Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:07

Яна ўзбек фоҳишалари қўлга олинди


Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги фоҳишахоналарнинг бирида ўзбекистонлик аёллар, хусусан, уларнинг орасида ишлаган вояга етмаган қизлар ҳам борлиги аниқланди.

Аниқланишича, ўзбекистонлик 13 фоҳишани шарқий қозоғистонлик аёл 2 та бир хонали квартирада сақлаган.

Олмаота шаҳри ички ишлар департаменти матбуот хизматининг билдиришича, қўлга олинган ўзбекистонликлар орасида вояга етмаган 2 қиз ҳам бўлган.

Ҳозир фоҳишахона эгаси бўлган аёл қўшмачилик, вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилиш ва фоҳишахона очганлик айбловлари билан жиноий жавобгарликка тортилган. Қўлга олинган ўзбек фоҳишалари эса тергов изоляторида сақланмоқда.

Ўзбекистондаги “Моҳият” газетаси ҳам хориждаги ўзбекистонлик фоҳишалар мавзусини кўтарди.

Газетада чоп этилган мақолада айтилишича, хорижга кетаётган аксар ўзбек хотин-қизларининг асосий мақсади бойиш ва яхши ҳаёт кетидан қувишдир. Бунга мисол сифатида газета араб давлатига ана шу мақсадда бориб қолган Ирина исмли ўзбекистонлик аёл ҳикоясини келтиради.

Бойлик орттириш мақсадида хорижга борган Ирина кейинчалик араб қўшмачисининг қурбонига айланади. Бадавлат бўлиш орзуси чиппака чиққан ўзбекистонлик аёл аксинча фоҳишахонада араб мижозлари кўнглини овлашга мажбур бўлган.

Ушбу воқеа сўнггида Ирина фоҳишахонадан қочиб, яхши одамлар ёрдамида ҳужжатларини тиклаб, юртига қайтишга муваффақ бўлгани айтилади. Бироқ муаллиф шу жойда ўз мақоласига нуқта қўймай, “Нега бизнинг хотин-қизларимиз очлик кетидан қувиб бу қадар паст кетмоқдалар”,- деган саволни ўртага ташлайди.

Ўзбекистонлик суҳбатдош Дилбар “Моҳият”даги мақола билан танишганини ва муаллиф ўртага ташлаган саволга ўз жавоби борлигини айтади.

“Бунга уйидаги етишмовчилик сабаб бўлаётгандир. Уйида яхши яшаса, ким четга кетгиси келади?!”- деди Дилбар.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ўзбекистонлик хотин-қизларнинг хориж давлатларида танфурушлик қилишида мамлакатдаги мавжуд режим йўл қўйган хатолар сабаб эканини таъкидлади.

“Ўзбекистонлик хотин-қизлар дунёнинг барча борделларида, кабаре-казиноларида, ресторану меҳмонхоналарида бор, деса бўлади. Чунки улар “жаннатмакон” деган Ўзбекистонни тарк этиб, бошқа жойларга боришга мажбур. Буларни инкор қилиб бўлмайди. Афсус, буларнинг асосий сабаби, Ўзбекистондаги ижтимоий аҳвол, иқтисоднинг қолоқлиги”,- деди Т.Йўлдошев.

Қозоғистонлик кузатувчилар эса ҳозир қозоғистонликлар ҳам мамлакат ичида ва хорижда жинсий экплуатацияга мажбурланаётганини айтаётир.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, жорий йил бошидан буён Олмаотанинг ўзида хорижлик қизларни фоҳишаликка мажбур қилган 14 та қўшмачи жиноий жавобгарликка тортилган.
XS
SM
MD
LG