Линклар

logo-print

Оммавий қамашлар яна авж олмоқда


Куни-кеча Тошкентда қирқ киши “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Шаҳрисабзда эса диний экстремизмда айбланган ўн бир фуқаро билан боғлиқ тергов жараёни ниҳоясига етиб, жиноят иши судга оширилди.

5 август куни Тошкентда “Жиҳоз” деб номланган диний жамоатнинг етакчиси ва қирқ аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар қилади “Интерфакс” ахборот агентлиги.

Маълум бўлишича, диний жамоат тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига қарашли бўлган. Унинг етакчиси Мақсуд З. исмли йигит мунтазам равишда араб давлатларига бориб келиб юрган.

“Хорижлик устозлари нафақат унга билим берган, балки экстремистик ғояларни тарғиб этувчи катта миқдорда махсус адабиёт ва видеоматериаллар билан таъминлаб келган”,- дейилади Ўзбекистон ИИВдаги манбадан келтирилган иқтибосда.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов-суриштирув олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистонда ҳам диндорларни оммавий ҳибсга олишлар бўлаётгани ҳақида гапиради ўзбек қочқини Муҳаммадсолиҳ Обутов. Яқинда унинг намозхон укаси Саидкамол Обутов ҳибсга олинганди. М.Обутов эндиликда укасидан ташқари яна ўн намозхон йигит ҳам ушланганини билдирди.

“Тўрткўлда бир ой олдин ҳажга бориб келганлардан 30 тасини қамашибди. Буларнинг ҳаммаси Тўрткўлнинг ўзидан экан. Бу ҳаммаси аниқ гаплар. Укам қамалганидан кейин яна бошқаларни ҳам қамашибди. Улар Азим деган қассобчилик билан шуғулланадиган йигит, Тўхтабой ва Қувват деган этикчилар ва ҳоказо. Булар оддий намозхон йигитлар. Хуллас, ўнга яқин одам шу яқинда қамалган. Буларни ҳаммаси ҳозир укам билан бирга Нукусда”,- деди М.Обутов.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида эса диний экстремизм ва террорчиликда айбланиб, 15 июнь куни ҳибсга олинган ўн бир йигитга қарши очилган жиноят иши бўйича тергов якунланиб, иш судга оширилган.

Ҳибсга олинганлар орасида 33 ёшли футболчи Нурали Кароматов ҳам бор. У Китоб футбол жамоасида мураббий бўлиб ишлайди. Нуралининг рафиқаси Ҳусния Искандарова эри диний экстремизмга алоқадорликда гумон қилинаётганини тасдиқлади.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг билдиришича, бу каби оммавий ҳибсга олишлар ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бошланиб, ҳозирга қадар давом этиб келаётир.

“Бундан ташқари, мана шу Шаҳрисабзда 13 та намозхон қамалган. Яқинда Деновда 4 та аëл қамалди. Ўзбекистон қамоқхоналарида диний сабаблар билан қамалганлар сони кундан-кунга кўпайиб кетяпти. Бир хил ташкилотлар уларнинг сонини 7000-8000 нафар эканини айтади. Бизни фикримизча, уларнинг сони 10 мингга етиб борди. Уларни биронтасида конкрет айб йўқ. Экстремизм ва терроризмда айбланганлардан бирортасининг исботи судда кўрсатилмаган”,- деди С.Икромов.

Ҳусния Искандарова ҳам диний экстремизмда айбланаётган эри Нурали Кароматовнинг диний ташкилотга алоқаси йўқлигини айтар экан, спиртли ичимлик ичувчилардан ҳам “диний экстремистлар” ясалаётгани ҳақида гапирди.

“Эрим футболчи. Умуман намоз ўқимайди. Ютқазган вақтлари ичади. Ушлаб кетган куни ҳам ичган эди. Мен ўша куни милиция ходимларига у ичганини айтиб, қонини текшириб кўришни ҳам сўрадим”,- дейди Ҳ.Искандарова.

Суръат Икромов ичувчилардан ёки оддий намозхонлардан “диний экстремистлар” ясаш масаласини бугунги ҳукумат юритаётган сиёсат билан боғлайди.

“Биласизми, ҳукумат иқтисодий ислоҳот, диктаторлик, инсон ҳуқуқлари масалаларидан дунë ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистонда террорчилар ва экстремистлар кўплигига қаратмоқчи. Бу ҳозир давлатнинг стратегияси бўлиб қолди”,- деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG