Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Жумаевларнинг ягона умиди АҚШдан


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:02v9KzaiRflcGM:http://uzbekcongress.files.wordpress.com/2006/11/yusuf_juma1.jpg Айни пайтда Жаслиқда қамоқ жазосини ўтаётган шоир ва мухолифатчи Юсуф Жуманинг ўғли Бобур Жумаев АҚШ президентига очиқ хат йўллаб отасини қамоқхонадан озод қилишга кўмаклашишни сўради.

Жорий йилнинг апрель ойида Бобур отаси Юсуф Жума билан бирга тан жароҳати етказиш ва ҳокимият вакилига бўйсунмаслик каби сохталаштирилган айблар билан судга тортилган эди. Юсуф Жума беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ўғли Бобурга эса уч йиллик шартли жазо белгиланди.

«Озодлик»ка маълум бўлишича, ҳозир Бобурга нисбатан шартли жазо қамоққа олиш билан ўзгартирилган ва айни пайтда Бобур қамоққа олинишдан қочиб яшириниб юришга мажбур бўлмоқда. У хавфсизлиги юзасидан «Озодлик» билан боғланишни хоҳламади.

«Озодлик» унинг муҳожиратда яшаётган акаси Алишер билан суҳбатлашди.

Озодлик: Алишер, укангиз АҚШ президентига очиқ хат йўллади. Олдинроқ эса 10 ëшли укангиз Жавҳарбек АҚШ ҳукуматига мурожаат билан чиққан эди. Нимага Юсуф Жума оиласи айнан АҚШдан ëрдам кутяпти?

Алишер Бедил: Бунга сабаб АҚШ ҳар доим Ўзбекистондаги демократик кучларни ҳимоя қилиб келган. АҚШ ҳукуматида дадамни шахсан танийдиган одамлар бор. У ерда дадамни ҳимоя этишга ҳаракат қиладиган одамлар бор. Ўзбекистон ҳукумати дадамни чиқариб юборишни ҳеч қачон истамайди. Каримов дадамни ўзининг шахсий душмани, деб билади. У дадамни жисмонан йўқ қилиб юбориш учун нафақат Ўзбекистоннинг, балки дунëнинг энг даҳшатли қамоқхоналаридан бири Жаслиққа юбортирди. Укам Бобурнинг хат ëзишига сабаб дадам унга суддан олдин: «Сен қамоқдан чиқсанг АҚШ президентига хат ëзишинг керак. АҚШ ҳукумати мени чиқариб олмаса, Ўзбекистон ҳукумати мени жисмонан йўқ қилиб юборади. Улар шунга ҳаракат қиляпти. Мени қамаб юборишади», деб айтган.

Юсуф Жуманинг рафиқаси ва яна бир ўғли ҳам айни пайтда Ўзбекистонни тарк этиб, қўшни давлатлардан бирида яшириниб яшашга мажбур бўлаётир. Бошқа бир ўғли Машрабнинг эса қамоқхонадан қочгани айтилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Яқинда Юсуф Жуманинг қизи Феруза Жумаева Жаслиқ қамоқхонасига бориб отаси билан учрашишга муваффақ бўлди.

Феруза Жумаеванинг Озодликка маълум қилишича, отаси Юсуф Жумага нисбатан Жаслиқ қамоқхонасида мунтазам қийноқлар қўлланилмоқда.

«Дадамни соғлиқлари жуда ҳам ëмон. Аҳволлари ҳам жуда оғир. Дадамга нисбатан ҳар хил қийноқларни қўллаб азоблашаëтган экан. Жуда ҳам озиб кетганлар. Ҳатто 40 кг ҳам чиқмайдиган ҳолга келиб қолганлар. Президентимизнинг душманисан, деб дадамни шафқатсиз равишда дўппослашган. Юрагининг устига, кўкрагига уришган. Қовурғалари синиб, кўкраклари шишиб кетган. Оëқлари шишиб кетган. Оëқларининг тагига дубинка билан соатлаб уриб яна оëқда ўтирғизиб қўяр эканлар. Дадамга шафқатсиз қийноқ қўллаш билан бирга унинг ëнига жинниларни, туберкулёз касали борларни қўяëтган экан. 17 декабрдан буëн дадамни қийнашган. Бунчалик ваҳшийликка ҳатто ҳайвон ҳам бормайди. Икки ойдан бери карантинда сақлашаëтган экан. Дадам ҳатто сувни ҳам бесўроқ ича олмас экан. Улар берса ичарканлар. Суткалаб сувсиз қолиб кетар эканлар. Ҳожатга ҳам улардан сўраб бориш керак экан”,- деганди Феруза Жумаева.

Жаслиқ, қолаверса, Ўзбекистондаги барча қамоқхоналарнинг матбуот учун ёпиқ ҳудуд экани кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам қамоқхоналардаги қийноқлар борасида мутасаддилар билан боғланиш имкони йўқ. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим мамлакатда қийноқлар мавжудлигини инкор қилиб келади.

Ҳозир қийноқларга солинаётгани айтилаётган Юсуф Жума мустақиллик йилларида тўрт марта судланган. 2001 йилда у давлат тузумини ағдаришга даъват қилишда гумонланиб ҳибсга олинган.

Юсуф Жума тўрт ўғли билан биргаликда Каримов режимига қарши курашаётганини ҳар доим ошкора таъкидлаб келган. Шунингдек, Юсуф Жума ўз ижоди орқали ҳам Каримов режимига қарши курашиб келган:

Андижон қони тутсин сени, эй, бефарқ дунë¸
Мазлум қолиб мустабид тождорга юкунасан.

Нега жимсиз, эй, салла ўраган ҳукмдорлар,
Ислом байроғи нима: имонми ë саллами?

Манфаат деб дунëни сўраган ҳукмдорлар
Нафсу наҳс ботқоғига ботган калла каллами?

Манфаат иштонини бошга кийиб олганлар,
Минг тўфонни бошлайди ҳар томчи мазлум қони.

Андижоннинг ҳолига бефарқ назар солганлар
Бошингизга келади Нуҳ замонин тўфони.

Эй, менинг мазлум халқим, эй, менинг бахти қаром
Хунларингга қўшилган қароқларимнинг хуни.

Озодлик йўлларида сени қўлласин Худо,
Қонли бошингдан олсин, қонга ботган қузғунни.
XS
SM
MD
LG