Линклар

logo-print

Олтин медал олган ўзбек спортчиси 100 минг долларлик бўлади

  • Ҳурмат Бобожон

Пекиндаги “Қуш уяси” стадионида бўлиб ўтган Ёзги Олимпиада ўйинларининг расмий очилиш маросимини дунё бўйлаб 4 миллиардга яқин киши томоша қилди.

Ўйинларнинг очилиш маросими 2008 йил 8 август куни маҳаллий вақт билан саккиздан саккиз дақиқа ўтганда бошланди. Айтишларича, саккиз рақами хитойликлар учун файзли рақам ҳисобланар экан. Олимпиада ўйинларининг очилиш тантаналарида қарийб 10 минг киши иштирок этди.

Пекин Олимпиада тарихидаги энг қиммат ўйинларга мезбонлик қилмоқда. Олимпиада ўйинлари Хитойга 40 миллиард долларга тушган. Ўйинларда дунёнинг 205 давлатидан 16 мингга яқин спортчи иштирок этади. Ўзбекистондан 58 спортчи Ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашади ва мамлакат учта олтин медалга кўз тикмоқда. Айрим ғолиб спортчилар ўйинлар баҳона каттагина маблағлик ҳам бўлиб оладиган кўринади.

Ўзбекистон президенти олтин медал соҳиби бўлган ўзбекистонлик спортчига 100 минг АҚШ доллари, кумуш медал билан қайтганга 50 минг, бронза медали соҳибига эса 25 минг доллар ваъда қилган. Грузия президенти Михаил Саакашвили эса олтин медални қўлга киритган спортчиларини миллионер қилиш ваъдаси билан унча-мунча давлат раҳбарларини ортда қолдирган.

Турли давлатлар Олимпия ўйинларининг инсон ҳуқуқлари топталаётган давлат - Хитойда ўтишига қаршилик билдирган. Айримларининг Олимпия ўйинларини бойкот қилгани кузатилган. Шунга қарамай, кўплаб давлат раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ҳам Пекинга етиб келди. АҚШ президенти Жорж Буш ҳам Пекинда ҳозир бўлди.

Олимпия ўйинлари доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раҳбарларининг учрашуви ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG