Линклар

Мухолифат президент ва бош вазир қарама-қаршилигида яхшилик аломатини кўрмоқда


Россия президенти Дмитрий Медведев ҳукумат расмийлари бизнесни “террор” қилишни тўхтатиши шартлиги тўғрисида кўрсатма берди. Унинг бу кўрсатмаси бош вазир Владимир Путиннинг Россиядаги йирик “Мечел” компаниясига қарши гапидан бир кун ўтиб пайдо бўлди.

Д.Медведев Смоленск вилоятида ўрта ва кичик бизнес вакиллари билан учрашар экан, “ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ишбилармонлардан пул ундириш учун турли ноқонуний ҳаракатларни” содир этаётганини айтди.

“Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ва ҳокимият бизнесни олабўжи каби қўрқитишни тўхтатиши лозим”,- деди Россия президенти.

Россия раҳбарияти томонидан бундай фикрлар кўп марта билдирилган, аммо ҳукумат тузилмалари бу каби кўрсатмаларни амалга тадбиқ этишни унутади. Бироқ Д.Медведевнинг бу баёноти бутун Россия матбуоти диққатини тортди. Чунки бу баёнот замирида бош вазир Владимир Путиннинг бундан бир неча кун аввал қилган чиқишига шаъма борлигини англаш мумкин эди.

В.Путин ўша чиқишида тадбиркор Игор Зюзин ва унинг йирик “Мечел” ширкатини давлат олдидаги мажбуриятларини бажармаётганликда айблаган эди. В.Путиннинг бу баёнотидан сўнг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу ширкат фаолиятни текшира бошлади, Россия фонд биржасида эса қимматбаҳо қоғозлар нархлари кескин тушиб кетди.

Таҳлилчилар фикрича, бу воқеа Россиянинг олий даражадаги икки раҳбари ўртасида очиқ зиддиятга сабаб бўлиши мумкин.

Москвалик таҳлилчи Евгений Волк бу зиддият Д.Медведев атрофига йиғилган “технократлар” ва В.Путин атрофидаги “кучишлатар тузилмалар” вакиллари манфаати замирида аввалдан пишиб етилиб келаётганини билдирди.

“Менимча, Медведев, энди Путин атрофидаги ўзини қониқтирмаган шахслар таъсирини сусайтириш сиёсатини олиб боради”,- деди Евгений Волк.

Таҳлилчилар таъкидича, Д.Медведев, энг аввало, бош вазир ўринбосари Игор Сечиннинг шохини синдиришга ҳаракат қилади. Бу амалдорнинг 2003 йилда ЮКОС ширкати раҳбари Михаил Ходорковскийни қамоққа олиш жараёнини уюштиргани айтилади. И.Сечин “кучишлатар тузилмалар вакиллари” билан ҳамкорликда Россия иқтисодини ўз назоратига олишга ҳаракат қилиб келган. В.Путиннинг “Мичел”га эътироз билдириши мана шу ҳаракатни амалга ошириш йўлидаги яна бир уриниш сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтмоқда кузатувчилар.

Айни пайтда Дмитрий Медведев Россияни сармоядорлар учун энг хавфсиз мамлакатга айлантириш истагида эканини маълум қилган.

Россия мухолифати раҳбарларидан бири Борис Немцов Д.Медведевнинг бу ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Президент биринчи марта В.Путин йўналишига қарши қатъий ва аниқ гапирди. У ниманики айтган бўлса, ҳаммаси бизнинг иқтисодимиз учун керак омиллардир. Лекин тадбиркорлар Медведевнинг мустаҳкам президент эканига ҳозирча ишонмайди. Лекин унинг Путинга қарши очиқ гапиргани Медведевнинг мустақил президентлик сари ташлаган биринчи қадамидир ва бу яхшилик аломатидир”,- деди Борис Немцов.
XS
SM
MD
LG