Линклар

Россия Цхинвали устидан тўла назорат ўрнатди


Грузия Россия қўшинларининг айирмачи Жанубий Осетия пойтахти Цхинвали устидан тўла назорат ўрнатганини маълум қилди.

Грузия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шота Утиашвили грузиялик ҳарбийлар Цхинвали ва айирмачи ўлканинг бошқа ҳудудларини тарк этганини билдирди.

Грузия Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Александр Ломалия ҳам бу маълумотларни тасдиқлади.

“Вазият кескинлашганини инобатга олган ҳарбий қўмондонлар жанг майдонидаги аскарларни қайта гуруҳлантириб, уларни Цхинвалидан олиб чиқди”,- деди Грузия Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари.

Бироқ Россия томони грузиялик ҳарбийларнинг ҳануз Жанубий Осетия ҳудудида эканини таъкидламоқда.

Шунингдек, Грузия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби “Россия яна бир исёнчи ўлка - Абхазия ҳудудида ҳам Грузияга қарши янги тажовузкорона ҳаракатлар режалаштираётгани” ҳақида баёнот берди.

Грузия расмийларининг билдиришича, айни пайтда Абхазия ҳудудига тўрт мингга яқин россиялик ҳарбий бор.

Абхазия етакчиси Сергей Багапш эса ўз қўшинларини жанговар ҳолатга келтириш тўғрисида буйруқ берди. Унинг таъкидича, мингга яқин абхазиялик ҳарбий Кодор дарасига юборилади.

Шунингдек, хабарларга кўра, Сергей Багапш Абхазиянинг Грузияга яқин ҳудудларида уруш ҳолати жорий қилган.

АҚШ ҳукумати Россиянинг Грузиядаги ҳаракатларини кескин танқид қилди. Америкалик таҳлилчилар фикрича, расмий Москванинг бундай ҳаракатлари АҚШ-Россия муносабатларига ҳам таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG