Линклар

logo-print

Саакашвили уруш учун масъулми?

  • Замира Шукур

http://gdb.rferl.org/3B9F4882-38AF-4C9C-A0DD-BB3A7405C0C6_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/3B9F4882-38AF-4C9C-A0DD-BB3A7405C0C6_mw800_mh600.jpg 7 августдан бери Жанубий Осетияда бораëтган уруш халқаро жамоатчилик диққат-марказидаги асосий воқеа бўлиб қолмоқда ва ҳаттоки Пекинда ўтаëтган Олимпиада ўйинларини ҳам иккинчи даражага суриб қўйди.

Грузия раҳбарияти Жанубий Осетияга қарши бошлаган кенг кўламли ҳужумларни ўз таркибий қисми, деб билгани бу минтақада конституциявий тартиб ўрнатиш даъвоси билан оқлашга уринаëтган бўлса, Россия Грузиядаги объектларни бомбардимон қилаётгани ўз фуқароларига нисбатан геноцид ва инсоний фалокатни тўхтатиш баҳонаси билан легитимлаштиришга уринмоқда.

Мустақил таҳлилчилар эса Кавказда ëнаëтган янги уруш ўчоғи учун ким масъул, деган саволга объектив баҳо беришга уринмоқда.

Агар душманинг ҳар жиҳатдан тўкис бўлса, сен ҳам унга лойиқ бўлишга урин. Агар унинг қудрати сендан устунроқ бўлса, унга чап беришга ҳаракат қил. Агар ғаниминг жиззаки бўлса, унинг ғашига тегишга урингин – у босар-тусарини билмай қолгунича, ўзингни ожиз қилиб кўрсатгин.

Ҳукмдорларга берилган бу маслаҳат муаллифи 2000 йил аввал яшаб ўтган хитойлик ҳарбий таҳлилчи Сун Цзу ва Жанубий Осетиядаги воқеалар, Москвадагиларнинг бу маслаҳатдан яхши огоҳлиги, Тбилиси раҳбари Саакашвилининг эса Москва қўйган қопқонга ўз истаги билан тушиб берганини кўрсатди, дейди “Озодлик” радиосининг Шимолий Кавказ бўлими раҳбари Аслан Докаев.

“Грузия ҳукумати ва шахсан президент Саакашвили вазиятга тўғри баҳо бера олмаганлик учун масъул ва бундан кейинги саъй-ҳаракатини муаммога сиëсий ечим топиш йўлида сарфламоғи лозим. Саакашвили бошқаруви Грузия тарихида йўқотилган имконлар даври сифатида қолади, бу эса ўзини демократик принциплар тарафдори қилиб кўрсатиб келган Саакашвили учун кечирилмас уятдир”,- дейди шарҳловчи.

Аслан Докаевнинг айтишича, Россия кўпдан бери Саакашвилини Москва ҳимоясига олинган Грузиянинг айирмачи минтақаларига қарши куч қўллашга ва шу билан Тбилисининг НАТО ва ЕИ га қўшилиш имконларини йўққа чиқаришга уриниб келди ва 7 август куни ўзига ортиқча баҳо бериб юборган Саакашвили билиб-билмай Москванинг ноғорасига ўйнаб берди.

Ғарблик яна бир мустақил таҳлилчи Лиз Фулер ҳам Кавказдаги янги уруш ва минглаб бегуноҳ қурбонлар учун, биринчи галда, Саакашвили жавобгар, деган ишончда.

“Мен Саакашвилини бу уруш учун жиноий жавобгар, деб биламан. Агар у жанубий осетияликлар ҳақида ҳақиқатан ҳам қайғурганида эди, бундан 10 кун аввал жамоатчилик олдига чиқиб, мен битта одам ҳаëтини асраб қолиш учун ҳам исталган одам билан, исталган жой, исталган вақт ва исталган форматда музокара бошлаш ва муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга тайëрман, деган бўларди. Шундай деганида Саакашвили бугун Россиядан кўра, кучлироқ ахлоқий асосга эга бўларди. Бунинг ўрнига у ўз инжиқлигини ўтказиш ва Россиянинг ғазабини қўзғашга уринди. Оқибатда эса бугун Жанубий Осетия ëки Россия эмас, балки Грузиянинг ўзи бурчакка тиқилиб қолди”,- деди Лиз Фулер.

Гарчи бугун Россия ҳукумати ўзини нафақат Жанубий Осетия, балки бутун Кавказ халқлари ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоячиси қилиб кўрсатаëтган ва ўз ҳарбий қудрати билан Грузия армиясини Жанубий Осетиядан чекинишга мажбур қилган бўлса-да, таҳлилчилар фикрича, ҳозирги вазият Россиянинг ўз ожиз жойларини бекитишга уринаëтганини кўрсатмоқда.

“Ўн йилдан ошиқроқ вақт давомида Россия ўз ҳудудлари, хусусан, Шимолий Кавказдаги айирмачилик ҳаракатларига қарши кураш домига тортилган. Шу боис, ҳозирги ҳарбий устунлигига қарамай, Грузиянинг ўз айирмачи минтақаларида қайта назорат ўрнатишига муросавий бир ечим топиш Россия федерациясининг узоқ муддатлик манфаатларига хизмат қилади”,- деган ишончда Аслан Докаев.

Бу фикрга қўшилар экан, мустақил таҳлилчи Лиз Фулер ҳам Жанубий Осетиядаги кенг кўламли ҳарбий тўқнашувларнинг ниҳоясига етгани ва яқин орада томонларнинг ўзаро музокара бошлашига умид билдирди.

“Агар Россия шу баҳона Грузия инфратузилмасини ҳам биратўла бомбардимон қилишга қарор қилмаса, можаронинг ҳарбий босқичи якунига етган кўринади. Ҳамма бугун бир гапни, яъни томонларнинг музокаралар столи атрофига ўтириб, можарони сиëсий йўл билан ҳал этишини таклиф қилмоқда. Аммо мен учун очиқ қолаëтган савол, ким ҳам Грузия, ҳам Жанубий Осетия ҳукуматининг хўжайини бўлмиш Россия учун бирдек мақбул воситачи бўла олади. Фикримча, янги музокаралар уч қўшув икки форматида, яъни Грузия, Жанубий Осетия ва Россиянинг АҚШ ва ЕИ воситачилигида ўтказилса, муросавий бир шакл топилган бўлади”,- деди Лиз Фулер.

Грузия ва Россия ўртасида Жанубий Осетия баҳонасида бошланган урушга барҳам бериб можарага сиëсий ечим топиш мақсадида айни кунларда ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Александр Стаб ва ЕИнинг амалдаги президенти Франция ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер Тбилиси ва Москва ўртасида воситачилик қилмоқда. Аммо ҳозирча бу уринишлар томонларни ўт очишни тўхтатиб, музокаралар столи атрофига олиб келганича йўқ.
XS
SM
MD
LG