Линклар

Ўзбекистонда экология ҳаракати тузилди


“Ўзбекистон экология ҳаракати” деб номланган жамоат бирлашмасини мамлакатдаги экология соҳасига тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларни бирлаштирадиган, шунга яраша ваколат ва молиявий имкониятларга эга бўладиган республика миқёсидаги катта ташкилотга айлантириш кўзда тутилган.

Ушбу ҳаракатни тузиш бўйича ташкилий масалалар тепасида турган Ўзбекистон Гидрология ва геология инженерлиги институтидаги ўзини таништиришни истамаган ходимнинг тушунтиришича, бу ҳаракатнинг барча вилоятларда ўз бўлинмалари бўлади, жойлардаги ҳокимлик органлари, экология соҳасига дахлдор давлат ва нодавлат ташкилотлар бу ҳаракат фаолиятига жалб қилинади. Ҳаракатнинг бош вазифаси этиб белгиланган эса ҳар бир вилоятда тарғибот ва ташвиқот кампанияларини олиб бориш кўзда тутилган ва унда одамларга тушунтирилади – Ўзбекистондаги экотузилмани сақлаш, бу борада юзага келган муаммоларни ҳал қилиш, энг аввало, ҳар бир ўзбекистонликнинг ўз қўлидаги иш.

“Ўзбекистон экология ҳаракати” марказий кенгаши аъзоси бўлган ва бу ҳаракат билан фаол ҳамкорликка ундалган “Экосан” нодавлат ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов буни ҳақ хулоса, деб ҳисоблайди.

“Масалан жойлардаги фермерлар ва фермерлар атрофидаги деҳқонлар шу маҳаллада¸жойларда яшаб турган инсонлар.Улар ўртасида деградациясини олдини олиш масалалари бўйича шу жамоатчилик ҳаракати мутахассислар билан тренинглар¸учрашувлар ўтказади¸ информацион материаллар тарқатади.Масалан биз ҳам шунақа ишларни олиб бораяпмиз.Бу ишлар янада кенгаяди.Аҳоли қандай ишларни олиб борса сувдан оқилона фойдаланади¸шўрланишни олдини олади¸ кўпроқ сувларни қўйиб юбормайди.Буни ҳаммаси одамларни ўзини қўлидаги нарса”, дейди Экосан ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов.

Ўзбекистонлик эколог олимлар ва аграр соҳа вакиллари аслида Ўзбекистондаги экологик аҳволни ўнглашни давлат сиёсатига чиқариш эҳтиёжи аллақачон туғилган эди, деган фикрда. Ҳозирга келиб тупроқ унумдорлиги, яшил майдонларнинг йўқолиб кетаётгани, ўрмонларнинг қисқараётгани, сув таъминоти танқислиги йиллар давомида етарли даражада чора кўрилмагани боис, жуда аянчли аҳволга етган.

Бироқ бу каби чуқур муаммоларни эл-халқнинг экологик маданиятини ошириш йўли билангина ҳал қилиш мумкинлигига нафақат олимлар, балки бундан энг кўп азият чекаётган ўзбекистонлик асл деҳқонларнинг ҳам ишончи комил эмас. Ўзбекистонлик асл деҳқон ва ҳозирда мухолифатчилик фаолияти билан шуғулланаётган Йўлдош Очилов биргина тупроқ унумдорлигини тиклаш, экин майдонларидаги деградация жараёнларини тўхтатишнинг ўзи учун учун йиллар давомида босқичма-босқич, катта маблағлар эвазига амалга ошириладиган ислоҳотлар зарурлигини тилга олди.

“Буни ерларга ҳар йили етказиб ебрилаëтган минерал ўғитлар белгилаб беради.Ерларимиз шу даражада чарчаганки уни қисқартириш керак. Алмашлаб экиш керак ва гўнг каби маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш зарур.Чорва ва туëқ сонларини ҳам кўпайтириш керак.Булар ҳаммаси давлат миқëсида амалга оширилиш керак”.

Узоқ муддатли ва реал имкониятлардан келиб чиқадиган аниқ ислоҳотларсиз Ўзбекистондай аграр республикани бўғиб турган экологик муаммоларни ҳал қилишнинг имкони йўқ, деб ҳисобламоқда Йўлдош Очилов.



Албатта, “Ўзбекистон экология ҳаракати” жамоат бирлашмаси дастурида бу каби ислоҳотлар қанчалик назарда тутилган ёки йўқ, буни айтиш қийин. Зеро, бу дастур билан танишишга муваффақ бўлмадик ва бирлашма раҳбари, Ўзбекистон Гидрология ва геология инжернерлиги институти директори Аслан Мавлонов df бу борадаги саволларимизга кейинроқ жавоб беришини айтди.

Лекин шу ўринда тўхталиш мумкин бўлган яна бир жиҳат бор, афтидан. Расмий матбуот бу ҳаракат жойлардан, яъни республиканинг турли вилоятларидан йиғилган таклиф ва ташаббуслар асосида ташкил этилди, деб шарҳламоқда. Бироқ Гидрология ва геология инженерлиги институтининг ўзини таништиришни истамаган ходими гап орасида бу ҳаракатни тузиш ташаббуси бевосита президент Каримовга тегишли экани, шу боис, унинг фаолияти ҳам бевосита президентнинг назорати остида бўлишини қистириб ўтди. Бу фикрни ҳаракатнинг таъсис қурултойида иштирок этган ўзбекистонлик кузатувчилар ҳам таъкидламоқда.

“Ана шу фикрларга таянилса, кейинчалик бу ҳаракатнинг партияга айлантирилиш эҳтимоли бор ва бу дунё сиёсатида анча фаол позицияни эгаллаган Яшиллар партияси урфига эргашишнинг бир йўли бўлиши мумкин,- дейди “Бирлик” халқ ҳаракати партияси аъзоси Исмоил Дадажонов.- Яшиллар партияси тузилса, яхши. Табиатни муҳофаза қилиш яхши, албатта. Лекин ғоя бир кишидан - Ислом Каримовдан чиққан. Бу табиий ҳол.Чунки ҳар бир сайлов олдидан Ўзбекистонда қандайдир партиялар пайдо бўлади ва кейин улар аста-секин йўқ бўлиб кетади”.

Аммо устамон сиёсат эгаси бўлган Каримов ҳукумати, албатта, бунда узоқни кўзлаган ва бу устамон сиёсатнинг тагидаги гапни ғарбдаги таҳлилчилар ҳам сезиб турибди. Гап сиёсатга келадиган янги партия ва унинг етакчиси бўлиши тахмин қилинаётган давлатнинг янги вориси ҳақида кетмоқда.

“Каримов шу партияни ташкил қилиб ўзини қизини шу партияга раҳбар қилиб қўяди деган гапни ҳатто Европада баъзи бир сиëсий доираларда эшитганмиз.Албатта мўлжал шунга бўлаëтган бўлса ажаб эмас. Бу мўлжалнинг қанчалик тўғри ëки нотўғри бўлишини вақт кўрсатади”,- дейди Исмоил Дадажонов.

“Ўзбекистон экология ҳаракати” деб номланган жамаот бирлашмасининг, асосан, тарғиботчилик ишларини мақсад қилаётгани ва яна бир муҳим жиҳат, унинг молиялаштирилиши, асосан, давлат ҳамда нодавлат ташкилотлардан йиғиладиган пуллар, чет элдан келадиган сармоялар ҳисобига бўлиши тўғрисидаги хабарлар бу тахминни бир қадар асослагандай бўлади. Аммо, эътироф этиш керак, бу ҳали фақат тахмин. Ҳозирча расман “Ўзбекистон экология ҳаракати” деб номланган жамоат бирлашмаси тузилди, холос.
XS
SM
MD
LG