Линклар

Милиционер ўқитувчининг қийноқлари курсантни дорга етаклади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи тарқатган хабарга кўра, айни кунларда Тошкент шаҳри судида курсантни ўз жонига қасд қилишгача мажбур қилган икки милиция зобити устидан суд жараëни бўлиб ўтмокда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ҳарбийлаштирилган “Жар” спорт соғломлаштириш мактаб-интернатининг икки ўқитувчи зобити Жасур Рўзматов ва Отабек Турдибеков мансаб ваколатларини оширишда айбланмоқда. Отабек Турдибековга бундан ташқари, унга боғлиқ одамни ўз жонига суиқасд қилишгача олиб келиш ва таъмагирлик айбловлари ҳам қўйилган.

Жабрланувчи 1992 йилда туғилган Анвар Ирисбоев. “Жар” мактаб-интернати курсанти. 2003 йилдан буён шу мактабда ўқийди.

“2006 йилгача Анварнинг ўқишлари аъло бўлган. Қачонки, янги ўқитувчи Жасур Рўзматов уларга взвод командири этиб тайинлангандан сўнг муаммолар бошланган. Анвар мунтазам ҳақорат ва камситишларга учраган. 2006 йилнинг биринчи сентябрида мактаб махсус кийимини ўз вақтида тиктиришга улгурмагани учун Жасур Рўзматов ҳамманинг олдида уни калтаклаган. Интернат директори Миркамол Жалолов эса уни тиш чўткаси билан ҳожатхонани тозалашга мажбур қилган”,- дейди унга адвокатлик қилаётган Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи аъзоси, “Демократия ва ҳуқуқ” ташкилоти раҳбари Николай Кунгуров.

Унинг сўзларига кўра, бу қийноқларга чидай олмаган Анвар холасининг уйига қочиб кетган. Эртаси куни яна мактабга қайтган. Жасур Рўзматов эса унинг икки чоти ўртасига қаттиқ тепган. Анвар оғир жароҳат олиб 19 кун шифохонада ётган, унга жарроҳлик операцияси қилинган. Ўқитувчи Жасур Рўзматов эса бу гуноҳи учун гўёки мактабдан четлаштирилган, лекин кўп ўтмай, 2007 йилнинг январида яна мактабда пайдо бўлган.

Николай Кунгуровнинг айтишича, энди Анвар Ирисбоевни янги взвод командири Отабек Турдибеков эза бошлаган.

“У маст ҳолатда келиб, Анварни доим ҳақорат қилар, юзларига сигарет чўғини босар, уйга кетганда пул олиб келишни талаб қилар эди. Бу қийноқлар тинимсиз давом этиб, болани ўз жонига қасд қилишгача олиб келди. Анвар икки қаватли кроватнинг иккинчи қаватига қайиш билан ўзини осди. Ҳушидан кетган болани курсдош ўртоқлари бўшатиб олди ва бахтли тасодиф туфайли у омон қолди”,- дейди Николай Кунгуров.

Унинг айтишича, бу мактаб-интернатда курсантларнинг зобитлар томонидан калтакланиши ва қийноқларга солиш ҳолатлари кўп содир бўлган. Анвардан илгари ҳам икки талаба қийноқларга чидолмай, ўқишдан бош тортган.

“Айни пайтда, - дейди адвокат, - мен бу гувоҳларни ҳам топиб судда ҳамма ҳақиқатни очиб беришга ҳаракат қиляпман. Лекин айбланувчиларнинг яқинлари ҳар қандай йўл билан гувоҳларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Судланувчиларнинг қариндошлари томонидан босим бўляпти. Улар жабрланувчиларни пул билан сотиб олишга ҳаракат қиляпти. Лекин менинг ҳимоямда бўлган одамлар бунга кўнмаяпти. Улар ҳақиқат тантана қилишини ва айбдорлар жазоланишини талаб қилмоқда. Судланувчилар қамоққа олинмаган, улар очиқда. Гувоҳларни, ота-оналарни ўз томонларига оғдириб олишга уринмокда”.

Адвокат, шунингдек, шундай бир нуфузли масканда қийноқларга ва болаларни калтаклашга йўл қўйиб берган Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги ҳарбийлаштирилган “Жар” спорт соғломлаштириш мактаб-интернати директори Миркамол Жалоловни ҳам жавобгарликка тортишни суддан талаб қилаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG