Линклар

Когон портлашлари ҳақида тўлиқ маълумот ҳали ҳам йўқ

  • Ҳасанжон

Когон портлашлардан қарийб бир ой ўтиб, Ўзбекистон ҳукумати нафақат асл ҳақиқатни яширишга уринди, балки унинг сабаблари ҳақида тўлиқроқ расмий маълумот эълон қилгани ҳам йўқ.

www.isn.ethz.ch сайтида “Ўзбекистон: назоратни йўқотиш” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда мақола муаллифи, Флорида давлат университети халқаро алоқалар дастури ходими Асбед Кочикиан Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги ҳарбий омборда юз берган портлашлар ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳодисага дастлабки реакцияси портлаш билан боғлиқ барча хабар ва маълумотни цензура қилиш бўлганини ёзган.

Унинг билдиришича, ҳукумат Когондаги ҳарбий омборда содир бўлган портлашлар ҳақидаги маълумотни кичрайтириб кўрсатган. Ўз навбатида, бу одамларнинг ҳукуматга ишончсизлигини оширади. Портлашлар сабаби оммага ошкор қилинмагани кишилар орасида турли миш-мишлар тарқалишига, хусусан, портлаш сабаби ҳукумат расмийларига ҳам маълум эмас, деган гаплар тарқалишига сабаб бўлган.

Ғарблик таҳлилчи фикрича, Когондаги портлаш сабабларини ўрганиш ва масалага ойдинлик киритиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилганига қарамай одамлар орасида воқеага исломчилар ва айрим мухолиф гуруҳлар алоқадор, деган миш-мишлар тарқалган.

“Олиб борилган расмий текширув хулосасида Когонда содир бўлган портлаш тасодифан юз бергани ҳақидаги ҳукумат позицияси яна бир марта қайтарилиши кутилаётган бўлса-да, бу воқеа Каримов ҳукумати хавфсиз эмаслиги ва мамлакатга ахборотнинг эркин кириб келишини тўлиқ назорат қилишга уриниш хатолик эканини кўрсатди”, - дейди Асбед Кочикиан.

Когондаги ҳарбий омборда портлаш содир бўлганидан кейин Ўзбекистон телевидениеси воқеа ҳақида ўша куни биринчи марта расман: “Портлаш натижасида уч киши ҳалок бўлган, 21 киши жабрланган”, деб хабар тарқатган эди.

Бироқ “Ўзньюс.нет” мухбири эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб портлашлар оқибатида 27 киши қурбон бўлгани, уларнинг аксарияти ҳарбийлар экани, шунингдек, ҳарбий қисм яқинида жойлашган биноларда яшовчи одамлар ҳам портлашдан зарар кўрган тўғрисида хабар тарқатди.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов телевидение орқали чиқишида ҳукумат томонидан барча зарурий чоралар кўрилганини айтди.

“Воқеа жойига тегишли вазирликлар бошчилигида махсус гуруҳлар етиб келди. Жойда вазиятни ўрганиб чиқилгандан кейин керакли чора-тадбирлар кўрилди. Биринчи ишимиз хавф туғдирадиган жойлардан аҳолини хавфсиз жойларга кўчириш бўлди. Улар озиқ-овқат билан таъминланди, тиббий хизмат кўрсатилди ва вақтинчалик турар жойлар билан таъминланди. Иккинчидан, республикамизнинг энг малакали ўт ўчирувчилари, сапёрлари ва замонавий махсус техникалар воқеа жойига жалб қилиниб, 10 июлнинг эрталабига қадар ёнғин бартараф қилинди ва воқеа содир бўлган жойни тартибга солиш ва таъмирлаш ишлари ҳозиргача давом этмоқда”, – деди ички ишлар вазири.

Шундан кейин Ўзбекистон матбуотида Когон портлашларига оид маълумотлар берилмади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 17 июль куни Когонга бориб воқеа юз берган жойни кўздан кечирганидан сўнг телевидение орқали қилган чиқишида портлашлар ҳақида халққа маълумот бериш кераклигини таъкидлади.

Бироқ Ўзбекистон раҳбари шундай кўрсатма берганига қарамай, республика матбуотида Когондаги портлашлар ҳақида батафсил маълумот бермади. Воқеага оид асл вазият кенг жамоатчилик учун ҳамон мавҳум бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG