Линклар

Солженицин миллатчи эдими?


Нобел мукофоти лауреати Александр Солженицин вафот этгандан сўнг ўз фаолиятини коммунистик тузум даҳшатларини фош этишдан бошлаган ёзувчи ҳаётининг сўнгги йилларида рус шовинистига, миллатчисига айланиб қолган эди, деган фикрлар ҳам айтилди.

Солженицин ҳақиқатан ҳам миллатчи бўлганмиди? “Озодлик” радиоси рус хизмати шарҳловчиси Петр Вайл А.Солженицин асарларидан айримларини қайта мутолаа қилиб, мана шу саволга жавоб топмоқчи бўлди.

“Солженицин миллатчи эдими? Бу саволга икки томонлама жавоб бор. Бу жавобларнинг ҳар бири эҳтимолликдан холи ва қатъий жавоблардир. Кўп одамлар Солженицин рус миллатчиси, ксенофоб ва антисемит, деб аниқ ишонади. Бошқалар эса буни бошидан охиригача ёлғон ва туҳмат, деб билади”,- дейди Петр Вайл.

Унинг таъкидлашича, бундай фикрлар қарама-қаршилигини бир қатор омиллар билан шарҳлаш мумкин.

Биринчидан, Александр Солженицин ўзининг 45 йиллик ижодий фаолияти мобайнида шу қадар кўп адабий ва журналистик асар ёздики, “Солженицин миллатчи эди”, деган фикр тасдиғи учун ҳам, “Йўқ, бу туҳмат”, деган нуқтаи назар исботи учун ҳам унинг асарларидан ўнлаб иқтибос келтириш мумкин.

Иккинчидан, Солженициннинг ижодий қаҳрамонлигини ҳам назардан қочирмаслик зарур.

Петр Вайл фикрича, Солженицин ҳеч қачон баҳсли, мунозарали ва муаммоли мавзуларни ёритишдан ўзини олиб қочмаган.

Учинчидан, Солженицин тарихчи ёки олим бўлмаган. У ёзувчи эди. У ўз фикрларини адабий маҳорат кучи билан билдирган. Шунинг учун у унча ишончли ва исботсиз, бироқ инсон ҳиссиётларига тез таъсир этувчи воситалардан фойдаланган.

Натижада ҳатто Солженицин вафот этган куни ҳам у тўғрида турли салбий ва ижобий фикрлар айтилди. Масалан, украиналик депутат Володимир Цибалко Солженицинни ёлғончиликда айблади. Солженицин 1932-33 йилларда коммунистик раҳбарият томонидан махсус уюштирилгани айтилаётган катта очлик украин халқига қарши геноцид бўлганини тан олмаган. Ёзувчи эътирофича, очлик Россиянинг, асосан, руслар яшайдиган бир қатор вилоятларида ҳам бўлган ва шунинг учун бу воқеани большевикларнинг барча халқларга қарши жинояти сифатида баҳолаш лозим. Бироқ украин милатчилари Солженициннинг бу фикрини инкор этди ҳамда уни рус шовинистлари қаторига киритди.

Марказий Осиё ва Кавказ ватанпарварлари эса Солженицинни 2002 йилда нашрдан чиқарилган “Россия кўчки остида” китоби учун кечирмайди. У бу китобида собиқ совет мамлакатлари раҳбарларининг кўпчилиги миллатчилик мафкурасини қабул қилгани, Ўзбекистон каби давлатларда руслар иккинчи даражали фуқароларга айланиб қолганини ёзган эди.

Албатта, Солженицин эҳтиросга берилиб, адолатсиз хулоса чиқарган, лекин шу билан бир қаторда, у Марказий Осиё ва Кавказ фуқароларини Россия шаҳарларида ўлдираётган миллатчи тақирбошларни ҳам мана шундай эҳтирос билан кескин танқид қилган эди.

2001 йилда Солженицин Россиядаги яҳудийлар ҳақида “200 йил бирга”, деган китобини нашрдан чиқариб яна бир ижодий қаҳрамонлик намунасини кўрсатди. Китоб на рус ва на яҳудий ватанпарварларини қониқтирмади. Руслар уни яҳудийларни етарли даражада танқид қилмагани учун танқид қилди. Яҳудийлар эса Солженицинни антисемитлар қаторига қўшди.

Холислик ва сиёсий мулозамат Солженицинга хос эмас эди. У Болтиқбўйи давлатлари аҳолиси ҳақида ҳам бир-бирига қарама-қарши бўлган фикрларни айтган эди. Масалан, у 1918 йилдаги аксилинқилобий исённи бостириб, большевиклар ҳукуматининг сақланиб қолишига ҳисса қўшгани, совет махсус хизматларини бир вақтлар латишлар бошқаргани учун уларга нисбатан яхши муносабатда эмас эди. Айни пайтда у “Иван Денисович ҳаётидан бир кун” асарида эстонлар ҳақида ёзар экан: “Инсоннинг миллати унинг қандай эканидан дарак бермайди. Ҳар бир миллат орасида аблаҳлари бор. Лекин Шухов эстонларнинг ёмонини кўрмаган эди”, деб ёзади.

“Шу ўринда ёзувчи ўзи билан ўзи мунозара қилаётганига эътибор қаратайлик. У аввал маданиятли одам айтиши мумкин бўлган гапни айтади-да, уни империяча ахлоқий хулоса билан якунлайди. Бу гап ижобий қаҳрамон нутқидан берилгани учун асосий ғоя мана шудир. Солженициннинг миллий мавзудаги барча фикрлари калити мана шундан иборат”,- дейди Петр Вайл.
XS
SM
MD
LG