Линклар

logo-print

Номаълум аёллар шаклидаги қора булутлар


“Озодлик” мухбири 5 август куни Самарқанднинг Сиёб бозорида номаълум шахслар томонидан калтакланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комилжон Ашуров билан боғланишга муваффақ бўлди.

К.Ашуров билан бирга мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг Самарқанд бўлими раҳбари Пардақул Тўрақулов, ҳаракат аъзоси Зоҳир Ҳасанзода ҳам калтакланганди. Уларнинг иккитаси оғир тан жароҳати олиб ва ҳозир ҳам шифохонада даволанмоқда.

Қизиғи шундаки, калтакланган ҳуқуқ фаолларининг ўзлари безориликда айбланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

К.Ашуров ўша куни бўлиб ўтган воқеалар тафсилотига тўхталди.

“Регистонга томон чиқадиган йўлга чиқиб эшикка 15-20 метр қолганда 4 та аëл чопиб келди ва “Сизни ким юборди? Сизнинг киришга нима ҳаққингиз бор?” деб бақира бошлади. Биз бу аëлларни ўша ерда биринчи марта кўрдик. Пардақул ака бу фитна, деб айтди. У кишининг ўзи бормоқчи эди. У кишини милиция ушлади ва бизнинг олдимизга қайтариб олиб келди. Бу олдиндан тайëрланган фитна эди”,- дейди К.Ашуров.

П.Тўрақулов билан З.Ҳасанзода ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиш билан бирга “Овози тожик” газетасининг Самарқанддаги мухбирлари ҳисобланади. 5 август куни К.Ашуров улар билан бирга Сиëб бозорига битта шикоят аризасида ëзилган ҳолатларни ўрганиш учун борган ва қайтиб келишда бозор ҳудудида аëллар ҳужумига дуч келган. Калтакланган ҳуқуқ фаоллари кейинчалик милиция бўлимига олиб кетилган. Лекин номаълум аëллар гуруҳи милиция бўлимига келиб яна уларни калтаклашни давом эттирган.

“Аëллар бизнинг қаерга кетганимизни қаердан билиши мумкин? Орадан 5 минут ўтмай, улар яна милиция таянч пунктига бостириб келди. Улар биринчи мартасида 6-8 киши эди. Аëллар милиция кабинетига кирди. Менинг рангим оқариб кетган эди. 15 кишилар чамаси Зоҳир акани ўртага олиб ура бошлади. 3 таси Пардақул акани бир четга тортиб олди. Зоҳир акани қўллари кўтарилган, кўйлаклари йиртилган, кўзларидан эса ëш оқяпти. Бадани кўкариб кетган. Пардақул аканинг ҳам биқинларига қаттиқ уришган. Мен туриб ëрдамга бораман деганимда орқамдан биттаси итариб юборди. Шу билан йиқилдим ва кўзимни очаман десам, кўзимнинг олди қоронғилашиб кетяпти”,- дейди К.Ашуров.

Унинг сўзларига кўра, номаълум аёллар ҳужуми натижасида жароҳатланган ҳуқуқ фаоллари воқеа давомида жабрланувчи эмас, айбдор бўлиб чиққан ва улар безориликда айбланиб, устидан жиноят иши қўзғатилган. Милиция ходимлари аёллар ҳуқуқ фаоллари уларни калтаклагани ҳақида ариза ёзиб берганини билдирган.

“Пардақул аканининг орқа томонлари кўкарган. Ҳозир у киши шифохонада ëтибди ва сийдикларида қон бор. Зоҳир ака ҳам шифохонада. 2-3 кун ëтсалар керак”,- деди К.Ашуров.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими раҳбари Дилором Исҳоқова калтакланиш воқеасини ҳуқуқ фаолларининг касбий фаолияти билан боғлайди.

“Кўнглимда хавотир бор. Чунки бундан тахминан 10 кунлар олдин Самарқандга борган эдим ва Комилжон ака ҳамда Пардақул ака билан учрашган эдим. Ўшанда Комилжон Ашуров: “Бизнинг ҳам бошимизда қора булутлар айланаëтганга ўхшайди,- деган эди. Минг афсуски, менимча, бу нарсалар бошланган кўринади”,- дейди Д.Исҳоқова.

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳуқуқ ҳимоячиларининг калтакланиши ва кейинчалик уларнинг безориликда айбланиши юзасидан бирорта маълумот бераётгани йўқ.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса ўзларини калтаклаган номаълум аёллар милиция ходимлари томонидан махсус ёлланганини иддао қилмоқда.

Шу ўринда қайд қилиш керакки, Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларининг номаълум аёллар томонидан калтакланиши одатий кўринишга эга бўлаётир.
Кейинги пайтда мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларнинг енгилтабиат ёки лўли аёлларнинг ҳужумига дуч келиши тез-тез кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG