Линклар

Олимпиада ўйинлари ва диктатуралар

  • Озодлик

Пекинда Ёзги Олимпиада ўйинлари очилиши арафасида “Озодлик”нинг Вашингтондаги мухбири Ҳитэр Мэр “Олимпиада инқирози: Спорт, сиёсат ва маънавий буюртма” китоби муаллифи, Техас университети профессори Жон Ҳоберман билан суҳбатлашди.

1896 йилда ўтказилган биринчи Олимпиада ўйинлари спортнинг сиёсат ва сиёсатнинг спорт билан узвий боғлиқлигига биринчи мисол бўлган эди. Яқинда Хитойда ўтадиган Олимпиада ҳам бундан холи эмас. Хитой ҳукумати бу ўйинларга тайёргарлик кўрар экан, меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида ўз аҳолисини янада кучайтирилган назоратга олгани, ўзгача фикрловчиларни янада кучлироқ босимга олаётгани ва инсон ҳуқуқлари борасида пардозланган ўзгаришлардан ташқари ҳеч нарса қилмагани танқид остига олинмоқда.

Жон Ҳоберман фикрича, Хитой Олимпиада ўтказилаётган диктатура тузумидаги ягона давлат эмас.

“Ўтган 75 йил ичида бешта авторитар режимли давлатда Олимпиада ўйинлари ўтказилган. 1936 йилда Берлин Олимпиадаси сокин ўтган, 1968 йилда Мехикода ўтган Олимпиада эса Мексика армиясининг тинч намойишчиларни қатлиом қилиши билан бошланган. 1980 йилда ўтган Москвадаги Олимпиада фақат полициянинг қатъий назорати ва диктаторлик режими кучи билангина тинч ўтди. Навбатдаги Олимпиада ўйинларини Пекинда ўтказиш тўғрисида қарор чиқарар экан, Халқаро Олимпия қўмитаси яна бир бор авторитар тузим билан ҳамкорлик қилмоқда, дейиш мумкин. Умуман бу жуда баҳсли масала”,- деди профессор.

1980 ва 1984 йилги Олимпиадаларда бойкотлар ҳам бўлган. Масалан, АҚШ 1980 йилда Москвада ўтган Ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишдан бош тортган. Американинг ўша вақтдаги президенти Жим Картер буни СССРнинг 1979 йилда Афғонистонга бостириб киришига норозилик сифатида эълон қилди. АҚШ президентининг бу ташаббусини дунёнинг кўпчилик давлатлари қўллаб-қувватлади ва Москва Олимпиадасига ўз спортчиларини жўнатмади. 1984 йилда эса СССР бунга жавобан Лос-Анжелесда ўтган Олимпиадада иштирок этишдан бош тортган.

“Ҳеч қачон сиёсийлашмаган Олимпиада ўйинлари ўтказишга муваффақ бўлинмаган. Хитой мисолида гапирсак, бу мамлакат Олимпиада ўйинларида ғалаба қилиш истагида ёнаётган ва бунинг учун спорт мактабларида махсус шуғулланаётган тўрт юз минг ўсмир спортчига эга. Ҳар бир давлат бу ўйинлардан ўзининг қудратини оламга намойиш этиш каби сиёсий мақсадда фойдаланади”,- деди Жон Ҳоберман.

Бундан бир неча йил аввал 2008 йилги Олимпиада ўйинлари Хитойда ўтиши эълон қилингач, дунё Пекин расмийларидан инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилашни кутганди. Бироқ кузатувчилар Хитой ҳукумати Олимпия ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида ўзгача фикрловчиларни меҳнат лагерларига жўнатиш билан шуғулланаётганини айтмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш ҳам 7 август куни Таиландга қилган сафари чоғида Олимпиада ўйинлари шарофати билан Хитой ҳукуматини инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга чақирди. Аммо Хитой ҳукумати буни мамлакат ички ишларига аралашув сифатида талқин этмоқда.

Жон Ҳоберман Халқаро Олимпия қўмитасининг 2014 йилги Қишки Олимпиадани ўтказиш ҳуқуқини Россияга топширганини ҳам танқид қилди.

“Умид қиламанки, ташкилотчилар инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида босим кўрсатади. Лекин қайтариб айтаман, Халқаро Олимпия қўмитаси жуда қийин вазиятга тушиб қолди. Мен 2014 йилги қишки ўйинларни ўтказиш Россияга топширилганини эшитиб ҳайрон қолган эдим. Чунки Владимир Путин ҳақиқатан ҳам Россиядаги демократияни бўғиб ўлдирди”,- деди Жон Ҳоберман.
XS
SM
MD
LG