Линклар

Тангақишлоқда товуқ нечта тухум қўяди ёки ўзбек статистикасининг нағмалари


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:haQux5cTqvWXhM:http://img1.nnm.ru/imagez/gallery/8/e/0/0/3/8e003e2cc8887efb970471f892da2990_full.jpg “Статистика ҳамма нарсани билади. Статистикага ишонсак, дунëда 13 миллиард дона стул бор”. Бу иқтибос Илья Ильф ва Евгений Петровнинг машҳур “12 стул” сатирик романидан олинди.

Эсингизда бўлса, бу роман қаҳрамони, буюк муддаббир Остап Сулаймон Бендербей ёки оддий қилиб айтадиган бўлсак, Остап Бендер статистиканинг бу маълумотига ишонмай, 13 миллиард стул орасидан 12 тасини қидиради. Бу стулларнинг бирига жавоҳирлар беркитилган эди. Бироқ статистика Остап Бендерни мот қилди. Буюк муддаббир стулларни топа олмади.

Ўзбекистон статистикаси ҳали дунёда қанча стул борлигини ҳисоблаб чиққани йўқ, лекин у, шубҳасиз, Ўзбекистонда қанча стул борлигини билади. Бундан ташқари, Ўзбекистон статистикаси, масалан, дейлик, Тангақишлоқдаги товуқлар кунига қанча тухум қўйиши, Рўзвон холанинг ўриги бу йил қанча ҳосил берганини ҳам билади. Бироқ охир-оқибат, ўзбек статистикаси тангақишлоқликларни ҳам, Рўзвон холани ҳам мот қилиб қўяётганга ўхшайди. Тангақишлоқликлар статистик маълумотлардан ўз товуқлари кунига иккита ўрнига тўртта тухум қўйгани, Рўзвон хола эса ҳовлисидаги қуриб қолай деган ўрик дарахти 10 кило ўрнига 50 кило ҳосил берганини билиб ҳангу манг бўлиб қолмоқда.

Бугунги мавзуни тушунгандирсиз? Демак, бугун статистика ва жамият, статистика ва қонун, деган мавзуда суҳбатлашамиз.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда иш билан таъминланган одамлар сони 10 миллион 800 минг кишига етган. Жорий йилда 305 минг одам иш билан таъминланган. Боз устига, бўлажак ишчи кучлари учун яна 372 мингта ишчи ўрни яратилган.

Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни кузатиб бораётган таҳлилчи Комрон Алиев расмий статистиканинг бу борадаги маълумотлари ҳақида фикр билдириб: “Статистика маълумотларига қарасак, Ўзбекистонда деярли ҳамма иш билан таъминлангандек ва ишсизлар йўқдек кўринади. Ишсизларни ҳисобга оладиган ташкилотларимиз ҳақиқатдан ҳам бор, ишсиз ўзбеклар у ердан рўйхатдан ўтмайди. Бу ташкилотлар топиб берадиган ишда маош жуда кам”,- деди.

Оддий ўзбеклар эса бири иш жойи ёпилгани, бири иш йўқлиги, бири маоши тирикчилик ўтказишга етмаслиги сабабли мамлакатни тарк этиб, мардикорлик қилгани узоқ юртларда юрибди.

Турли нормасмий маълумотларга кўра, бугунги кунда хорижда меҳнат қилаётган ўзбеклар сони 3-8 миллион кишини ташкил этади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда нафақат ишчи ўринлари, балки ойлик маошлар ва пенсиялар ҳам кўпайган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўртача иш ҳақи 2007 йилга нисбатан жорий йилнинг олти ойида 51 фоиз, пенсиялар миқдори эса 76,1 фоиз ўсгани ҳақида хабар берди. Лекин амалда бу неча сўм экани негадир айтилмайди. Бироқ президент Каримов жорий йил февраль ойида қилган чиқишида мамлакатдаги ўртача иш ҳақи 210 долларга етганини таъкидлаган эди.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиев ҳақиқатан ҳам бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчилари, талабалар, нафақахўрлар ва ногиронлар оладиган пул миқдори ошаётгани, бироқ инфляция бу маблағни ютиб юбораётганини билдирди.

Хуллас, расмий статистика берган маълумотлар ўзбек жамияти ҳаётида мавжуд бўлган воқеликдан тамоман бошқача.

Оддий кишилар ўртасида ўтказилган кичик сўров натижалари эса қуйидагича бўлди:

-
Мен давлат статистикасига ишонмайман. Ҳали ҳам қўшиб ëзиш бор.

-
Мен ишонмайман. Бу йўқ нарса-ку. Ойликни 10 сўмга оширади, электрни 50 фоизга кўтариб қўяди. Бу энди статистиками?

-
Ишонмайман мен ҳам. Кўчада ўзимиз тирикчилик қилиб юрибмиз. Агар статистика тўғри бўлганда, завод, фабрикалар ишласа, ҳамма ëқ жойига тушиб кетарди. Булар ўзлари ўтириб олиб ҳисоб-китоб қилаверади. Россияда қанча одам юрганини биров билмайди-ку.

-
Статистикани қандай қилиш ҳукуматнинг ўзига боғлиқ. Бу статистика ростми ëки ëлғонми, билиб ҳам бўлмайди. Бизда статистикани кўпроқ ўзлари ўхшатиб қўяëтгандай бўляпти. Солиштириб кўрса, умуман ўхшамаяпти.

Ўзбекистонликлар давлат статистикасига ишонмаётгани сабаблари ҳақида гапирган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев: “Масалан, кўпайтириб ëзиш туман миқëсида бошланадиган бўлса, у то марказий органларга етиб келгунча яна устига қўшиб ëзилади. Бу қўшиб ëзилганларни раҳбарлар ва хусусан, Ислом Каримов эълон қилади. Эълон қилинган статистика ҳозирги воқеликка, аҳволга мутлақ тўғри келмайди”,- деди.

Тошпўлат Йўлдошев сўзларига кўра, Ўзбекистон қонунлари статистика масалаларида жаҳон қонунларига мослаштирилган. Ҳақиқий, аниқ рақамларни берадиган орган статистик орган ҳисобланиши керак. Лекин Ўзбекистонда ҳеч бир қонунни ҳеч ким бажармагани сингари ҳукумат статистика бўйича ўз билганича рақамларни беряпти.

“Каримовнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 220 долларни ташкил этар экан. Агар 220 долларни 12га кўпайтирсак, бу 2500 доллар бўлади. 2500 долларни агар 11 миллион меҳнаткашга кўпайтирадиган бўлсак, бу салкам 30 миллиард доллар бўлади. Айни пайтда ялпи ички маҳсулотнинг умумий қиймати 20 миллиард долларга етмайди. Яъни ишчилар оладиган пул 30 миллиард доллар, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, булар ичига қазилма бойликлар ҳам киради, 20 миллиард долларга бормайди. Мамлакат бўйича ишлаб чиқарилган бойлик айтилган меҳнат ҳақини 60 фоизига етмайди. Бу рақамлар қаердан олинади? Иккинчидан, бутун дунëда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15-20 фоиз ошди. Дунë бўйича инфляция бошқа йилларга қараганда кучли бўлиб турибди. Ўзбекистонда раҳбарият умуман инфляция йўқлигини айтади”,- дейди Т.Йўлдошев.

Нега ўзбек статистикаси тақдим этган рақамлар ҳаётийликка тўғри келмаяпти? Ҳолбуки, Ўзбекистонда статистиканинг масъулияти борасидаги қонунлар ва кўрсатмалар мавжуд экан, нега энди бирор-бир тузилма ёки оддий фуқаро ҳаётийликка зид келган маълумотларни тарқатгани учун статистика қўмитасини жавобгарликка тортмаяпти, судга мурожаат қилмаяпти?

“Гап шундаки, улар репрессив ҳукуматдан қўрқиб безиб кетган. Ëлғон гапириш давлат сиëсатига, давлатнинг асосига айланиб кетган. Кимдир тўғри ахборот бераман, деса уни ишдан бўшатиб юборишяпти. Айтганимдай, энг пастги поғонадан то тепагача бўрттириб кўрсатишади, кўпайтириб ëзишади. Тепага келганда яна устига қўшишади. Бу ëлғончиларга қарши ҳеч қандай чора кўришмайди. Аксинча уларни сен яхши экансан, деб моддий рағбатлантиришади”,- дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG