Линклар

Жанубий Осетияда яна отишмалар юз берди

  • Ҳасанжон

Жанубий Осетия раҳбарлари 7 августга ўтар кечаси бир неча қишлоқ ва пойтахт Цхинвали Грузия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгани, оқибатда 18 киши ярадор бўлганини билдирди.

Россия қўллаб-қувватлаб келаётган Жанубий Осетия раҳбари Эдуард Кокойти Грузияни отишмани биринчи бўлиб бошлаганликда айблади.

“Грузия томони Цхинвалини минамёт, гранатамёт ва катта калибрли тўплардан ўққа тутишини тўхтатиш учун россиялик тинчликпарвар кучлари бор имкониятни ишга солди. Ўт очиш тўхтамаганидан кейин биз ҳам жавоб ўти очишга мажбур бўлдик”, – деди Э.Кокойти.

Грузиянинг реинтеграция масалалари вазири Темур Иакобашвили эса отишма учун жавобгарликни Жанубий Осетия зиммасига юклади.

“Улар янги усул қўллашяпти. Улар фуқароларга қарашли объектлар – мактаблар ва шифохона биноларидан туриб бизни ўққа тутяпти. Агар биз жавоб ўти очсак ва бирор зарар етказсак, улар буни Грузия томонининг ваҳший ҳаракати, деб жар солишни мақсад қилган. Бу улар томонидан содир этилаётган ваҳший ҳаракат. Чунки улар аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва тинч ҳаёти ҳисобига ташвиқот олиб боряпти”, – деди вазир.

Грузия президенти Михаил Саакашвили отишма пайтида ярадор бўлган грузиялик икки ҳарбийни кўриш учун 7 август куни Жанубий Осетия чегарасига яқин жойлашган Гори шаҳрига борди. У ҳам отишма учун Жанубий Осетия ва анча вақтдан бери исёнкор ўлкани қўллаб-қувватлаб келаётган Россияни айблаб, барча томонни “ушбу ақлсизликка чек қўйиш”га чақирди.

“Мен қарама-қаршиликнинг кучайиши Россия Федерацияси манфаатига хизмат қилмаслигига ишонаман. Шубҳасиз, бу Грузия манфаатларига ҳам мос келмайди. Ҳозир бўлаётган воқеалар анчадан бери давом этаётган васвасали милитаризациялаш сиёсати, сўнгги кунларда атиги 30 минг аҳоли яшайдиган бу минтақа ҳақида Россия телевидениеси орқали милитаристик ташвиқотлар олиб борилаётгани натижасидир. Буларнинг барчаси учун сўнгги йилларда шундай сиёсат юритиб келаётганлар масъулдир”, – деди Грузия президенти.

Грузия билан унинг икки исёнкор ўлкаси – Абхазия ва Жанубий Осетия ўртасида сўнгги ойларда вазият кескин тус олди.

Грузиянинг Ғарбдаги асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ 6 август куни барча томонни музокараларни қайта бошлашга чақирган эди. Пайшанба кунги тўқнашувлардан кейин Грузия ва Жанубий Осетия расмийлари ўртасида шу ҳафта Цхинвалида ўтиши кутилган учрашув амалга ошиши эҳтимолдан йироқ экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG