Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Хорижий аудиторлар ишга киришди


Россиянинг таниқли “БД Юником” аудиторлик фирмаси Тожикистоннинг энг йирик энергетик тизими саналган “Барқи тожик” ширкати молиявий фаолиятини текширишга киришди.

Бу ҳақда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокара ўтказган Халқаро валюта жамғармасининг Марказий Осиё бўйича директори Дэвид Оуэн маълум қилди.

Тожикистон Миллий банки ХВЖдан ёлғон маълумотлар асосида 47 миллион доллар кредит олгани ошкор бўлганидан сўнг халқаро молиявий институт мамлакатдаги бир неча йирик компаниялар фаолиятини халқаро аудитдан ўтказишни талаб қилган эди. Жумладан, “Барқи тожик” билан бирга “Талко” – Тожикистон алюминий компанияси фаолияти ҳам халқаро аудит қилиниши сўралган эди.

Дэвид Оуэннинг айтишича, И.Раҳмон билан музокара чоғида “Талко”ни халқаро аудитдан ўтказиш учун халқаро тендер эълон қилиш механизми тўғрисида ҳам фикр алмашган.

“Жаҳон банки техник ёрдами асосида амалга ошириладиган мазкур тендер жорий йил сентябрь ойи охирига қадар ўтказилиши лозим”,- деди Д.Оуэн.

ХВЖ вакили айни пайтда Тожикистон Миллий банки молиявий фаолияти ҳам хорижий аудиторлар томонидан текширилаётгани, унинг натижаларини ноябрь ойи охирига қадар эълон қилиш режалаштирилганини билдирди.

Мустақил кузатувчи Ғуломиддин Сайфиддинов ўз кузатувчилари натижаси ўлароқ, мамлакатдаги бу икки йирик ширкат ҳамда Миллий банк молиявий фаолиятида умуман шаффофлик йўқлигини таъкидлайди.

“Барқи тожик” ширкатида қиймати 600 миллион долларликдан ортиқ лойиҳалар бор. Агар холис экспертлар унинг фаолиятини реал ўрганса, “Барқи тожик” расво бўлади. Чунки лойиҳалар учун олинган бу маблағнинг катта қисми масъуллар томонидан ўзлаштирилган. Шунинг учун ҳам энергетикага доир лойиҳаларнинг натижаларидан дарак йўқ. Давлатлараро электр ҳисоблагичларни янгилаш учун ажратилган маблағ ҳам ўзлаштирилгани сабабли ҳозир давлатлараро электр ўғирлашлар авжида. Ҳар йили Тожикистоннинг 5-6 миллиард киловатт соат электри Ўзбекистонга пулланади”,- деди мустақил кузатувчи.

Кўпгина маҳаллий таҳлилчилар “Барқи тожик” ширкати фаолиятини текширган хорижий аудиторлар бошқаларга махфий маълумотларни ошкор эта олмаслиги, чунки компанияда “уч бухгалтерия” усулида ишланишини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG