Линклар

Сўконғич раҳбарлар

  • Садриддин Ашур

Мустақиллик йилларида аксарият ҳокимларнинг зўравонлик қиëфаси шакллана бошлади ва улар фермерларни ҳақорат қилишгача, ҳатто ҳамманинг олдида калтаклашгача бориб етди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида фермерлик қилаëтган Қубай оға Ортиқовнинг айтишича, энди Тошкентдан текширишга келган вакиллар ҳамманинг олдида маҳаллий раҳбарларни ҳам ҳақорат қилишни ўрганиб олган.

“Бу ерда келгани маслаҳат бермайди. Даланинг бошида туриб сўкади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Туманда 10-15 та одам хўжаликка бошчилик қилади. Ҳоким бор, қишлоқ хўжалик бошқармаси бор. Тошкентдан келган биттаси мен вакилман, деб мана шуларни далада фермернинг ëнида сўкиб турса. Бу кимга озор? Ҳокимингни сўкиб турса, қишлоқ хўжалик бошқармангнинг бошлиғини сўкиб турса. Ахир бу одамлар билан фермерлар бирга ишлайди-ку. Бу энди фермерни ҳам сўкканида. Элни сўкиб турганида бу”,- дейди Қубай оға.

Унинг сўзларига кўра, раҳбарларнинг сўконғичлиги одат тусига кириб боряпти.

“Сўнгги 5-6 йил ичида гапни онадан бошлайдиган бўлишди. Бу энди ҳаëтнинг нормасига айланяпти. Ўз онасининг қадрини билмайдиган одам бировнинг онасини сўкади. Онасини ҳурмат қила олмайдиган инсон иккинчи бир одамнинг онасини сўкади”,- деди фермер

Бунинг устига, одамлар ҳам раҳбарларнинг сўкиш даражасига қараб ишлайдиган бўлган.

“Тошкентдан келган вакилларга унинг сўкишига қараб баҳо берилади. Мана буниси жуда зўр экан, дейди. Нимаси зўр десангиз, шунақа сўкдики 3 қават қилиб сўкди, дейди. Бу давлат сиëсати ҳам эмас. Ўзи ким сўкади, ким куч кўрсатади? Ожиз одам куч кўрсатади”,- дейди Қубай оға.

Хўш, нега одамлар бу ҳақоратларга чидаб келяпти? Нега фермернинг онасини сўкса ҳам бошини эгиб жим тураверади? Нега жавоб бермайди? Бунинг сабаби нимада?

“Сабаби ғурур йўқлигида. Мана, битта мисол айтиб берай. Бундан 3 йил олдин Хўжайлида Давлатназар Султонов деган одам ҳоким бўлди. Ҳокимликнинг катта залида мажлис ўтказяпти. У ерда 300га яқин фермер бор. “Амударë” ширкат хўжалигидан битта қиз фермер бор экан. Исми Қарлиғоч экан. У ўзининг бир истагини айтди. Айтишича, унга МТП бир хизматни кўрсатмабди. 3-4 марта борса ҳам иши битмаган экан. Шуни айтиб у ҳокимдан ëрдам сўради. Ҳоким қўлини кўрсатиб: “Сенинг унингга мана бундай керакми?” деди. У турмушга чиқмаган қиз бола. 27-28 ëшларда. Ҳалиги қиз йиғлаб юборди. Залда ўтирганлар нима дейди денг? Хохолашиб куляпти. Ана бизнинг халқимиз. Ўзини ўзи хўрлаяпти. Ахир у кимнингдир қизи, кимнингдир синглиси, эртага турмушга чиқса, кимнингдир онаси бўлади у. Ўзи ота-бободан қолган бир гап бор. Қўполроқ бўлса ҳам айтай: Иштонсиз элга иймонсиз мулла”,- дейди Қубай оға.

Тошкент вилоятининг Пскент туманидан бўлган бир фермер ҳам 2 йил олдин йиғилишлардан бирида юз берган воқеа ҳақида тўхталди.

“Ўша ерда ўтирган туман прокурори Шерали Қўчқоров деган инсон ўзига нисбатан 15-16 ëшга катта фермер Йўлдошев Сафаралини сўкди, ҳақорат қилди, керак бўлса муштлар билан юзига, бошига урди. Томоғидан бўғиб олди. Бу нарсани кўз билан кўриб тасаввур қилиб туриш ниҳоятда оғир. Бу қонун ҳимоячисининг зиëли инсонга нисбатан қилаëтган иши. Агар у инсоннинг ишида хатолик бўлса, айтиб жаримага тортсин. Лекин инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шахсларнинг ўзини бундай тутишини қандай баҳолаш мумкин?”- дейди фермер.

Кузатувчиларнинг айтишича, сўконғич раҳбарлар ҳам ўзидан юқорида турган раҳбаридан худди шундай ҳақорат эшитгандан сўнг шундай одамга айланиб қолиши табиий.

Балки юқоридаги раҳбарнинг янада юқорироқдаги раҳбардан ўргангани бордир? Яна ким билсин...
XS
SM
MD
LG