Линклар

logo-print

Қозоғистондаги уйғур қочқинлари хавотирда


Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманида чегара заставасига қилинган ҳужумда расмий Пекин уйғур айирмачиларини айбланаётгани Қозоғистонда бошпана топган уйғур қочқинлари хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид ўлароқ кўрилмоқда.

Хитой расмийлари 16 полициячи ўлими ва шунчасининг жароҳатланишига олиб келган қўпорувчилик ҳаракати учун жавобгарликни Шинжон-Уйғурда фаолият кўрсатаётган “Шарқий Туркистон ислом партияси” гуруҳи зиммасига юкламоқда.

Бу эса мазкур гуруҳнинг дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Қозоғистонда яширинган аъзоларини қаттиқ хавотирга солмоқда.

Гуруҳ вакилларидан бири уч йилдан бери оила аъзолари билан Олмаотадаги уйлардан бирининг ертўласида жон сақламоқда.

“Ҳозир мен ташқарига чиқмайман. Хитой Қозоғистонга яқин бўлгани учун ҳаётимиз хавф остида. Ҳозир биз тарафлардан Шарқий Туркистон ислом партияси аъзоларини овлаш ишлари кучайиб кетгани тўғрисида хабарлар келяпти. Мени қўлга олишса ё отишга, ё муддатсиз қамоқ жазосига ҳукм қилишади. Шу боис, қийналсак ҳам аёлим ва 2 ёш болам билан ертўлада жон сақлаяпмиз. Хитойда содир бўлган қўпорувчилик эса ҳаётимизга хавфни янада кучайтиради”,- деди уйғур қочқини.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Шинжондаги қўпорувчилик ҳаракати ортидан уйғур қочқинлари ҳаётига таҳдид кучайишини таъкидламоқда.

“Қўшни давлатларда бирор воқеа содир бўлса, бу бизда ҳам акс-садо беради. Халқаро қидирувда бўлганларни бир-бирига топшириш тўғрисида Хитой ва Қозоғистон ўртасида бирор келишув бор-йўқлигини билмайман. Аммо Қозоғистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Хитойга бу борада ёрдам бериши мумкин. Чунки ШҲТда Аксилтеррор марказ бор. Айнан шу марказ орқали уйғур қочқинларини овлаш бошланишини кутиш мумкин”,- дейди Халқаро Хельсинки қўмитасининг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина.

Олмаотадаги Уйғурлар миллий уюшмаси раҳбари Тамара Маметова Шинжондаги қўпорувчилик Хитой ҳукуматининг мамлакатдаги уйғурларга қарши провакацияси эканини таъкидлади.

“Олимпиада арафасида Хитой ҳукумати уйғурлар террорчи эканига халқаро ҳамжамиятни ишонтиришни хоҳлаётган бўлиши мумкин”,- деди Тамара Маметова.

Жорий йилнинг апрель ойида Хитой ҳуқуқ-тартибот органлари Шинжонда 35 кишини қўлга олиб, улар “Шарқий Туркистон ислом партияси” террорчи гуруҳи аъзолари бўлиб, Пекинда ўтадиган Олимпиадада қатнашадиган спортчилар ва меҳмонларни гаровга олишни режалаштирганини маълум қилганди.
XS
SM
MD
LG