Линклар

Эроннинг жавоби АҚШ ва Европа Иттифоқини қониқтирмади

  • Ҳасанжон

Уранни бойитиш дастурини тўхтатиши эвазига халқаро ҳамжамият Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорлик ҳақида таклифлар берган эди. Бу таклифга жавобдан қониқмаган АҚШ ва ЕИ БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга нисбатан янги жазо чоралари кўришни режалаштирмоқда.

Оқ уй матбуот котиби Дана Перино Вашингтон расмийлари ва европалик иттифоқчилар уранни бойитиш дастурини тўхтатиш ҳақидаги халқаро ҳамжамият таклифига суст жавоб қайтарган Эронга қарши янги жазо чоралари кўриш тарафдори эканини айтди.

Бироқ дипломатларнинг сўзларига кўра, Россия ва Хитой бунга қарши чиқиши мумкин.

Эрон уранни бойитиш дастурини тўхтатиш эвазига иқтисодий манфаатли ҳамкорлик ҳақидаги таклифга жавобини ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Соланага топширган. Ўз навбатида Ҳ.Солана мактубни 5+1, деб аталаётган гуруҳ, яъни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси - АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция, Хитой ва Германия вакилидан иборат гуруҳга тақдим этган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили ўринбосари вазифасини бажараётган Гонсало Галлегос 5 август куни Вашингтонда Эроннинг жавоб мактубига тўхталиб: “Биз эронликлар жавобини ўрганяпмиз. ... Аввал биз Эрон томонидан таклифга аниқ, ижобий жавоб берилишини кутаётганимизни айтган эдик. Бундай жавоб бўлмади. Шу боис, икки йўналишли стратегиямизнинг бир қисми ўлароқ, уларга қарши чора кўришдан бошқа иложимиз йўқ”, – деди.

5+1 гуруҳи аъзолари уранни бойитиш ишларини тўхтатишни рад қилиб келаётган Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласини муҳокамага қўйишни режалаштирмоқда.

4 август куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Қашқавий ўз мамлакати уранни бойитиш ишларини тўхтатмаслигини билдирди. Ҳ.Қашқавий Эрон оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномаси доирасида тинч мақсадларни кўзлаб атом энергиясини ривожлантириш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги Теҳрон расмийлари қарашини яна бир марта такрорлади.

Ғарб давлатлари Эрон яширинча оммавий қирғин қуроли яратаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Эрон эса ўзининг ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши уранни бойитиш дастурини тўхтатишдан бош тортиб келаётган Эронга нисбатан 2006 йилдан бери уч марта жазо чоралари қўллаган.
XS
SM
MD
LG