Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:27

Тожикистонда “Mercy Corps” фаолияти тақиқланди


Тожикистон Адлия вазирлигининг маҳаллий судга киритган даъво аризаси асосида “Mercy Corps” халқаро инсонпарварлик ташкилотининг мазкур мамлакатдаги фаолияти тақиқланди.

“Mercy Corps” фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор ташкилот ўз фаолияти Адлия вазирлиги томонидан текширилишига қаршилик кўрсатгани сабабли қабул қилинди.

“Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир ташкилот ёки ваколатхона фаолияти Адлия вазирлиги томонидан текширилиб турилиши ва улар вазирлик ходимларига барча зарур ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Аммо “Mercy Corps” жорий қонунларга бўйсунмаганидан сўнг биз судга мурожаат этишга қарор қилдик”,- деди Адлия вазирлиги вакили Қурбонали Бобоев.

“Mercy Corps”нинг Тожикистондаги ваколатхонаси директори Бренди Вестерман Адлия вазирлиги иддаоларини рад этар экан: “Адлия вазирлигининг ташкилотимиз Тожикистон қонунларига ёки ўз низомига хилоф иш кўргани ҳақидаги даъвосида асос йўқ. Биз Америкадаги бош идорамиз буйруғини бажардик, холос. Адлия вазирлиги бош идорамиздан расмий рухсат олганидан сўнг унинг бу ердаги ваколатхонаси фаолиятини текширишга ҳақли”,- деди.

Бренди Вестерман хонимнинг айтишича, “Mercy Corps” Тожикистонда 1994 йилдан фаолият бери кўрсатади. Рашт тумани, Душанбе ва Хўжанд шаҳарларида фаолият юритаётган ташкилот меҳрибонлик уйлари, шифохоналар, табиий офатлардан зарар кўрганлар кишилар, кўп болали оилаларга кийим-кечак, озиқ–овқат, дори-дармонлар етказиб бериб келган. Ҳозир бу ташкилот 350 мингдан ортиқ тожикистонликка тиббий ёрдамлар кўрсатмоқда.

Б.Вестерман ўтган йилда қиш қаҳратонида ташкилот маҳаллий аҳолига иситиш ускуналари ва озиқ-овқат етказиб берганини таъкидлади. У ваколатхона фаолиятига оид суд қарори дипломатик йўллар билан ҳал этилишига умид билдирди.

Қайд этиш жоизки , “Mercy Corps” Тожикистонда фаолияти тўхтатилган илк ташкилот эмас. Жорий йилнинг апрель ва июн ойларида “Мисс альянс” ва “ORA Int” халқаро ташкилотлари Тожикистон ҳудудида ғайриисломий тарғибот юритганликда айбланиб, мамлакатдан қувиб чиқарилганди.

Адлия вазирлиги вакили Қурбонали Бобоев “Care Int” (“Кея интернейшнл”) ташкилоти борасида ҳам аҳолидан шикоятлар тўпланганини билдириб: “Яқинда мазкур ташкилот фаолияти ҳам ўрганилади. Агар маълумотлар тасдиқланса, бу ташкилотни ҳам судга берамиз”,- деди.
XS
SM
MD
LG