Линклар

logo-print

Дунё урушни тўхтатишга чақирмоқда

  • Ҳасанжон

Ёзги Олимпиада ўйинларининг очилиши маросимида қатнашиш учун Хитой пойтахти Пекинга борган АҚШ президенти Жорж Буш Грузия ҳудудида бораётган қуролли тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга чақирди.

“Грузия суверен давлат. Унинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак. Биз зўравонлик ҳаракатлари тўхтатилишига ва қўшинлар дарҳол олиб чиқилишига чақирдик. Биз Россия кучларини бомбардимон қилишни тўхтатишга ва томонлар ўз позицияларига қайтишига чақирамиз”, – деди АҚШ президенти.

Жорж Буш Жанубий Осетия можаросига алоқадор бўлган томонлар ўртасида мулоқот бошлаш учун АҚШ Европадаги ўз иттифоқчилари билан сўзлашув олиб бораётганини айтди.

Республикачилар партиясидан АҚШ президенти лавозимига номзод бўлган сенатор Жон Маккейн Жанубий Осетияда давом этаётган қуролли қарама-қаршиликка муносабат билдириб: “Грузиянинг хавфсизлиги масаласини баҳолаш ҳамда ўта хавфли вазиятни барқарорлаштиришда НАТО қандай чоралар кўра олиши мумкинлигини муҳокама қилиш учун биз зудлик билан Шимолий Атлантика кенгаши йиғилишини ўтказишимиз керак”, – деди.

Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзод бўлган Барак Обама ҳам Грузия суверенитетига қарши зўравонликларни қоралашини айтди.

“Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолиши керак. Барқарорликни қайта тиклаш учун турли томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказадиган вақт келди”, – деди сенатор Барак Обама.

ЕИнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер ҳам 8 август куни Берлинда Жанубий Осетиядаги ҳарбий ҳаракатлар шиддатли тус олгани хусусида жиддий хавотир билдирди.

“Жанубий Осетияда уруш ҳаракатлари сўнгги 48 соат ичида шиддатли тус олганидан мен ҳайратга тушдим. Зўравонликни биринчи бўлиб ким бошлагани ҳозиргача аниқ эмас. Биз можарога алоқадор бўлганлар нима қилиши кераклигини яхши биламиз. Томонлар ўртасида дарҳол музокаралар бошланиши керак. Сўнгги 48 соат ичида Жанубий Осетияга жўнатилган қўшинлар минтақадан олиб чиқилиши керак”, – деди Штайнмайер.

Россия президенти Дмитрий Медведев 9 август куни Москвада ҳукумат аъзолари билан учрашувда Жанубий Осетиядаги Россия ҳарбийлари вазифаси нималардан иборат экани ҳақида гапириб: “Бизнинг тинчликпарвар кучларимиз ва уларга бириктирилган ҳарбий қисмлар тинчлик қарор топишига Грузия томонини мажбур қилиш операциясини амалга оширмоқда. Тинчликпарвар кучларимиз зиммасига аҳолини ҳимоя қилиш масъулияти ҳам юклатилган”, – деди.

Айни пайтда Россия Қуруқлик қўшинлари қўмондони Владимир Болдирев Жанубий Осетия пойтахти Цхинвали шаҳри Грузия кучларидан тозаланганини айтди.

“Батальон ва тактик гуруҳлар Цхинвали шаҳрини Грузия қуролли кучларидан бутунлай озод қилди. Ҳозир улар Грузия ҳарбий қисмларини тинчликпарвар кучлар тасарруфида бўлган зонадан сиқиб чиқаришга киришди”, – деди Владимир Болдирев.
XS
SM
MD
LG