Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

“Бирдамлик” фаоллари безориликда айбланмоқда


Уч нафар ҳуқуқ фаоли ва журналистлар Ўзбекистонда кузатилаётган анъанавий сценарий бўйича, яъни аввал номаълум аёллар гуруҳи томонидан калтакланиб, кейин уларнинг ўзлари жиноятда айбланди.

Воқеа 5 август куни Самарқанддаги Сиёб бозори ҳудудида содир бўлган. Мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг Самарқанд бўлими раҳбари Пардақул Тўрақулов, ҳаракат аъзоси Зоҳир Ҳасанзода ва яна бир ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров номаълум аёллар томонидан калтакланган.

“Бир неча аëллар келиб, у ерда бақир-чақир бошлаган. Учовининг ҳам кўйлакларини, қўлларидаги сумкаларини йиртиб ташлашган. Комил Ашуровнинг юраги ëмон бўлиб шу ерда йиқилиб қолган. Кимдир тез ëрдам чақирган. Тез ëрдам етиб келгунча аëллар буларни жуда ҳам ëмон сўзлар билан ҳақорат қилган”,- дейди воқеа тафсилотлари ҳақижа “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўлими раҳбари Дилором Исҳоқова.

П.Тўрақулов билан З.Ҳасанзода ҳуқуқ фаоли бўлиш билан бирга “Овози тожик” газетасининг Самарқанддаги мухбирлари ҳисобланади. 5 август куни улар ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашуров билан бирга Сиёб бозорига битта шикоят аризасида ёзилган ҳолатларни ўрганиш учун борган ва қайтиб келишда бозор ҳудудида аёллар ҳужумига дуч келган. Калтакланган ҳуқуқ фаоллари кейинчалик милиция бўлимига олиб кетилган ва безориликда айбланган.

“Милицияда уларни соат 9гача ушлаб ўтиришган. Улардан шаҳардан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олишган”,- деди Д.Исҳоқова.

Ҳуқуқ ҳимоячилари уйларига қўйиб юборилгани айтилаётган бўлса-да, “Озодлик” мухбири уларнинг бирортаси билан боғлана олмади. Д.Исҳоқова ҳам “Бирдамлик”даги бу сафдошларини топа олмаётганини айтди. Шунинг учун ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги тахмини ўртага чиқмоқда.

“Кўнглимда хавотир бор. Чунки бундан 10 кун олдин Самарқандга бориб Комил Ашуров ва Пардақул ака билан учрашган эдим. Ўшанда К.Ашуров: “Бизнинг бошимизда ҳам қора булутлар айланаëтганга ўхшайди”, деган эди. Минг афсуски, менимча, бу ишлар бошланган кўринади”,- деди Д.Исҳоқова.

Самарқандда ҳуқуқ фаоллари билан воқеада масаланинг икки жиҳати эътиборни тортади.

Биринчиси, Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларининг номаълум аёллар томонидан калтакланиши одатий кўринишга эга бўлаётир. Кейинги пайтда мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг енгилтабиат ёки лўли аёллар ҳужумига дуч келиши тез-тез кузатилмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаолларига ҳам ҳар бир ўтказилган пикет пайтида номаълум аёллар ҳужум қилиб, уларни калтаклаган. Альянс фаоллари бу аёллар милиция ходимлари томонидан махсус ёлланганини иддао қилганди.

Альянс фаоли Абдулла Тожибой ўғли ҳам айни шу каби бир неча калтакланиш воқеаларини бошидан ўтказган ва ҳар сафар жамоат тартибини бузганлик айби билан жавобгарликка тортилган.

Унинг “Озодлик”ка билдиришича, шу каби калтакланиш воқеаларидан бирида уни ҳам ҳибсга олишларидан қочиб, Ўзбекистонни тарк этган.

“Бизнинг устимиздан катта жинояи иши қўзғаш мақсадида шундай ишлар олиб борилди. Ўзбекистонда қолганимизда ва қўлга олинишимизни кутиб ўтирганимизда, бизни сохта айблар билан узоқ муддатга қамаб юборишлари мумкин эди”,- дейди А.Тожибоей ўғли.

Самарқанддаги калтакланиш воқеасида масаланинг яна бир жиҳати бу кейинги пайтда мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоллари айнан безорилик ва товламачиликда айбланиб ҳибсга олинаётганидир.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Баҳтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр Ҳамроев ҳам безорилик айблови билан қамоқ жазосини ўтаб чиқди. Жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам безорилик ва товламачилик айблари билан қамалиб чиққан.

Фарғоналик таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам дастлаб товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинчалик унга нисбатан Жиноят кодексининг 16 та моддаси бўйича айблов эълон қилинганди.

Хоразмлик ҳуқуқ фаоли 72 ёшли Исоқ Абдуллаевга қўйилган 18 модданинг биттаси товламачилик бўлса, “Бирлик халқ харакати” партияси аъзоси, наманганлик Муҳаммадали Қорабоев ҳам товламачиликда айбланиб қамалганди.

Мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов ҳам товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили жиззахлик Аъзам Фармонов эса товламачиликда айбланиб, 9 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва Жаслиқ қамоқхонасига ташланганди.

Ҳозир безориликда айбланаётган самарқандлик уч ҳуқуқ фаолига нисбатан ҳам кейинчалик кескин жазолар қўлланилиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG