Линклар

“Россиянинг виждони” вафот этди


Россия адабиёти дарғаси, бир умрлик диссидент, Нобель мукофоти лауреати Александр Солженицин учинчи августдан тўртинчи августга ўтар кечаси 89 ёшида оламдан ўтди.

А.Солженицин бир неча ўн йиллар давомида коммунистик режимга қарши кураш олиб борди ва ўз бадиий асарлари билан жаҳонда шуҳрат қозонди.

Ёзувчининг ўлими муносабати билан дунё давлатлари раҳбарлари унинг оила аъзолари ва Россия ҳукуматига таъзия билдирмоқда. Александр Солженицинни дафн қилиш маросими 6 август куни Москвада ўтказилади.

Россия бош вазири Владимир Путин А.Солженициннинг ўлими Россия учун оғир йўқотиш эканини айтди. АҚШ президенти Жорж Буш эса бу воқеани “дунё озодлик ҳаракатининг оғир йўқотиши” сифатида шарҳлади. Франция президенти Николя Саркози ўз таъзиясида А.Солженицинни “20-аср Россиясининг виждони”, дея таърифлади.

А.Солженицин “Иван Денисовичнинг бир куни” номли энг биринчи романи биланоқ дунё ҳамжамиятига танилди. Бу роман Совет Иттифоқига Никита Хрушчёв раҳбарлик қилган 1962 йилда нашрдан чиқарилди. Никита Хрушёв бу роман ҳукумат ва совет жамиятидаги сталинча унсурларнинг барҳам топишига кўмак беради, деган умидда эди. А.Солженициннинг асарлари совет фуқаролари учун янгилик бўлди.

Александр Солженицин шундан сўнг совет тузуми кирдикорларини фош этувчи кўплаб асарлар ёзди. 1970 йилда унга Нобель мукофоти берилди. Бироқ совет ҳукумати уни фуқароликдан маҳрум этишидан қўрқиб, мукофотни қабул қилиш учун Стокгольмга боришдан бош тортди. 1974 йилда А.Солженицин ўз аксилсовет асарлари учун Совет Иттифоқи фуқаролигидан маҳрум этилиб, хорижга ҳайдаб чиқарилди. Ўша йили у Нобель мукофотини Швеция қироли Карл Густав қўлидан қабул қилиб олди.

1990 йилда Совет раҳбари Михаил Горбачев Александр Солженициннинг совет фуқаролигига қайта тиклади. Орадан 20 йил ўтгач, ўз ватанига қайтган ёзувчи “Россиянинг виждони” сифатидаги ҳаракатларини давом эттирди.

“Бугун қандай тузум? Асло демократия эмас. Бугун бизда, очиқ тан олайлик, олигархия, яъни чекланган, ўзаро боғланган шахслар ҳукмронлик қилмоқда”,- деган эди Александр Солженицин Борис Ельцин ҳукуматини танқид қилар экан .

Унинг кескин танқиди Борис Ельцин раҳбарлигидаги рус ҳукуматига ёқмади ва А.Солженицинга нисбатан янги босимлар бошланди. Бироқ ҳокимият тепасига Владимир Путин келган 2000 йилдан бошлаб Кремль ва А.Солженицин муносабатлари яхшилана бошлади. Айни пайтда Александр Солженицин ҳам Путин шаънига мақтовлар айта бошлади.

“Александр Солженицин собиқ иттифоқ таркибида бўлган Ўзбекистон зиёлиларига ҳам катта таъсир кўрсатган,- дейди шиор Муҳаммад Солиҳ. – А.Солженицин ëшлик давримнинг ëзувчиси, дейишим мумкин. Чунки 1974-1975 йиллардан бошлаб бу масалаларнинг машинкада босилган нусхаларини ўқий бошлаганмиз. Бизга Совет Иттифоқида яшаб туриб империянинг камчиликларини айтиш мумкинлигини ва буни ўзига хос бир маҳорат билан айтиш мумкинлигини намойиш қилган. Умуман айтганда, А.Солженицин совет адабиëтида катта бир шахс. Ўзгача фикрловчиларнинг фикрларини йўналтирган ëзувчиларнинг энг бошида келадигани. Қайта қуриш бошланиб, у Россияга қайтгандан кейинги ижодининг сўнгги босқичи бизга янги А.Солженицинни кўрсатди ва бу биз кўришга одатланган русларнинг шовинистик тушунча қанотини тамсил қиладиган ëзувчилардан бирига айланди. Ўзи танқид қилган принципларга қарши кураша бошлади. Бу ҳам адабиëтда мисли кўрилмаган метамаркоза эди. Биз буни афсус билан кузатиб бордик. А.Солженицин совет адабиëтининг катта фигураси сифатида дунë адабиëтида қолади”.

Шоир Ёдгор Обид таъкидича, Александр Солженицин асарлари Тошкент расмийлари иродаси билан кенг ўзбек оммасига етиб бормаган. Бунинг сабабларини А.Солженицин асарлари ва бугунги ўзбек жамияти ўртасидаги параллеллардан қидирмоқ керак.

“Гулаг архипелаги” асарини олиб қарасангиз, ҳозир бутун Ўзбекистонга солиштириш мумкин. Бутун Ўзбекистон гулак архипелагига айланди. Мендан олдинроқ бу гапни Мўътабар Тожибоева ҳам айтган эди. Ҳозир, асосан, бегуноҳ одамлар Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекиб ëтибди. Айниқса, ëзувчилардан Мамадали Маҳмудовни олиб қаранг. Мурод Жўраев жуда кўп хаëлимдан ўтади. Булар адолат талаб қилган бегуноҳ одамлар. Улар ҳозир А.Солженициннинг ўша асарида кўрсатилган ва ҳатто ундан баттарроқ аҳволда ëтибди. Жуда кўп зиëлилар чет элларда бошпана излашга мажбур бўлди. А.Солженицин асарлари бугунги Ўзбекистон аҳволини ҳам тасвирлаган, деб айтиш мумкин. Агар унинг асарлари Ўзбекистонга кенг тарқатилганда анча таъсири яхши бўлиши мумкин эди, деб ўйлайман”,- дейди Ё.Обид.
XS
SM
MD
LG