Линклар

Мурод Жўраевнинг озод бўлишга умиди бор


15 йил давомида қамоқда ўтириб, соғлиғидан айрилган, қуруқ устихони қолган 56 ёшли сиёсий маҳбус Мурод Жўраев амалдаги ҳукуматни қўрқувга солмаслигига ва ниҳоят озод этилишига умид қилмоқда.

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг таниқли вакили Мурод Жўраев аслида 1 йилга қамалганди. Аммо кейинчалик унинг қамоқ муддати уч марта узайтирилган. Мурод Жўраевнинг қамоқ жазоси яна узайтирилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Чунки у яқинда муддатидан аввал шартли озод қилиш имконидан ҳам маҳрум қилинди.

Куни-кеча Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбика Жўраева Зарафшондаги қамоқхонага бориб эри билан учрашиб қайтди.

Унинг “Озодлик”ка билдиришича, Мурод Жўраев ҳали ҳам озодликка чиқишга умид билан яшамоқда.

“Шартли озодликка жазо муддатининг ярмини ўтаганлар чиқар экан. Қишда қоидабузарлик қилдинг, деб изоляторга ташлаган экан. Қоидабузарлик қўйилса, шартли озодликка чиқмас экан. Озодликка чиқиши мумкин бўлгани учун қоидабузарлик ëзилар экан. Чиқишларига бир йил қолди. “Энди чидай олмайман. 15 йил ўтирдим. Анча ëшим ҳам ўтди. Нима қилишимни ҳам билмайман. Ўйлаб ўйимга ета олмайман”, деб айтдилар”,- деди Х.Жўраева.

М.Жўраевга қамоқхонадаги 15 йиллик ҳаёти давомида мунтазам қийноқлар қўлланилгани таъкидланади. Ҳозир унинг соғлиғига жиддий путур етгани, барча тишлари тўкилиб кетгани ҳақида маълумотлар бор.

Холбика Жўраеванинг билдиришича, эри ўтган қишдаги қаҳратон совуқда минус 30 даражали ҳарорат пайтида сурункали бронхит касаллиги билан 10 кунга жарима изоляторига ташланган. Эрталаблари эса ярим ялонғоч ҳолатда совуқда югуришга мажбур қилинган. Ҳозир ҳам у қамоқхонада кучли назорат остида.

Мурод Жўраев мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчиларидан бири ҳисобланади. У 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган. Мурод Жўраев ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатдаги сиёсий фаол инсонлардан бири бўлган.

“Мурод Жўраев Қашқадарë вилоятидаги Муборак шаҳрида ҳоким бўлган. Олий Мажлис депутати бўлган. Сиëсий фаол инсон бўлган. У ўша пайтларда “Эрк” кўтарган масалаларни парламентда ҳал қилишда жуда фаоллик кўрсатган. Унга депутатлик пайтида бир суиқасд ҳам бўлди. Лекин у амалга ошмади. Кейин ўша йиллари ишсиз қолиб қувғинга учради. У Туркманистонда қочиб юрган”,- дейди “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Мурод Жўраев 1994 йил 17 апрелда Олмаота шаҳрида Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, юртига келтирилган. У билан биргаликда “Эрк” партиясининг ўнга яқин аъзоси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 5-моддаси бўйича айбланган.

Ўша вақтдаги айбланувчилардан бири бўлган Дилором Исҳоқованинг айтишича, уларга нисбатан фақат сиёсий айбловлар қўйилганди.

1995 йилда Ўзбекистон Олий суди Мурод Жўраевни ҳокимиятни босиб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Бироқ кейинчалик амнистияга тушганига қарамай, қамоқхонада ўрнатилган қоидаларни бузганлик айби билан унинг жазо муддати яна уч марта узайтирилди.

Таҳлилчилар наздича, президентнинг ғазабига учраган Мурод Жўраев сингари мухолифат вакилларини амнистия каби турли хил марҳаматлар четлаб ўтади ва расмий Тошкент ҳукумат учун хавфли, деб билган бир неча илғор фикрли кишиларни сиёсий маҳбус сифатида қамоқда сақлашни афзал билади.
XS
SM
MD
LG