Линклар

Статистика ҳаёт эмас


Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Статистика давлат қўмитасининг “Правда Востока” нашрида эълон қилган маълумотларида айтилишича, Ўзбекистон аҳолисининг иш ҳақи, пенсиялар миқдори ўтган йилга солиштирганда анча кўпайган. Ўзбекистонда эса деярли иш билан таъминланмаган одам қолмаган.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда иш билан таъминланган одамлар сони 10 миллион 800 минг кишига етган. Жорий йилда 305 минг одам иш билан таъминланган. Бу маълумотга ишонадиган бўлинса, Ўзбекистонда ишга яроқли одамларнинг барчаси иш билан таъминлаган, деган хулоса келиб чиқади. Боз устига, бўлажак ишчи кучлари учун яна 372 мингта ишчи ўрни яратилган.

Мамлакатдаги иқтисодий вазиятни кузатиб бораётган таҳлилчи Комрон Алиев расмий статистиканинг бу борадаги маълумотлари ҳақида гапириб: “Ишсизларни ҳисобга оладиган ташкилотларимиз ҳақиқатдан ҳам бор. Агар борсангиз мана сизга иш жойи топиб берамиз, деб қўлингизга рўйхат тутқизиб қўйишади. Лекин бу иш жойларидаги меҳнат ҳақи ўта кам. Бир тарафдан, айниқса, вилоятлардагилар, қишлоқлардагилар иш топа олмайди. Иккинчи томондан, давлат ва иш билан таъминловчи ташкилотларда иш жойлари мавжуд ва унга борадиган одам йўқ. Мана, шундай ажойиб бир тафовут юзага келган”,- деди К.Алиев.

Энди савол туғилади. Агар Ўзбекистонда деярли 11 миллион одам, яъни аҳолининг меҳнатга яроқли барча қатлами иш билан таъминланган бўлса, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, қолаверса, Европа давлатларида мардикорлик қилиб қора юмушларни бажариб юрган ўзбеклар қаердан келиб қолди? Бугунги кунда турли норасмий маълумотларга кўра, хорижда меҳнат қилаётган ўзбеклар сони уч миллиондан саккиз миллионгача етган.

Лекин хулоса чиқаришга шошилмайлик. Яна Статистика давлат қўмитаси маълумотларига қайтсак.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда нафақат ишчи ўринлари, балки ойлик маошлар ва пенсиялар ҳам кўпайган. Ўртача иш ҳақи 2007 йилга нисбатан жорий йилнинг олти ойида 51 фоиз, пенсиялар миқдори эса 76,1 фоиз ўсган.

Лекин амалда бу неча сўм экани негадир айтилмайди. Бироқ президент Каримов жорий йил февраль ойида қилган чиқишида мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 210 долларга етганини таъкидлаган эди.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиев сўзларига кўра, инфляцияни ҳисобга олмаслик натижасида турли хил шундай рақамларни келиб чиқади.

“Ҳақиқатдан ҳам нафақахўрларнинг пенсияси ошади, давлат хизматчиларининг маоши ошади. Бу дейлик 20 фоиз, борингки, 40 фоиз ошаëтган бўлсин. Лекин булар инфляцияни деярли ҳисобга олмайди. Яъни инфляцияга оид маълумотлар эълон қилинганда Ўзбекистонда 4,5 фоиз, деб айтилади. Амалда эса бу 20 фоиздан ошиқроқ”,- дейди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG