Линклар

logo-print

Грузияда уруш ҳолати эълон қилинди


Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакатда уруш ҳолати жорий қилди.

Бу ҳақда Грузия Миллий хавфсизлик кенгашининг Тбилисида ўтказилган фавқулодда йиғилиши чоғида эълон қилинди. Грузия парламенти мамлакат президенти қарорини маъқуллади.

Айирмачи Жанубий Осетия ҳудудида эса Грузия ва Россия қўшинлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда.

Россия пиёда қўшинлари қўмондони Владимир Болдирев Цхинвали шаҳри Грузия ҳарбийларидан тозаланганини маълум қилди.

Грузия расмийлари мамлакатнинг айрим ҳудудлари Россия ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинганини билдирмоқда. Бундай ҳаво зарбаларидан бири Грузиянинг Гори шаҳрида амалга оширилди. Хабарларга кўра, ракета ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан ўнлаб киши нобуд бўлган.

“Ҳарбий базага яқин ҳудудда биз мудҳиш воқеага гувоҳ бўлдик. Базага яқин иккита кўп қаватли бино ҳам бомбардимон қилинган эди. Иккала уйнинг ҳовлиси жасадларга тўла эди”,- деди “Озодлик”нинг минтақадаги муҳбири Коба Ликликадзе.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Жанубий Осетия ҳудудида рўй берган тўқнашувларда 1600 фуқаро нобуд бўлганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG