Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:36

Тожикистон Зарафшон ГЭСни қуришни бошлаши мумкин


Тожикистон ҳукумати Зарафшон ГЭС қурилишига тайёргарликни бошлаб юборди. Маълумотларга кўра, Хитой раҳбарининг 26-27 августда Тожикистонга расмий сафари чоғида Зарафшон ГЭС тақдири ҳал бўлади.

“Барқи тожик” энергетик ширкати вакили Рашид Гуловнинг билдиришича, Хитой президентининг Душанбега сафари давомида Зарафшон ГЭСни хитойликлар ёрдамига қуришга оид ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти. ГЭС қурилишига тайёргарлик иншоот лойиҳаси холис экспертлар томонидан ўрганилиб, хулосаси эълон қилингандан сўнг бошланган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеясида қилган маърузасида Марказий Осиёдаги сув муаммолари борасида жаҳон ҳамжамиятини огоҳлантириб, трансчегара дарёлар бошида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонда қурилажак ГЭСлар минтақага жиддий экологик хавф туғдириб, давлатлараро можароларга сабаб бўлаётганини билдирганди. У бу мамлакатларнинг қўшниларнинг розилигисиз ГЭС ва тўғонлар қуриши БМТ конвенциясига зидлигини эслатганди.

В.Норов агар бу мамлакатлар ўз энергетик иншоотлари лойиҳаларини қўшнилар манфаатини ҳисобга олмай амалга оширса, Ўзбекистон томони улардан товон талаб қилишини таъкидлаганди.

Шундан сўнг анчадан буён ўзбеклар ва тожиклар ўртасида Зарафшон ГЭС қурилиши атрофида давом этиб келган баҳсларга нуқта қўйиш учун томонлар Тошкентда учрашди. Ўтган йил 8 ноябрда Тошкентда кечган музокараларда Ўзбекистон томони Зарафшон ГЭС лойиҳаси холис экспертлари томонидан ўрганилиб чиқилиши таклифини киритди. Тожикистон бу таклифга кўнди.

Яқинда Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий германиялик холис экспертларнинг Зарафшон ГЭС лойиҳасига доир хулосаси эълон қилингани муносабати билан гапириб: “Зарафшон ГЭС лойиҳаси бўйича хулосалар бу энергетик иншоот қўшниларимизга бирор зарар етказмаслигини яна бир карра тасдиқлади. Ўйлайманки, бу ҳам қўшниларимиз билан муносабатларимиз яхшиланиши ва минтақадаги вазиятнинг нормаллашишига кўмаклашади”,- деди.

“Барқи тожик” ширкати вакилининг сўзларига кўра, йилига 200 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқарадиган Зарафшон ГЭС Хитойнинг “Чайнаҳидро” ширкати томонидан 300 миллион доллар эвазига уч йил мобайнида қуриб битказилиши керак.

“Агар бу ГЭС қуриб ишга туширилса, у ишлаб чиқарадиган электр қуввати Зарафшон водийсини йил бўйи электр билан таъминлаш имконини беради ва биз қўшнилардан электр сотиб олишимизга эҳтиёж қолмайди”,- деди Р.Гулов.
XS
SM
MD
LG