Линклар

logo-print

Журналист устидан тергов тугади


Наркотик моддалар сотишда айбланаётган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновга қарши очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни ниҳоясига етди.

Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан гўёки 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган эди. Дастлаб у истеъмол қилиш учун наркотик сақлашда айбланаётган эди. Бироқ тиббий экспертиза хулосасига кўра, С.Абдураҳмонов расман наркоман эмас, деб эълон қилинган. Бироқ тергов чоғида унга янада оғир айб – наркотик моддалар сотиш билан шуғулланиш айби қўйилган.

“Энди айблов хулосаси эълон қилинса, иш судга оширилади”,- деди журналистнинг адвокати Баҳром Абдураҳмонов.

Солижон Абдураҳмонов деярли икки ярим ойдан буён Нукусдаги тергов изоляторида сақланмоқда. Шу вақт давомида “Озодлик” мухбирларининг қорақалпоғистонлик ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатларининг барчаси жавобсиз қолаётир.

Солижон Абдураҳмонов наркотик модда савдоси билан шуғулланганликда айбланаётган бир пайтда жуда кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар унинг ҳимоясига отланган.

“Солижон Абдураҳмоновнинг наркотик сотишда айбланишини қасддан уюштирилган ҳолат,- дейди Инсонҳуқуқлари халқаро жамиятининг Ўзбекистон бўлими раҳбари Марат Зоҳидов. – Бу, менимча, туҳматдан бошқа нарса эмас. Улар бу нарсага анчадан бери тайëргарлик кўриб юрган. Улар деганда мен МХХ, прокуратура, милицияни назарда тутяпман. Шунча йиллар давомида улар С.Абдураҳмоновни чақириб, ҳар хил айбларни қўйишга бир неча марта уриниб кўрган».

“Халқаро амнистия”, “Чегара билмас мухбирлар”, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби бир неча ташкилот Ўзбекистон ҳукумати Солижон Абдураҳмоновни узоқроқ муддатга қамашни мўлжаллаётганидан хавотир билдириб, унинг ҳимоясига баёнотлар эълон қилди.

С.Абдураҳмонов Uznews.net сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб фаолият кўрсатаётганди. Шунингдек, у “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик қилган. Шу билан бирга, Солижон Абдураҳмонов беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатаётганди.
XS
SM
MD
LG