаррирлар, унинг ўринбосарлари ва албатта, раҳбарият таркиби ҳаммаси август ойида жуда кучли, қаттиқ назорат ўрнатар эди. Бу нарса ҳозир ҳам жуда муваффақиятли давом этяпти. Бундан ташқари, ҳозир бунинг усуллари яна ҳам такомиллашган. Масалан, байрамолди танқид бермайлик, деган нарса йиллар давомида журналистларнинг ўзида кўникма сифатида ҳосил бўлган. Шу пайтда матбуот тили билан айтганда ҳамма жой қизғинлашган пайт. Шунинг учун телевидениеда танқидий нарса кўриш ëки матбуотда танқидий мақола ўқиш деярли кўзга ташланмайди”,- дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Байрамона руҳни матбуотда эълон қилинаётган мақолалар сарлавҳаларидан ҳам сезиш қийин эмас. Масалан, Press-uz.info сайтида “Ўзбекистон - оромбахш мамлакат” сарлавҳали мақола, “ЎзА” ахборот агентлиги сайтида “Ҳуррият кўнгилдан бошланади” ва “Истиқлол нуридан мунаввар маскан” мақолалари чоп қилинган.

Бугунги кундаги мақолалар мавзулари ҳам деярли бир хил, яъни айни пайтда Ўзбекистонда эркинлик, ҳурлик ва озодлик ҳукмрон бўлиб, ҳар бир фуқаро чексиз ҳуқуқ ва имкониятларга эга экани таъкидланади.

“Бу каби бир хиллик одамларнинг меъдасига теккани учун ҳам аҳоли орасида маҳаллий матбуотга қизиқиш кам,- дейди ўзбекистонлик кузатувчи Суҳбат Абдулла. – “Ахборот”нинг ошхонасида халқ учун тайëрланаëтган таом булар. Лекин бу тайëрланаëтган таом бир хиллиги, масаллиқлари бир хиллиги билан аллақачон халқнинг кўнглига уриб бўлган. Масалан, ўйлаб кўринг: “Жаннатмакон Ўзбекистон. Сен ернинг устидаги жаннатсан” каби гаплар айтилавериб сийқаси чиқиб кетган. Ўзбекистонда шунақа жаннатона нарсалар бўлса, унда гастербайтерлар нима қилиб юрибди? Ўша жаннатмакон ўлкада айшини суриб яшаса бўлмайдими? Қаерда зулм ошса, ўша ерда иккинчи нарсани бўяб, бежаб кўрсатишга ҳаракат қилинди. Буни халқ ҳам тушунади, ўша ахборот технологияси қозонини қайнатаëтганлар ҳам тушунади, ўтирган сиëсатдонларнинг ўзи ҳам тушунади. Лекин бошқа йўл бўлмаганидан кейин ноилож ўша нарсага зўр беришади”.

Абдураҳмон Ташанов матбуот орқали байрамолди бўладиган бу ҳолатни собиқ иттифоқ даврига қиёслайди.

“Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари коммунистлар давридан қолган раҳбарлар. Коммунистик даврда байрам олдидан ютуқларни кўпроқ кўрсатишга урғу берилар эди. Ҳозирги истиқлол замонига келиб бу ҳаддидан ошиб кетди. Одамлар бу нарсадан хурсанд эмас. Одамлар ҳам ҳозир ўз дардини айтиш, шикоят қилишнинг мавриди эмаслигини тушуниб қолган. ОАВ уларнинг дарди билан қизиқмаслигини, Мустақиллик байрами фақат ҳукумат байрами эканини жуда яхши тушунади”,- деди А.Ташанов.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, ҳукумат матбуот орқали айни тадбирларни амалга ошириш натижасида халқ ишончини қозонишни кўзлайди. Лекин халқ бу билан хукуматга барибир ишонмайди.

“Ўйлайманки, халқ мамлакат қайси томонга кетаëтгани, иқтисод қаëққа қараб кетаëтганини тушуниб бўлди. Қолаверса, Андижон фожеаси халқнинг тушунмайдиган қатламига қилинаëтган ишларни, кирдикорларни тушуниб етишга ëрдам берди. Кун сайин ошиб бораëтган бу ташвиқотлар халқ ишончини қозониш мақсадида олиб борилаëтган ҳаракатлар. Лекин бу, менимча, ҳеч қандай самара бермайди ва Мустақиллик байрами ҳеч кимга кўтаринки кайфият бахш этмайди. Ўзбекистонда номига мустақиллик бўлгани ҳолда амалда мустаҳкам қуллик ҳукмронлик қилмоқда”,- деди Т.Сано.
XS
SM
MD
LG