Линклар

Феруза Жумаева: “Бунчалик ваҳшийликка ҳатто ҳайвон ҳам бормайди”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:02v9KzaiRflcGM:http://uzbekcongress.files.wordpress.com/2006/11/yusuf_juma1.jpg Беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган шоир ва мухолифатчи Юсуф Жуманинг қизи Феруза Жумаева Қорақалпоғистондаги“Жаслиқ” қамоқхонасига бориб отаси билан учрашиб қайтди.

Шу пайтгача яқинлари Юсуф Жумага қамоқхонада қийноқлар қўлланилаётгани борасида тахмин қилиб келаётганди. Феруза Жумаева энди бу тахминлар тасдиқланганини билдирди. Шунингдек, шу пайтгача Юсуф Жуманинг “Жаслиқ”да экани ҳам фақат тахминга асосланганди.

Озодлик: Феруза опа, дадангиз қаерда экан?

Феруза Жумаева: Дадам “Жаслиқ” қамоқхонасида. Борган пайтимизда бошида улар рухсат бермоқчи эмас эди. Турли баҳоналар билан адвокатимизни қайтариб юборишди. Мен эса: “Дадамни кўрмасдан кетмайман. Шунча жойдан ëш боламни ташлаб келдим. Дадамни кўрсатмасангиз, шу ерда ўтиравераман. Шунда ҳам кўрсатмасангиз, юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўламан”, дедим. Кейин улар дадамни кўрсатишди.

Озодлик: Юсуф аканинг аҳволи қандай экан?

Феруза Жумаева: Дадамнинг соғлиқлари жуда ҳам ëмон. Аҳволлари оғир. Дадамга ҳар хил қийноқлар қўллаб, азоблашаëтган экан. Жуда ҳам озиб кетганлар. Ҳатто 40 кг ҳам чиқмайдиган ҳолга келиб қолганлар. Президентимизнинг душманисан, деб дадамни шафқатсиз равишда дўппослаганлар. Юраги устига, кўкрагига урганлар. Қовурғалари синиб, кўкраклари шишиб кетган. Оëқлари шишиб кетган. Оëқлари тагига дубинка билан уриб яна оëққа турғизиб қўйишар экан. Дадамга шафқатсиз қийноқ қўллаш билан бирга унинг ëнига жинниларни, туберкулёз касали борларни қўяëтган экан. 17 декабрдан буëн дадамни қийнашган. Бунчалик ваҳшийликка ҳатто ҳайвон ҳам бормайди.

Озодлик: Қийноқлар ҳақида Юсуф аканинг ўзи сизга гапириб бердими?

Феруза Жумаева: Ҳа. Оëқларидаги тирноқлар қорайиб кетган. Оëқлари тагига дубинка билан соатлаб уришар экан. Бошлари ғурра бўлиб кетган. Кўзларининг ости ва ëн атрофлари қоп-қора. Мен дадамнинг ëнида бир сутка бўлган бўлсам, тунлари ухлай олмадилар. У ëқдан бу ëққа ағдарила олмайди, чуқур нафас ола олмайди. Ҳам руҳий, ҳам жисмоний азоб берилган. Дадамни жуда ҳам ëмон аҳволга солиб қўйишган. Ташқаридан дадам ëнига тоза ҳаво ҳам киргизишмас экан, қўлларига қоғоз билан ручка ҳам беришмас экан. Икки ойдан бери карантинда сақлашаëтган экан. Дадам ҳатто сувни ҳам бесўроқ ича олмас экан. Улар берса ичарканлар. Суткалаб сувсиз қолиб кетар эканлар. Ҳожатга ҳам улардан сўраб бориш керак экан.

Озодлик: Юсуф аканинг кайфиятлари қандай? Тушкунликка тушмаганми?

Феруза Жумаева: Анча тушкунликка тушиб қолганлар, лекин дадам ҳалигача умидвор ва дўстларига ишонадилар.

Юсуф Жума мустақиллик йилларида тўрт марта судланган. 2001 йилда у давлат тузумини ағдаришга даъват этишда гумонланиб ҳибсга олинган. Жорий йилнинг апрель ойида эса ўзи ва ўғли Бобурга нисбатан сохталаштирилган тан жароҳати етказиш ва ҳокимият вакилига бўйсунмаслик айблари билан судланиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Айни пайтда Юсуф Жуманинг Машраб исмли ўғли қамоқхонадан қочгани айтилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган, яна бир ўғли Бобурга тайинланган уч йиллик шартли жазо қамоқ жазоси билан ўзгартирилган. Бобур ҳам ҳозирда қамоққа олинишдан қочиб яшириниб юргани айтилмоқда. Юсуф Жуманинг хотини билан икки ўғли эса Ўзбекистондан қочиб, муҳожирликда яшаяпти.
XS
SM
MD
LG