Линклар

Жамоатчи ҳимоячилар судда қатнашишдан маҳрум бўлмоқда


Ўзбекистон Олий Суди жамоатчи ҳимоячиларнинг судлардаги иштирокини чеклаш тўғрисида таклиф киритди. Бундан буён судда иштирок этаётган жамоатчи ҳимоячи махсус юридик маълумотга эга бўлмаса, жараёнга киритилмайди.

Жамоатчи ҳимоячилар масаласи Олий суд ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди. Йиғилишда адвокатлар палатасини ташкил этиш ҳамда суд жараёнларида махсус юридик маълумотга эга бўлмаган жамоатчи ҳимоячиларнинг иштирок этишини тақиқлаш тавсия этилган. Айни пайтда адвокатлик фаолияти тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон парламентида кўриб чиқилмоқда.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида жамоат ташкилотлари суд жараёнларига жамоатчи ҳимоячи сифатида ўз вакилларини юбориши мумкин экани қайд этилган. Улардан махсус юридик маълумотга эга бўлиш талаб қилинмайди. Агар Олий суд таклифи инобатга олинса, бу модда бекор қилинади.

Лекин тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовнинг Уруш ва тинчликни ўрганиш инситути Интернет нашрига берган маълумотига кўра, ҳали бу модда бекор қилинмай турибоқ, унинг ташкилотига судларда нафақат жамоатчи ҳимоячи, балки кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳам рухсат берилмаётир.

“Мен жуда кўп хорижлик юристлар билан гаплашганман. АҚШ бўладими¸ Европа давлатлари бўладими, жамоатчи ҳимоячи умуман йўқ. Улар буни эшитиб: “Бу жуда демократик”, дейишарди. Чунки бир неча адвокат бўладими, ҳимоячи бўладими, бу судга фақат фойда келтириши мумкин. Ҳозир буни йўқ қилиб қўяëтгани,менимча, мутлақо нотўғри”,- деди С.Икромов “Озодлик”ка берган интервьюсида

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти ҳам Олий суднинг жамоатчи ҳимоячилар фаолиятини чеклаш таклифига қарши чиқмоқда. Бу ташкилот матбуот учун тарқатган маълумотида: “Бу таклиф туфайли судлар янада ёпиқ бўлади, айрим судланувчилар эса ҳимоядан маҳрум қилинади”, деб билдирган. “Эзгулик”нинг билдиришича, ҳукумат томонидан назорат қилинадиган адвокатлар палатаси судланувчилар ҳимоясини юз фоиз таъминлашдан ожиз бўлади.

“Дастлабки тергов пайтида айбланувчиларга нисбатан ўтказилган қийноқлар ва умуман ўйлаб чиқарилган сохта айблов хулосаларининг фош бўлишига олиб келаëтган эди. Чунки жамоатчи ҳимоячилар ўзларининг аниқ далиллари билан судланувчининг айбдор эмаслигини исботлаëтган эди. Айнан прокуратура ва ички ишлар ходимларининг ўта ноқонуний ҳаракатлари фош бўлаëтган эди. Бу давлат органларида маълум бир мулозимларга хуш келмади. Шунинг учун мана шундай ислоҳотларга қарши ислоҳот ўйлаб чиқилди. Биз буни жуда кескин қораладик”,- деди “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова.

Айни пайтда айрим юристлар Олий суд таклифини қўллаб-қувватлайди.

Улар фикрича, суд жараёнида махсус юридик маълумотга эга бўлмаган шахс иштирокининг тақиқланиши судланувчи ҳимоясининг сифатини оширади. Бу ҳақда Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбири билан суҳбатлашган Тошкент шаҳри адвокатлари уюшмаси раҳбари Гулнора Эшонхонова “ҳар қандай суд жараёни юқори малакали ҳимоя билан таъминланиши зарур”лигини таъкидлаган.

Бироқ Суръат Икромов жамоатчи ҳимоячиларнинг махсус юридик маълумотга эга эмаслиги уларнинг масъулиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани ва фақат суд жараёнларини ойдинлаштиришга хизмат қилганини айтади.

“Масалан, учун процессуал қонунлар бор, жиноят кодекслари бор. Ўшанга асосланиб ҳимоя қилиш учун махсус ëки юридик билим бўлиши шарт эмас. Бу техник эмас, ҳаммаси гуманитар нарсалар. Ҳар қандай жамоатчи ҳимоячи ўз масъулиятини била туриб шунга розилик беради. Адвокат бошқа гап. Адвокат лицензия орқали ҳимоя қилади ва пулли иш олиб боради. Жамоатчи ҳимоячи эса бепул ҳимоя қилувчи шахс ҳисобланади”,- деди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG