Линклар

Обутов ҳибсдан қўйиб юборилди

  • Барно Анвар

Россияда рўйхатдан ўтмаганлик айби билан 8 август куни ҳибсга олинган ўзбек қочқини Муҳаммадсолиҳ Обутов, маълум бўлишича, ҳибсдан озод этилган, аммо унга ҳамон экстрадиция хафви таҳдид солмоқда.

Диндор М.Обутов 2007 йилнинг 13 июнида ҳам Россия ҳудудида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон бўлимида ишлайдиган 4 ходими томонидан ушланган ва Красногорск вилоятида ички ишлар бошқармасига топширилган эди.

Қўшни юртда ўзи юртидагидек бемалол ҳаракат қилган ўзбек хавфсизлик хизмати ходимлари ҳали ҳам шундай кенг-мўл имкониятга эга эмас, дейиш қийин. Шу боис ҳам 2007 йилда ҳибсга олиниб, 2008 йилнинг 31 майидагина қўйиб юборилган М.Обутов шу кунларда ҳам яшириниб кун кечиряпти.

Аввалги сафар ҳибсга олинганида, ўзининг айтишича, узоқ муддат изляторда ўтирганидан сўнг 3000 рубль жарима билан қўйиб юборилган.

“Ўзбекистон берган фуқаролик паспортим йўқ. Қамоқдан чиққан куним милициялар уни КПЗга тиққан ва ўша куни кечқурун паспорт йўқотилган. Менинг ҳозир ҳеч қанақа ҳужжатим йўқ. Уларнинг ўзи мени қонунни бузиб яшашга мажбур қиляпти. Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаганман ва ўта олмайман ҳам. Россия ҳудудидан бир йилнинг ичида чиқиб кетишинг керак, дейди. Мен қанақа қилиб чиқиб кетаман? Ҳозирги аҳволда қаëққа бораман? Улар менинг орқамдан роса яхшилаб кузатишяпти. Кузатув жуда бошқача бўляпти. Чунки менинг ҳужжатларим бошқа одамларники билан бир хил. Лекин фақат мен айбдорман, фақат мен жарима тўлайман. Нимага бунақа бўлаëтганини ўзим ҳам билмайман. Кечаги ҳолатни умуман тушунмадим”,- деди М.Обутов.

Хуллас, аввалги ҳибсга олинишида Россия Бош прокуратураси унинг экстрадициясини бекор қилган ва у бир йил ҳибсда сақланганидан сўнг Россия ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан яшаган, деган айб билан жарима солиниб, озод қилинган. Аммо унинг фуқаролик паспорти йўқолиб қолди, деган сабаб билан қайтарилмаган.

БМТнинг қочқинлар идораси эса Муҳаммадсолиҳ Обутовни сиёсий қочқин, деб эътироф этган ва уни халқаро ҳимояга муҳтож, деб топган.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларига кўра, М.Обутов ҳаёти ҳануз хавф остида. Чунки Россия Бош прокуратураси томонидан экстрадиция қилиниши тўхтатилган ва қочқин сифатида тан олинган бир неча ўзбекистонлик диндор ўзбек махсус хизматларининг қўлига яширинча топширилди.

Эслатамиз, 1969 йилда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида туғилган Муҳаммадсолиҳ Обутов Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 159, 244 прим-1 ва прим-2 моддаларига кўра, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, тақиқланган диний ташкилот тузишда айбланган ва Навоий вилоятидаги қамоқхонада 10 йил жазо муддатини ўтаган. Жазо муддатини ўтаб чиққанидан кўп ўтмай эса уни яна қамоқхонада ўтириб тақиқланган диний ташкилот тузганликда айблашган эди.

М.Обутов ана шу айбловдан сўнг Россияга кетишга мажбур бўлган ва у ерда ҳам таъқибдан қутулмай, бир йил тергов изоляторида ўтириб чиқди. Шу кунларда у вақтинчалик бошпана сўраб, яна Россия миграция хизатига мурожаат қилган. Бироқ на бу мурожаати ва на бир йил давомида Можайск тумани ички ишлар бошқармаси ертўласидаги ҳибсхонадан туриб ёзган мурожаатларига жавоб берилди.
XS
SM
MD
LG