Линклар

Россия Абхазиядан Грузияга кирди


Россия ўз қўшинлари яна бир айирмачи ўлка - Абхазиядан Грузия ҳудудига кирганини тасдиқлади.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидича, Грузия қўшинларининг Жанубий Осетияга янги ҳужумларини бартараф этиш мақсадида россиялик ҳарбийлар Грузия ҳудудига киритилган.

Айни пайтда Грузия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий техникаси Сенаки шаҳридаги ҳарбий базага яқинлашганини маълум қилди.

Россия президенти Дмитрий Медведевга эса мамлакат қўшинларининг Жанубий Осетиядаги ҳарбий амалиётлари якунланиш арафасида эканини маълум қилди.

“Интерфакс” ахборот агентлиги Д.Медведевга таяниб, Жанубий Осетияда Грузия қўшинларига қарши амалиётларнинг кўп қисми ниҳоясига етганини билдирди.

Шунингдек, Дмитрий Медведев россиялик тинчликпарвар кучлар Цхинвали шаҳрида назорат ўрнатганини, бу ерда рўй берган шиддатли тўқнашувлардан сўнг Грузия қўшинлари ортга чекинишга мажбур бўлганини билдирди.

Бундан аввал Россия бош штаби раҳбари Анатолий Ноговитцин Россия кучлари Грузия ҳудудига бостириб кирмаслигини таъкидлаган эди.

“Биз Жанубий Осетия чегараларидан ташқарига чиқмаймиз. Бу принципиал масаладир. 1992 йилда Грузия ҳукумати ҳам имзолаган шартнома Россия тинчликпарвар кучлари масъул бўлган ҳудудни аниқ қилиб белгилаб берган. Тинчликпарвар кучларнинг Грузия ҳудудига бостириб кириш мақсади йўқ”,-деди Россия бош штаби раҳбари.

Шунингдек, бош штаб Жанубий Осетияда рўй берган тўқнашувларда Россия тинчликпарвар кучларининг 18 аскари нобуд бўлгани, 52 нафари тан жароҳи олганини эълон қилди.

Тбилисида чиқиш қилган Грузия президенти Михаил Саакашвили эса Россия Грузиянинг амалдаги ҳукуматини ағдариб, Кавказ орқали ўтаётган газ ва нефт қувурлари устидан назорат ўрнатишга уринаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG