Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:13

Талқон сиёсати. Бу ҳам дипломатия


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:oa74A7AABVXt-M:http://farm1.static.flickr.com/64/206027931_273cd0def6.jpg Грузиянинг айирмачи минтақаларидаги қонли можаролар борасида постсовет давлатлар раҳбарлари қатъий муносабат билдиришга шошилмаётган бўлса-да, уларнинг аксарияти оғзига талқон солиб, оммавий ахборот воситаларига можаро ҳақида гапиришни деярли тақиқлаб қўйган Ўзбекистон билан тенглаша олмайди.

Аксар кузатувчилар постсовет ҳудудда энг қудратли ва ўз қаҳри билан қаттиқ жазолашга қодирлигини исботлаган Россияни ҳеч ким очиқдан-очиқ қоралашга журъат эта олмайди, деган фикрда.

Лекин гап собиқ қардош республикада кўплаб инсон талафотларига сабаб бўлган можаро ҳақида кетаётганда сукут сақлаш дипломатик одобга тўғри келмайди.

Ушбу низо юзасидан Украина Шарқий Европа давлатлари қаторида Россияни ўз империалистик сиёсатини тўхтатишга чақирди. Грузия ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун Украина президенти Виктор Юшченко Тбилисига етиб келди.

Грузиянинг қўшнилари Арманистон ва Озарбойжон ўз баёнотларини ўта эҳтиёткорлик билан қилмоқда.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида иккала томонни низони тинч йўл билан тугатишга чақирди. Айни пайтда Арманистон давлат телевидениеси кўпроқ Россияга тарафкашлик қилаётган бўлса, мухолифат ва мустақил нашрлар Грузиянинг ёнини оляпти. Нима бўлганда ҳам низо юзасидан Арманистон хавотирини тушуниш мумкин. Арманистон учун бу давлат дунёга чиқиш учун асосий транспорт коридори ҳисобланади.

Озарбойжон ҳукумат доираларини Грузиядан қочқин сифатида келаётган юзлаб этник озарбойжонлар оқими хавотирга солаётир. Сиёсатчилар фикрича, қочқинлар масаласини Озарбойжон ҳукумати расмий Москвани ранжитмайдиган бир усулда ҳал этмоқчи. Чунки Озарбойжон ўз нефтини сотиш учун, асосан, Россия қувурларидан фойдаланади.

Ҳам Озарбойжон, ҳам Арманистон Грузиядаги можаро уларнинг ҳам музлатилган зиддиятларини қўзғатиб юбориши мумкинлигидан хавотирда.

Марказий Осиё давлатларида Россия – Грузия можаросига кўп аҳамият берилмаётир.

Тожикистон ҳукумати сукут сақлашни афзал кўраётган бўлса, давлат телевидениеси Россияда юз минглаб меҳнат мигрантларнинг борлигини инобатга олиб Россияни ёқламоқда. Ўзини Россиядаги “Тожик меҳнаткашлари ҳаракати”, деб атайдиган бир гуруҳ баёнот эълон қилиб, Тожикистонда яшайдиган тожиклар рус аскарлари билан елкама-елка туриб Жанубий Осетия халқини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев можаронинг илк кунидаёқ Россиянинг Жанубий Осетиядаги амалиётларини расман қўллаб-қувватлаб, ўзи хоҳлаб-хоҳламай Грузия раҳбариятини танқид остига олди.

“Менимча, бу ҳолатда бизни огоҳлантирмаган ва вазият кескинлашаётгани ҳақида айтмаган Грузия раҳбарияти нотўғри иш қилди. Менимча, бу можарони тинч йўл билан ҳал этишдан бошқа йўл йўқ”,- деди Н.Назарбоев.

Грузияга руҳан яқин бўлган Қирғизистон раҳбарияти можаро борасида ташвиш билдирди. Президент Қурманбек Бақиев МДҲнинг амалдаги раиси сифатида можарони тугатиш жараёнида ўз давлатининг фаол иштирокини таклиф қилди.

Ўзбекистон ҳукумати Грузия ва Россия ўртасидаги низо юзасидан мутлақо муносабат билдиргани йўқ. Давлат матбуот ва телевидениеси ўта чекланган хабарлар билан кифояланмоқда.

Журналист Сергей Ежков бу вазиятдаги ўзбек раҳбариятининг сукунати анча тушунарли эканини айтади.

“Менимча, Ўзбекистон ҳам Россия, ҳам Ғарб билан муносабатини мураккаблаштирмаслик учун ўз позициясини билдирмаётир. Шунинг учун бу ҳолатда сукут сақлаш муносабат билдиришнинг энг қулай кўринишидир. Минтақавий можаролар борасида ҳар бир давлат ўз муносабатини билдириши керак. Лекин Ўзбекистон мисолида ҳеч қандай реакциянинг бўлмаслигини ҳам кутиш мумкин”,– дейди Сергей Ежков.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ ходими Алишер Таксановнинг айтишича, расмий Тошкент Кавказдаги можаролар борасида азалдан эҳтиёткора муносабат билдириб келади. Лекин бугун Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Осетия ва Грузиядаги инсон талафотларига гувоҳ бўлаётган бўлса ҳам Россияга тескари бўлишни ҳеч ҳам истамайди.

“Сиёсий жиҳатдан бунга Россиянинг Андижондаги намойишнинг қонли бостирилишини қўллаб қувватлагани ҳам сабаб бўлиши мумкин,- дейди у. - Ҳозир кўринишича, Ўзбекистон мураккаб вазиятда қолган. 2005 йилда Россия ҳукумати Андижон воқеалари борасида билдирган муносабатни билган ҳолда Ўзбекистон унга бошқача жавоб бера олмайди. Расмий Тошкент ўзи билса ҳам, табиийки, Кавказдаги вазиятни булғаётган куч Россия эканини билдира олмайди”.
XS
SM
MD
LG